Иш ташлаш билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартишлар киритилибди. Янги тартибга кўра, айрим ҳолатларда иш ташлашда иштирок этган ёки ноқонуний деб топилган иш ташлашларга раҳбарлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик қўлланилади.
Бироқ, эълон қилинган маълумотларда асосий эътибор тақиқлар ва жазоларга қаратилган бўлиб, ишчиларнинг иш ташлаш ҳуқуқи қай тартибда амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ, меҳнат қонунчилигига кўра иш ташлаш тақиқланган ҳолларда иш ташлашда иштирок этганлик учун БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача жарима;
ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилганлик учун БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима белгиланди.
Шунингдек, агар бундай ҳаракатлар учун аввал маъмурий жазо қўлланган бўлса, кейинчалик жиноий жавобгарлик ҳам юзага келиши мумкин.
Бу ҳолатда БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима;
360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар назарда тутилган.
Ўзбекистонда иш ташлаш умуман мумкинми?
Аслида Ўзбекистон қонунчилигида иш ташлаш ҳуқуқи тўлиқ тақиқланмаган.
Меҳнат кодексига мувофиқ, иш ташлаш — жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг охирги чораларидан бири ҳисобланади. Яъни, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги келишмовчилик музокаралар, воситачилик ёки бошқа келишув механизмлари орқали ҳал этилмаган тақдирдагина иш ташлаш масаласи кўтарилиши мумкин.
Бироқ, бундай қарорни қабул қилиш учун муайян тартиб-таомилларга риоя қилиниши талаб этилади. Қонун айрим соҳаларда, хусусан аҳоли ҳаёти ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган хизматларда иш ташлашни чеклаши ёки тақиқлаши мумкин.
Қонуний иш ташлаш тартиби қанчалик ишлайди?
Янги ўзгартишлар ҳақидаги хабарларда асосан жарималар ва жазолар санаб ўтилган. Аммо, қонуний иш ташлаш қандай ташкил этилиши, ходимлар ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиши мумкинлиги, иш берувчи билан низоларни ҳал қилиш механизмлари ҳақида изоҳ берилмаган.
Бу эса меҳнат ҳуқуқлари соҳасида бир қатор саволларни очиқ қолдиради. Чунки халқаро меҳнат амалиётида иш ташлаш ҳуқуқи ишчиларнинг асосий ижтимоий ҳуқуқларидан бири сифатида қаралади. Шу боис, фақат жазоларни кучайтириш эмас, балки қонуний иш ташлашнинг аниқ ва ишлайдиган механизмларини таъминлаш ҳам муҳим ҳисобланади.
Янги нормалар қабул қилиниши билан бирга, қайси ҳолатларда иш ташлаш қонуний ҳисобланиши, ходимлар ўз талабларини қандай тартибда билдириши мумкинлиги, иш ташлашдан аввал қандай келишув механизмлари ишлаши кераклиги, ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қандай кафолатлар мавжудлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Сўнгги ўзгаришлар ушбу саволларга аниқ жавоб беришдан кўра, биринчи навбатда жавобгарлик чораларини кучайтиришга урғу бергани меҳнат муносабатлари соҳасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўртасидаги мувозанатга таъсир қилмайдими?