Мақсадли давлат сиёсати бўлмаса, сунъий интеллект Ўзбекистонда табақалашув ҳамда даромадлар тенгсизлигини кучайтириши мумкин. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумот берди.
Интернетдан фойдаланиш даражаси
2025 йилги Government AI Readiness Index (Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик даражаси) бўйича Ўзбекистон 56,11 балл билан жаҳонда 62-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистондан (56,70 балл билан 58-ўрин) кейин 2-ўринни эгаллаб турибди.
Шунга қарамай, мамлакатда инфратузилма билан қамраб олиш нотекис: аҳолининг 66 фоиз қисмигина 4G имкониятидан фойдалана олади, қолаверса, бу имконият асосан жами аҳолининг тахминан 43 фоизи истиқомат қиладиган йирик шаҳарларда жамланган. Қишлоқ жойларда интернет ва рақамли хизматлардан фойдаланиш даражаси нисбатан паст.
Кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг капитал ҳажми уларнинг ҳисоблаш ресурслари ва малакали мутахассисларга эга бўлиш имкониятини чеклайди. Ваҳоланки, улар мамлакатдаги жами корхоналарнинг тахминан 92 фоизини ташкил этади, бандликнинг қарийб 75 фоизини таъминлайди, ЯИМнинг ярмидан кўпини шакллантиради. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маҳлумотларига кўра, GenAI`дан ҳозирда дунё бўйлаб кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг 31 фоизи фойдаланади ва уларнинг 65 фоизи ишлаб чиқариш самарадорлиги ошганини қайд этган.
Гендер тафовути
Соҳадаги яна бир муаммо — гендер тафовути. IT йўналишидаги талабалар орасида аёлларнинг улуши атиги 11 фоизни ташкил этади.
Шу нуқтаи назардан, МҲТИ сунъий интеллект технологиялари мамлакатда иқтисодий ўсишни тезлаштириш билан бир қаторда, ҳудудлар, жинслар ва бизнес тоифалари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий табақаланишни кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бунинг олдини олиш учун, институтнинг таъкидлашича, манзилли давлат сиёсати зарур.
Жаҳон амалиёти
Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, СИ меҳнат ва капиталдан олинадиган даромадлар тенгсизлигини кучайтириши мумкин. Халқаро валюта жамғармасига кўра, дунё бўйича иш ўринларининг қарийб 40 фоизи СИ таъсирига дуч келяпти, ривожланган иқтисодиётларда бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни, паст даромадли мамлакатларда эса 26 фоизни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, ривожланаётган давлатлар учун асосий муаммо иш жараёнларининг автоматлаштирилиши эмас, балки СИдан фойдаланиш кўникмаларининг турли даражада экани. Зарур кўникмалар ва инфратузилмага эга бўлганлар даромадини тезроқ оширади, бошқалар малака ва даромадлар даражаси нуқтаи назаридан тобора ортда қолмоқда.
Жаҳон иқтисодий форумига кўра, иш берувчиларнинг 86 фоизи 2030 йилгача СИ бизнес жараёнларини тубдан ўзгартириб юборади, деган фикрда. Натижада, ҳар 100 ходимдан 59 тасини қайта тайёрлашга тўғри келади, 11 нафари эса бундай имкониятдан четда қолиши хавфи мавжуд.
Шундан келиб чиқиб, СИнинг эҳтимолий хатарларини юмшатишда асосий эътибор «оммавий ишсизликдан ҳимояланиш»га эмас, балки СИни бизнесда, айниқса, кичик ва ўрта бизнес корхоналарида оммавий жорий этиш ва барча учун тенг стандарт ечимларни ишлаб чиқишга қаратилиши керак, деб ҳисоблайди МҲТИ.
Ўзбекистон учун хавф
«Ўзбекистон учун СИнинг асосий хавфи иш ўринларининг оммавий қисқариши эмас, турли касблар меҳнат унумдорлигидаги фарқларнинг тезлашиши туфайли даромадлар ва имкониятлар ўртасидаги тафовутнинг кенгайишидадир.Ижтимоий табақаланиш ўз вақтида қайта тайёрлаш имкониятига эга бўлиш билан юмшатилиши мумкин. Мақсадли давлат сиёсат амал қилмаса, СИ
“кўникмалари оширилаётган” ва “сиқиб чиқариладиган” ишчилар ўртасидаги тафовутни янада кучайтиради. Шу боис давлат сиёсати СИни шунчаки ривожлантиришга эмас, балки уни барча ижтимоий қатламлар учун очиқ ва инклюзив тарзда жорий этишга йўналтирилиши керак», — дея қайд этади институт мутахассислари.
Нима таклиф қилинмоқда?
СИ-ассистентлар
Ҳар бир маҳалла ўз фуқароларига давлат хизматлари юзасидан маслаҳат бера оладиган СИ ёрдамчисига эга бўлиши керак. Бунда мавжуд давлат хизматларини ягона СИ платформасига интеграция қилиш ва интерфейсни аҳолининг рақамли саводхонлик даражасига мослаштириш талаб этилади.
МҲТИ бу борада Хитой ва Жанубий Корея тажрибасини мисол қилиб келтиради. Ушбу давлатларда давлат ва маҳаллий хизматларни кўрсатишда СИ ёрдамчилари фаол жорий этилиши маъмурий аппарат юкламасини сезиларли даражада камайтирмоқда.
СИ синов майдончаси дастури
Ҳудудий СИлар учун «синов майдонлари»ни (AI Sandbox Zones) жорий этиш. Бу ҳудудлар даражасида инновацион ечимларни тезкор синовдан ўтказиш ва жорий этиш учун махсус майдон вазифасини бажаради. Бунда ҳукумат синов учун ҳудудларни танлайди, улар учун алоҳида тартиб ишлаб чиқади ва шу ҳудудларни бошқариш учун махсус орган ташкил этади.
Бундай синов майдончаси Буюк Британияда ишга туширилганида, 700 дан ортиқ компанияга инновацион ечимларни синовдан ўтказиш имконини берган.
Аёллар ва ёшлар учун СИ бўйича амалиёт дастурлари
Иш берувчиларга ходимларни ишга қабул қилиш ва уларни амалий рақамли кўникмалар бўйича ўқитиш учун субсидия ажратиш. Бунда дастур, МҲТИ таклифига кўра, иш берувчиларни аккредитация қилиш, ўқитишнинг мажбурий минимал муддатини (камида 6 ой), шунингдек, иш ҳақини давлат ва иш берувчи томонидан биргаликда молиялаштириш чораларини ўз ичига олади.
Сингапур тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳақ тўланадиган қайта тайёрлаш дастурлари ва бунда иш берувчилар иштирокининг таъминланиши меҳнат бозорига ўтиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Суғурталаш дастури
СИ жорий этилиши иши ёки даромадига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ходимлар учун ўтиш даврини суғурталаш механизмларини жорий этиш. Дастур йирик иш берувчилар томонидан иш ҳақи жамғармасининг 1−2 фоизи миқдоридаги йиғим орқали молиялаштирилади; СИ таъсирига учраган ходимларнинг камида 70 фоизини қайта ўқитган компанияларга имтиёзлар берилади.
Шунга ўхшаш дастур Сингапурда жорий этилган бўлиб, қайта ўқиш даврида даромаднинг 70−90 фоизигача компенсация қилинишини назарда тутади, бу эса ходимларни қайта тайёрлашдаги иштирокини сезиларли даражада оширади.