Кешбэк нега кечикяпти? Солиқ қўмитаси сабабларни очиқлади

13.06.2026 10:29

Сўнгги ойларда “Солиқ” мобил иловасида ҳисобланган кешбэк маблағлари ўз вақтида тушмаётганидан норозиликлар кўпайди. Солиқ қўмитаси бундай ҳолатларнинг асосий сабабларини маълум қилди.

Қўмита вакиллари блогерлик фаолиятида солиқ маъмуриятчилигига бағишланган онлайн мулоқот чоғида кешбэк тўловлари нега кечикаётгани ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Расмий маълумотга кўра, кешбэк маблағлари кечикишининг энг кенг тарқалган сабабларидан бири, харид амалга оширилган корхона томонидан солиқ ҳисоботларининг ўз вақтида тақдим этилмаслиги ҳисобланади.

Яъни, истеъмолчи маҳсулотни сотиб олган ва чекни расмийлаштирган бўлса ҳам, тадбиркорнинг ҳисоботлари билан боғлиқ муаммолар туфайли кешбэк маблағи ўз вақтида тушмаслиги мумкин.

Шунингдек, корхонанинг солиқ қарздорлиги мавжуд бўлса ҳам кешбэкларни ўтказиш муддати кечикиши эҳтимоли борлиги айтилди.

Фуқаро бошқаларнинг хатоси учун кутиши тўғрими? Қўмита изоҳида техник ва маъмурий сабаблар келтирилган бўлса-да, бу ҳолатда кешбэк дастури истеъмолчини чек олишга ва иқтисодиётни легаллаштиришга рағбатлантириш учун жорий этилган. Фуқаро эса, ўз мажбуриятини бажариб, чекни рўйхатдан ўтказган бўлади.

Шундай экан, корхона ҳисобот топширмагани ёки солиқ қарзи борлиги учун харидор ўз маблағини кутиб қолиши қанчалик адолатли? 

Солиқ қўмитаси мутахассислари кешбэк маблағи ҳисобланмаган ёки кечикаётган ҳолатларда фуқароларга 1198 қисқа рақами орқали мурожаат қилишни тавсия қилди.

Маълум қилинишича, мурожаатдан кейин масъул ходимлар чек ҳолатини ўрганиб, маблағ кечикишининг аниқ сабабларини текшириши мумкин.

Мавзу айни пайтда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки аввалроқ Солиқ қўмитаси апрель ойи учун тўланиши керак бўлган 102,5 миллиард сўмлик ижтимоий кешбэк тўловлари вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.

Шунингдек, “Солиқ” мобил иловасида кўплаб фойдаланувчиларга оммавий тарзда “шубҳали фойдаланувчи” мақоми берилгани ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Кешбэк тизими фуқароларни яширин иқтисодиётга қарши курашга жалб қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Бироқ, тўловларнинг кечикиши, оммавий текширувлар ва маблағларнинг вақтинча тўхтатилиши каби ҳолатлар аҳолида тизимга нисбатан ишончни сусайтиради. 

Шу боис, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва маблағларига дахлдор бўлган бундай ҳолатларда фақат сабабларни тушунтириш эмас, балки аниқ муддатлар ва кафолатли механизмларни ҳам жамоатчиликка очиқ тақдим этиш муҳим аҳамиятга эга.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар