Rost24.uz ахборот-таҳлилий сайти Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат фуқаролик хизматига қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида қуйидаги саволга жавоб сўради.
Ўзбекистон ҳукуматидаги амалдорларнинг неча фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан тайинланган ёки тавсия қилинган? Aйнан, ташкил қилинган портал орқали неча фоиз давлат раҳбари ишга жойлашди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов бу саволга қуйидагича жавоб берди:
“Ҳужжат топширганларни саралаш очиқ танлов орқали бўлиб ўтди, 840 та ҳужжатдан 50 нафари танлаб олинди. Мана шу 50 нафарнинг 60 фоизи яъни 32 таси айнан раҳбарлик лавозимига тайинланди. Мисол учун Шаҳрисабзда туман ҳокими ўринбосари, ёки Aнгрен шаҳар ҳокими ўринбосарлигига, Инновация вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимига танлов ўтказилди. Шунингдек, барча вазирлик, идораларда департамент бошлиқлари ҳам раҳбарлик лавозими ҳисобланади.
Вакант эълон қилинади ва ўша ерга раҳбарлар сараланиб олинади. Масалан, Меҳнат вазирлигида битта вакант ўринга бошқарма бошлиғи ўрнига 79 та одам ҳужжат топширди ва ичидан энг муносиби танлаб олинди. Бу саволингизга жавоб, қаерда раҳбарлик лавозимидаги вакант жой бўлса, ўша ерга танлов эълон қиламиз. Умумий сонни айтадиган бўлсак, 200 дан ортиқ раҳбарлик лавозимларига очиқ танлов орқали ўтказилди ва тайинланди.
Яна бир жиҳати, танлов орқали тавсия қилинган давлат хизматчисини агентликни рухсатисиз ишдан бўшатиш мумкин эмас. Чунки биз ўрганиб қолганмиз, ишдан олиб, ишга қўйишга. Энди асослаб бўшатиш керак. Aгентлик аралашади энди” – дея таъкидлаб ўтди Отабек Ҳасанов.
Қуйи бўғиндаги давлат хизматчиларини тайинлаш билан ўралашиб юрган ушбу агентлик, юқори орган раҳбарларини тайинлашга ҳам балки бир кун етиб келар, лекин унгача битта амалдор бир нечта лавозимларни эгаллаб, ишлаб юравериши кўриниб турган ҳақиқат…