Абдулла Қодирий – сертахаллус ва серқирра ижодкор, илк ўзбек журналисти, романнавис ва маърифатпарвар

10.04.2026 17:20

Бугун – Абдулла Қодирий таваллуд топган кун. Қодирий ҳақида «кўп ва хўб» ёзилган. Буюк адибнинг ҳаёти ва ижодида шундай жиҳатлар борки, ҳайратга тушмай илож йўқ.

Абдулла Қодирий матбуотда турли мақолаларини “Жувонбоз”, “Калвак Маҳзум”, “Тошпўлат тажанг” каби образли тахаллуслар билан эълон қилган.

Шунингдек, “Отам ҳақида” китобида Абдулла Қодирийнинг “Муштум” ва турли газета-журналларда босилган ҳажвий, танқидий мақолаларида элликдан ортиқ тахаллус қўллагани ёзилади. Уларнинг айримлари очиқ, айримлари яширин бўлган. Ҳабибулла Қодирий бу тахаллусларнинг аксариятини ўзи билган, баъзиларини хабардор кимсалардан сўраб, баъзиларини эса мақолаларнинг услуби ва мазмунига қараб аниқлаганини айтади. Жулқунбой, Жирқинбой, Ж-бой, Жу-бой, У-бой, Ж, Жулқунбой Сов-ринбой ўғли, Мулла Жулқунбой, Жулқинчитир, Думбулбой, Жулбулбой жия¬ни, Думбулбой ўғли, Думбул девона, Думбулниса, Домладумбул, Жиян, Жиянингиз Муштум, Калвак маҳзум, Калвак маҳзум жияни, Калвак маҳзум Шоший, Тошпўлат, Тошпўлат тажанг, Алимов, А.Қ, Бойқуш, Индамас сўфи, Йўловчи, Кампир, Карнайчи, Колхозчи, Газнитчи, Лакаланг маҳзум, Мавлон куфур, Муштум, Сани худо, Телба, Овсар, Чин дўст, Чирманда ботир, Чи чора, Шапак маҳзум, Шоший, Шилғай, Боғбон, Қақилдоқ хўжа, Матбуот ариси, Мошхўрдачи, Шаккок, Мулла эшонбой, Ғўсхўр, Мулла Мушфиқий каби 50 дан ортиқ тахаллуслар келтирилган.

Адибнинг невараси Хондамир Қодирий «Бобомиздан қолган асарларни ўқиш, у кишининг услубини ўрганиш, китобларини тайёрлаш натижасида шунга амин бўлдимки, Қодирий услуби ўзига хос ва бетакрор. Унинг сўз танлаши, жумла тузилишларига қараб, “Отам ҳақида” китобида келтирилган айрим тахаллуслар тахминий киритиб юборилган, деган хулосага келдик. Ҳатто Боис Қориев тадқиқотларида келтирилган тахаллуслар ҳам баҳсли, деб ҳисоблайман», деган.

Қодирий нафақат романнавис, балки замонавий ўзбек журналистикасининг илк намояндаларидан бири ҳисобланади. У илк журналистлардан бири бўлиб, турли газета ва журналларда ишлаб, ўткир публицистик мақолалар ёзган. Унинг мақолаларида ижтимоий адолат, маърифат, миллат тараққиёти каби мавзулар марказда бўлган.

“Ўткан кунлар” романи бугун классик асар сифатида эътироф этилса-да, уни яратиш жараёни жуда оғир кечган. Асар илк бор қисм-қисм ҳолда чоп этилган ва танқидларга ҳам учраган.

Қодирий бу роман орқали ўзбек адабиётида илк бор реалистик роман жанрини мустаҳкамлади. Асардаги қаҳрамонлар тирик инсонлардек тасвирлангани ўша давр учун катта янгилик эди.

Қодирийнинг фақат жиддий ёзувчи эмас, балки кучли юмор ҳиссига эга бўлган инсон бўлган. Унинг фельетон ва ҳажвий асарлари орқали ўша даврдаги мансабпарастлик, саводсизлик ва иккиюзламачилик қаттиқ танқид қилинган.

Абдулла Қодирий ўзбек адабиётида янги босқични бошлаб берган ижодкор сифатида қадрланади. У роман жанрини ривожлантириб, миллий адабиётни янги босқичга олиб чиққан. Жуда қисқа умр кўрган ижодкорнинг миллат равнақи учун бу қадар куйингани, шижоатини баъзи ижод аҳиллари 80 йил яшаб ҳам тополмаслигини ҳисобга олсак, Қодирийнинг нақадар буюк шахс бўлганини ҳис қилиш қийин эмас.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар