Магистратура ва докторантурага қабулда хорижий тил сертификати талабини тўлиқ бекор қилиш масаласи ҳозирча кун тартибида йўқ. Бу ҳақда 15 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, 2026 йил 10 апрелдаги президент фармонига мувофиқ, хорижий тилда таълим олган талабалар учун мазкур талаб аллақачон бекор қилинган. Яъни, агар талаба бакалавриатни чет тилида тамомлаган бўлса, у магистратура ёки докторантурага киришда қўшимча тил сертификатини тақдим этиши шарт эмас.
Шу билан бирга, бошқа йўналишларда таҳсил олган битирувчилар учун сертификат талаби сақланиб қолмоқда. Вазирнинг таъкидлашича, бу масалада айрим истисноларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
“Ҳозирда тил сертификати фақат чет тили йўналишида ўқиганлар учун бекор қилинди. Ижодий ва спорт йўналишларида ҳам бу талабни бекор қилиш бўйича таклифлар бор. Биз бу устида ишлаяпмиз ва келгуси йил ҳукуматга тегишли таклифларни киритамиз”, - деди вазир.
Қўнғиротбой Шарипов, шунингдек халқаро дастурларда ўқиган талабалардан қайтадан тил сертификати талаб қилиш мантиқсиз эканини қайд этди.
“Тасаввур қилинг, талаба тўрт йил давомида хорижий тилда ўқиб, барча имтиҳонларни топширган. Энди яна шу тилни билишини тасдиқловчи сертификат талаб қилиш — ортиқча бюрократия эди. Бу нафақат вақт, балки қўшимча харажат ҳам талаб қиларди. Энди бундай сарсонгарчиликлар бартараф этиляпти”, — деди у.
Маълумот учун, 2024 йил 24 майдаги президент фармонига асосан, магистратура ва ундан кейинги таълим босқичларига қабулда хорижий тил сертификати тақдим этиш талаби жорий қилинган эди.