Дод-вой солишдан муддао недур ёхуд обуна ҳақида бошингизни оғритиб нима қиласиз?

10.12.2020 12:25 - 351

“Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» 

баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик...”

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Президентимизнинг мана шу биргина жумласи ОАВ ва журналистларга беэътибор эмаслигини англатади. Аммо бу гапнинг талқинини бошқа бир томонларга бурмаслигимиз лозим.

Ижтимоий тармоқларни кузатиб борарканмиз, обуналар бўйича нолишларга кўзимиз тушаверади.

Тан олиб айтишимиз керакки, обуна ҳақида гапиришнинг ўзи мажбурийликни англатмайдими? Дунё тажрибасидан олиб қаралганда, аслида у ҳақида гапирилмайди, обуна бўлишга арзигулик газеталар чиқарилади, холос.

Эътибор қилсангиз, фақат газета бош муҳаррирлари аҳён-аҳёнда обуна ҳақида нолиб қолишади. Очиқчасига айтиш керакки, газеталаримиз бош муҳаррирлари раҳбарлиги шу ерга келганда якун топмаслигини истайди. Нима бўлганда ҳам, раҳбар бўлиб мақолаларни таҳрирлаб, қолипга солиб ўтириш улар учун хумор бўлиб қолган.

Обуна ҳақида гапирилганда, албатта маънавият сўзи ишлатилиб, ёшларимиз маънавияти бузилиб кетаётгани биринчи планга олиб чиқилади. Бу фикрга ҳам қўшилиб бўлмайди. Негаки, ижтимоий тармоқлардаги текин маънавиятга бир қараб қўйишни истамаган ёшларимиз уни сотиб олиб ўқирмиди?!

Дунё ҳамжамиятининг ҳурматини қозониш учун Ўзбекистонда барча жабҳалардаги мажбурийликка барҳам берилаётган бир даврда устоз қаламкашлар яна обуна ҳақида бонг уришмоқда. Аслида ўзлари шу «мажбурий» деган сўзни луғатимиздан ҳам батамом йўқотиш учун курашиши керак бўлган маънавиятимиз посбонлари эмасми?

Яна бир бор қайтариб айтиш лозимки, обуна ҳақида гапирилмайди. Обуна бўлишга арзигулик мақолалар газеталар юзини безаб турса, муштарийнинг ўзи излаб топиб ўқийди.

Чорак аср «Барча соҳаларда бўлгани каби» деган сўзлар билан газета ва журналларимизни тўлдирдик. Аммо қани ўша ривожланиб, гуркираб кетган соҳалар?

Бирор бир маълумотни газетага жойлаштирмоқчи бўлсак, мустақиллик солномасини бир бошдан келтириб ўтишимиз шарт ва «фарз» бўлган. Бош муҳаррирларнинг тилига чиқара олмаган дилидаги сирли дард ҳам шу эдики, – ўнлаб йиллар давомида тепадан таклиф этилган қолипдан оғишмай, газеталаримизни конвейердан чиқаришга мажбур бўлган эди.

Тепадаги «сирли кучлар» нима ҳақида қандай ёзиш ҳаттоки, нуқта вергулларигача қандай қўйиш бўйича топшириқ бериш баробарида мажбурий обунага ҳам ёрдам бериб келганлиги очиқ-ошкора билиниб қолмоқда. Энди эса тепадан топшириқ беришлар ва бергувчилар ортга чекиниши асносида газеталаримиз раҳнамосиз қолиб кетишди. Аслида, асл муаммо шу эмасмиди?

Вақтида бош муҳаррирликдан ажралиб қолишдан қўрқиб, цензурани 150 фоизга бажардик. Топшириқлар асосида ижод қилиб, ўқувчини газета ўқишдан шу даражада бездирдикки, одамлар партия ва ташкилот газета деса, кўнгли айнийдиган даражага келиб қолди. Энди эса, яна обуна деймиз.

Ўқувчини ўзига торта оладиган ижодингиз қолиб кетаётган бўлса, ўзингиз ва ўзгаларни қийнаманг. Инновацион технологиялар замонида интернет сайтлари ҳам кўпайиб бормоқда. Ана шу сайтлар орқали маънавиятингизни худди обуна ҳақидаги тарғиботларингиз каби тарғиб қилишингиз мумкин, Айнан қоғоз шаклида чиқаришингиз шартми?

Чорак аср давомида обунани ҳам кўрдик. Обуна қилдириш учун Қашқадарёнинг чўлларидаги мактабларни ҳам топиб борамиз. Аммо газетанинг ўзига келганда, Тошкент шаҳридан нарига етиб боришини ақлга ҳам сиғдириб бўлмайди.

Устозларга айтарим шуки, обуна ҳақида бошингизни оғритиб нима қиласиз? Аслида газета керак бўлса, муассиcнинг ўзи бош қотириши керак эмасми? Уларга керак бўлмаган газета Сизга нега керак?

Яхши газета обунага муҳтож бўлмайди, обунага муҳтож газета эса замон зайли билан маълум бўлиб қолаётганидек яхши бўлмайди.

Шу ўринда фақатгина обунага суяниб қолмасдан, замон ва макон рақобатига дош бериб келаётган хусусий нашрларни мисол келтирсак, кўп ҳолларда уларда чоп этилаётган мақола ва хабарларни саёз дея бонг уриб келдик.

Аммо кези келганда, хусусий нашрларнинг ҳар қандай вазиятларда ҳам халқ кўнглига яқин мақолалар билан чиқишлар қилганини тан олиш керак эмасми?

Иш бор жойда – камчилик бўлади. Рақобат учун ҳам ишлаш керак, изланиш керак. Халқнинг кўнглидан жой ололмасак, маънавиятига муносиб бўла олмасак, бу фақат бизгина маънавиятлимиз дегани эмас, бунда кимнингдир ишидан айб қидириш билан ўзимизни оқлашга уринмайлик. Зеро яхши сўз қаерда айтилмасин, ўз ўқувчисини топиб олаверади.
 

Абдулазиз РУСТАМ

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар