Бугун ўзбек шахмати тарихида яна бир муҳим саҳифа очилди – Жавоҳир Синдоров номзодлар турнирида чемпионликни қўлга киритди. Ушбу муваффақият ортида оддий тайёргарлик эмас, балки пухта режалаштирилган, сир сақланган ва жамоавий меҳнатга асосланган улкан жараён ётибди. Чемпионлик ортидаги кучли меҳнат, жамоа, ҳатто психологлар, диетологлар ҳам жалб қилиниши шахматда қанчалик чуқур стратегия ва махфийлик муҳим эканини кўрсатади.
“Бу дебютлар ҳали ҳеч қаерда ўйналмаган”
Синдоровнинг укаси Исломбек Номзодлар турнири 13-турида Жавоҳир ва Аниш Гири ўйини шарҳидаги суҳбат давомида жуда қизиқ жиҳатни очиб берди:
– Бу тайёргарликлар ҳали ҳеч қаерда ишлатилмаган. Ҳатто онлайн платформаларда ҳам – на Lichess, на Chess.com’да.
Жавоҳирнинг ўзи ҳам айтиб ўтди: «Мен бу вариантни Ҳиндистонда кўрганман», деб. Бу тайёргарликлар анча олдиндан қилинган, лекин сир сақланган, - дейди у.
Маълум бўлишича, айрим дебютлар ҳатто Жаҳон Кубоги давридаёқ тайёрланган, аммо айнан керакли пайтгача “қўл теккизилмаган”.
Кипрдаги 21 кунлик тайёргарлик
Исломбек Синдоров тайёргарлик жараёни ҳақида тўхталиб, унинг қанчалик жиддий бўлганини алоҳида таъкидлайди:
— Кипрдаги мусобақа учун тайёргарлик 1 мартдан бошланди ва 21 мартгача тўлиқ 3 ҳафта давом этди. Бу шунчаки машғулот эмас эди. Кунига 8–10 соатлаб ишланган. Энг муҳими, ҳаммаси жонли бўлган. Яъни, ҳеч қандай онлайн машғулотлар эмас.
Бу жараёнда жамоа тўлиқ таркибда иш олиб борган: шахсий тренерлар, секундантлар, психолог, жисмоний тайёргарлик мутахассислари ва спарринг-партнёрлар. Кипрда нафақат шахмат, балки муҳитга, иқлимга ҳам мослашиш амалга оширилган.
- Ҳайит байрамида Тошкентга қайтиб, оила билан қисқа вақт ўтказиб, кейин эса яна Кипрга қайтиб кетишди, -дейди у.
Нодирбек Абдусатторов – спарринг-партнёр сифатида
Суҳбат давомида Исломбек Ўзбекистон шахматининг ёрқин юлдузи Нодирбек Абдусатторов ҳақида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.
У тайёргарлик давомида Нодирбек спарринг партнёр сифатида Жавоҳир билан ўйнаб, ўйинларни таҳлил қилишда ёрдамлашганини айтиб, Абдусатторовга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтган. Шу ўринда иккита, айтиш мумкинки, юлдуз даражасидаги энг кучли шахматчиларимизнинг дўстлиги, бир-бирларини қўллаб-қувватлаши таҳсинга сазовор.
Бу ғалаба бутун ўзбек шахмати учун янги босқичдир. Бугун Жавоҳир Синдоров улкан ғалаба билан юртимизга қайтиб келди. Унинг бундай ғолибона қайтиб келишлари кўп бўлишига тилакдошмиз.
М. Ворис