Ишдаги стресслар ҳар йили 840 минг инсонни ҳаётдан олиб кетмоқда

24.04.2026 13:41

Дунё бўйлаб иш жойидаги психосоциал хавф-хатарлар тобора жиддий муаммога айланмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг янги ҳисоботига кўра, ҳар йили 840 мингдан ортиқ киши айнан ишдаги руҳий босим, узоқ иш вақти ва тазйиқлар оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Тадқиқот натижаларига кўра, иш жойидаги стресс энг аввало юрак-қон томир касалликлари ҳамда руҳий бузилишларга олиб келади. Айрим ҳолатларда эса бу ҳолатлар ўз жонига қасд қилишгача бориб етаётгани қайд этилган.


ХМТ мутахассиси Манал Аззи таъкидлашича, иш муҳитини соғломлаштириш нафақат ходимларни ҳимоя қилади, балки иш самарадорлиги ва иқтисодий ўсишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳисоботга кўра, ишдаги хавфлар туфайли ҳар йили қарийб 45 миллион йиллик соғлом ҳаёт йўқотилмоқда. Юрак-қон томир ва руҳий касалликлар жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба бериб, ялпи ички маҳсулотнинг 1,37 фоизига тенг зарар келтирмоқда. Биргина Европада ушбу омиллар сабаб 112 мингдан ортиқ инсон вафот этган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра эса, депрессия ва хавотир туфайли ҳар йили дунё бўйича 12 миллиард иш куни бой берилмоқда.

Мутахассислар ишдаги руҳий босим депрессия ва хавотир, уйқу бузилиши ва доимий чарчоқ, ишдан кўнгил қолиши каби ҳолатларни келтириб чиқаришини таъкидлашяпти.

Бундан ташқари, стресс инсонни зарарли одатларга ҳам етаклайди. Жумладан, чекиш, алкоголь истеъмоли, ортиқча овқатланиш ва кам ҳаракатли турмуш тарзи каби ҳолатлар кенг тарқалган. Бу эса ўз навбатида семириш, қон босими ошиши ва сурункали касалликларга сабаб бўлади.

Ҳисоботда ишчилар саломатлигига таъсир этувчи асосий омиллар сифатида қуйидагилар келтирилган:
– узоқ иш вақти (ишчиларнинг 35 фоизи ҳафтасига 48 соатдан ортиқ ишлайди);
– ҳафтасига 55 соатдан зиёд ишлаш инсульт хавфини 35 фоизга оширади;
– иш жойида тазйиқ ва зўравонлик (ходимларнинг 23 фоизи бундай ҳолатларга дуч келган);
– меҳнатга яраша ҳақ тўланмаслиги ва камситиш ҳолатлари.

ХМТ замонавий меҳнат бозорида рақамлаштириш, сунъий интеллект ва масофавий ишлаш тизимлари иш муҳитини тубдан ўзгартираётганини ҳисобга олиб, ташкилотларга иш юкламасини тўғри тақсимлаш, иш вақтини меъёрлаштириш ва вазифаларни аниқ белгилашни тавсия қилмоқда.

Унга кўра, профилактика чоралари самара бермаган тақдирда, ходимларга ўз вақтида руҳий ёрдам кўрсатиш, уларни камситмаслик ва соғлиғи ёмонлашган пайтда иш шароитларини вақтинча енгиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар