Толибон ва унинг атрофидаги бошқалар

21.07.2021 14:55

Фақат вақт ўтиши билан очиладиган сирларга тахминий шарҳлар

Охирги ойларда дунё янгилик ва хабарларининг энг асосий мавзуси яна Афғонистон ва Толибон масаласи бўлиб қолди. Гарчи, Толибон Афғонистоннинг доимий, ўз навбатида вақти вақти билан кўтарилиб пасайиб турадиган масаласи бўлса ҳам аммо бу сафар вазият тубдан бошқача.

Америка Конгрессида бир неча йиллардан бери тортишувларга сабаб бўлаётган мавзуга Дональд Трамп бошқаруви ҳал қилувчи қарорни берган эди. Янги келган Жо Байден ҳукумати ҳам Афғонистондан Америка аскарларини олиб чиқиб кетиш қарорига зудлик билан киришди. Бу билан Америка ҳокимият алмашинувидан енгил нафас олган ҳукуматларни ҳам шошириб қўйди. Унинг учун энг муҳими, иқтисодий самарасизлик. Яъни Афғонистон учун икки триллион доллар сарфланиши Америка ғазнасига зарар бўлгани бирламчи унсур. Бу жараён эса Афғонистондаги вазиятга қизиқувчи барча учун энди нима бўлади деган саволни ўртага қўйди ва баҳс-мунозаралар авжига чиқди.

АҚШ, Афғонистон ва Толибон

Америка учун Афғонистондан чиқиб кетишнинг энг катта сабаби молиявий ва узоқ йиллик фаолиятининг самарасизлигидир. Бундан ташқари, Афғонистонда толибонга бўлган симпатия ҳам йилдан йилга кучайди. Лекин бу Америка ҳукумати Афғонистондан ўз манфаатларидан ҳам бутунлай воз кечиб чиқиб кетаяпти дегани эмас. Бу ерда иккита тахминга боришимиз мумкин. АҚШ Афғонистонда ўз манфаатларини батамом қондирди, ёки толибон билан узоқ йиллик манфаатлар учун келиша олди. “Тахмин қилаяпмиз” дейишимизга сабаб, бу жараёнда қатнашаётган деярли барча давлатлар Афғонистондан нега ва қандай манфаатдор эканлигини очиқламаётганидир. Албатта, буни давлат ва ҳукуматлар сири шаклида тушуниш мумкин, лекин барчаси учун умумий манфаатдорлик бу Афғонистонда “тинчлик ўрнатилиши” соябони остида бўлиб ўтмоқда. Сиёсатда эса манфаатсиз ҳеч қачон ва ҳеч қандай иш битмайди.

Шунингдек, Америка ҳарбийлари бу ердан чиқиб кетар экан Ўрта Осиё ва бошқа манфаатлар асосида даъво қилаётган мамлакатлар билан ҳам муносабатлар олиб бормоқда. Бу борада Америка устунликка эгалик қилса-да, белгиланган шартлар асосида келишувларга эришишни расмий шаклда амалга оширишни маъқул кўраяпти. Бунга мисол тарзида, Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияси бир вақтда (02.07.2021) Вашингтонда учрашув ўтказди ва учала томон ҳам баёнотлар берди. Америка Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очмаслик келишуви деярли узил-кесил ҳал бўлди. Бу борада сиёсий манфаатлар мувозанати тўғри келмади, янаям тўғрироғи, бу келишувга эришиш учун Россия ва Хитой қарашлари ҳам муҳим рол ўйнайди. Аммо умумий вазиятда, Ўзбекистон томонининг бу қарори айни вазият учун энг тўғриси дея қабул қилиниши хатó эмас. Толибонлар билан бўлган келишувларда бу ҳам ўз ўрнида олдинданоқ ҳал қилинган кўринади.

АҚШ, Қозоғистон, Россия ва Толибон

Қозоғистонда эса Американинг ҳарбий базаси очилиши ҳали ҳам кун тартибида бўлса-да, Кремль матбуот котиби Д.Песковнинг “Қозоғистон билан чегара ва ер масаласи бўйича ҳеч қандай муаммомиз йўқ” дейиши вазиятга жиддий ойдинлик киритди. Аммо Қозоғистон томони ҳал қилувчи қарорни ҳали айтгани йўқ. Россия ҳукуматининг сурункали агрессив ҳаракатларини ҳисобга олсак, Қозоғиcтон бу масалада манфаатдор томонлиги аниқ. Буни эса вақт кўрсатади.

АҚШ, Толибон ва интеллектуал иммиграция

Америка ҳукуматининг энг асосий муаммоларидан бири, олиб кирилган ҳарбий техникаларни Афғонистон ҳукуматига ташлаб кетмоқда ва бу ҳарбий техникалар билан ишлашни Афғон ҳукумати аскарларига ўргатмоқда. Бундан ташқари шу пайтгача, америкача таълим кўрган ҳамда Америка-Афғонистон муносабатларида фаол бўлган 50.000 га яқин аҳолини Америкага кўчириб кетиш тадбирини ҳам олиб бораяпти. Бу эса ўз навбатида, Афғонистондан интеллектуал кучнинг ҳам чиқиб кетишига сабаб бўлиши билан бир қаторда, интеллектуалларнинг ўрнини тўлдириш муаммосини ҳам туғилади.

Афғонистон, Россия ва Толибон

Бу учлик энг манфаатдор тараф албатта Россия ва Толибон. Россия Толибонни ўз манфаатлари йўлида қўллай олиш тажрибасига эга. Шунингдек, Толибонга асосан қурол-аслаҳа етиштириб берувчи донор давлат ҳамдир. Кейинги бир неча йиллар давомида Россия ва Толибон ҳаракати учрашувлари анча тиғиз кечди ва кўплаб масалалар ушбу учрашувларда кўриб чиқилган кўринади. Лекин аниқ қайси масалалар тилга олинган ва келишилган бу уста таҳлилчиларга ҳам ҳали қоронғу ёки сабр билан натижаларни кутиб туришибди. Бу учрашувларда Ўзбекистон, Туркия ва Тожикистон манфаатлари ҳам ўртага қўйилган ва иш тақсимоти белгилаб берилган кўринади. Чунки, бу учала давлатнинг ҳаракат тарзидан шундай гумонга бориш мумкин.

Американинг бу ердан чиқиб кетишининг яна бир сабаби, Россиянинг аралашуви деб ҳам тахмин қилиш эҳтимоли ҳам бор. Балки, бу аралашув АҚШ ҳукумати учун айни муддао бўлди ва вазиятдан усталик билан фойдаланди. Нима бўлганда ҳам Россия бу борада бош ролга эгалик қилишда даъвогар, лекин буни уддалай оладими йўқми вақт кўрсатади. Тахминимча, Россиянинг Афғонистон ҳудудига яна аскар олиб кириши Путин ҳукуматининг умрини шиддат билан қисқаришига сабаб бўлади холос. Бу бир томондан Ўрта Осиё мамлакатларига ҳам таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Туркия, Покистон, Хитой ва Толибон

Бу тўртликнинг сиёсий (аслида моддий) манфаатдорлиги, тўғридан-тўғри Хитой ҳукуматига бориб тақалади. Энг катта оғирлик Туркия ҳукуматига тушаётган бўлса-да, бу ердаги энг асосий савол шу: Туркия нега Афғонистонда ҳарбий базага эга, манфаати нимада? Бу саволга жавоб топиш учун яна бир саволга аниқлик киритиш керак. Туркия Сурияда нега бор эди? Бу саволга шундай очиқлик киритиш мумкин. Туркия ўз минтақасида энг асосий давлат эканлигини исботлади ва эндиги мақсад глобал кучга эга бўлиш истагидир. Минтақадаги мавжуд вазият ва барча шартлар истисносиз Туркия фойдасига ишламоқда. Покистон, Туркиянинг ҳар томонлама ҳамкори ҳисобланади. Ҳатто, Покистон генералларининг деярли барчаси туркчани мукаммал билади. Сўнги пайтларда, Туркия-Хитой муносабатлари ҳам жиддий ўзгарган, сиёсий-иқтисодий ҳамкорликлар икки томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Қисқа қилиб айтганда, Хитой, Покистон ва Туркия муносабатлари чамбарчас боғлиқлиги Афғонистонда катта рол ўйнаяпти. Бундан ташқари, Афғон ҳукумати, аҳолиси ва армиясида Туркияга нисбатан симпатия кучли ва низоли сабабларга сабаб бўладиган муаммолари йўқ. Хитой эса Афғонистонда шу пайтгача неча марта ҳукумат алмашган бўлса ҳам ҳеч қандай англашилмовчиликка бормаган ягона давлат мақомида ва бундан кейин ҳам шундай йўл тутиши аниқ. Покистон эса Толибонга оталик мақомидаги давлат ҳисобланади. Россия билан эса бу давлатларни умумий манфаатлар боғлаб туради.

Толибон, Ўзбекистон ва Ўрта Осиё

Толибон ва Ўрта Осиё мамлакатлари умумий вазиятда қандай ўринда ва қандай манфаатлар билан боғланади?

Шубҳасиз, бу борада яъни, Толибон ҳақида энг таъсирли баёнотни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири А.Комилов берди. Вазир ўз баёнотида Толибонни террор ёки жангари ташкилот деб ҳисобламаслигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, Ўзбекистон учун Толибон катта хавф эмаслигини ҳам алоҳида таъкидлади. Ташқи ишлар вазиримиз бу қарорга қачон келган ва нега келган бу алоҳида савол мавзусидир.

Бу ерда диққатни тортадиган яна бир нуқта бор. Агар Ўзбекистон ҳукумати Толибонни жангари гуруҳ деб қабул қилмаса (дейлик шундай қарорга келинган бўлса), Афғонистон шимолидаги этник ўзбек ва тожиклар нега Толибон билан қақшатгич уруш олиб бораяпти? Нега А.Дўстим ҳам бор кучи билан курашаяпти? Мантиқан, асосий тенденция Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик экан бу вазиятда, Афғонистоннинг бўлиниб кетмаслигига ким кафолат беради?

Хитой, Россия ва Толибон

Американинг Афғонистондан чиқиб кетиши аниқ бўлгач, бу ердаги вазиятнинг барча “оғирлиги” Хитой ва Россия ўртасида тақсимланадигандек вазият юзага чиқаяпти. Лекин масаланинг бир нечта чигал томонлари бор. Биринчидан, Россия Афғонистонда ўз ҳарбий базасини оча оладими? Агар бундай вазият амалга ошса, бу Путин Россияси учун қанчалик фойда ёки зарар? Бунга Россиянинг молиявий қудрати етадими? Иккинчидан, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Хитой Афғонистонда ҳеч қайси ҳукумат билан зиддиятга бормасдан яшаб келаётган ягона давлат. Хитойнинг Афғонистонда ҳарбий база оча олмаслиги кундек pавшан, лекин Хитойнинг минтақада иқтисодий гегемонлигини ҳисобга олсак, бу ердаги манфaатдор мамлакатлар Хитой атрофида бирлашадими? Афғонистон ва Толибон борасида номи кўп зикр этилаётган давлатларнинг деярли барчаси Хитой билан тўлақонли муносабатдаги давлатлар эканлигини ҳисобга олсак, Афғонистонда Хитой негизли база шаклланадигандай туюлаяпти. Лекин бу қўйилган саволларга фақатгина бир неча йиллардан кейин аниқроқ жавоб топиш мумкин. Ҳозирча, бу саволлар очиқ қолаяпти.

Афғонистон ва Ўзбекистон

Шу пайтгача бўлган кузатувлардан биламизки, Ўзбекистоннинг Афғонистонга бўлган салбий ёки ижобий муносабати катта давлатлар, аниқроғи, Россия ва АҚШ соясида шаклланган ва шундай давом этиб келмоқда. Ўзбекистон раҳбарияти сиёсатида ҳеч қачон минтақада марказий кучга эга бўлиш ҳаракати кузатилмаган, ҳатто бунинг “сиёсий эмбриони” ҳам шаклланмаган дейиш мумкин. Бу эса ҳали глобал таъсирга эга бўлиш мақомини хаёлга ҳал келтира олмаслигидан дарак. Сиёсий атмосферада мустақил роль ўйнай олиш учун ҳар бир давлат аввало ўз минтақасида сўз эгаси бўла олиши жуда катта ўрин тутади. Ўзбекистон қўшни давлатлар орасида таббиий равишда асосий давлат мақомига эга бўлса-да, буни амалда исботлаши жуда ҳам кечикаётгани тушуниш қийин бўлган ҳодиса.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Афғонистон ва Толибон борасида олдиндан белгиланган қандайдир инструкция ишлаяпти. Бу инстуркция бизга ташқи томондан бузуқ кўринаётган бўлса-да, ички механизмларида тартибли мурватлар жойлаштирилганга ўхшайди. Бу механизмдаги ўқ эса минтақада иштирок этаётган ҳар бир давлатнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатидир. Лекин бу манфаатлар қанчалик тақсимланган бу биз очиқлаш қийин бўлган масала. Аммо бу манфаатларни қўлга киритиш учун Америка ҳукумати билан учрашувлардан кейин билиб қолаётганимиздек, қандайдир бадаллар тўлаш кераклиги ҳам ўртага чиқиб қолаяпти. Тожикистон ўз устига тушган вазифани олдинроқ эълон қилиб бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳали ҳам қандай келишув бўлганлигини сир сақлаб келмоқда. Баъзи бир маълумотларга кўра, Ўзбекистон делегацияси 9000 дан ортиқ Афғон қочоқларини қабул қилиш учун мажбурият олганлиги айтилади.

Фазлиддин Мадиев,

Туркия Карабук Университети,

Халқаро Сиёсий Иқтисод факультети магистри

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.07.2021 18:33
imlo xatolari odamni ixlosini qaytaradi, "tabbiiy"