COVID касаллигига чалинган болалар сони кескин кўпаймоқда, ҳатто улар орасида ўлим ҳолати ҳам қайд этилган.
Маълумотларга кўра 4 минг ўринга мўлжалланган Зангиота махсус шифохонасида шу вақтгача 37 мингга яқин беморлар даволаниб соғайган.
Айни кунларда ҳам шифохона 35 фоиз қувватда фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилнинг декабрь ойида бу ерда 50 ўринли болалар бўлими ҳам ташкил этилган эди. Ҳозирда у 100 ўринга кенгайтирилган. Охирги вақтда болалар орасида коронавирусга чалинганлар кўпайиши кузатилмоқда.
Мазкур ихтисослашган шифохонада 2020 йилнинг декабрь ойида 38 нафар, 2021 йилнинг январь ойида 82 нафар, февраль ойида 94 нафар ва марть ойида эса 165 нафар, жами 465 нафар бола даволанган.
Болалар бўлими директор ўринбосари Ҳилола АЛИМОВА:
“Бу дегани, болалар орасида COVID касаллиги кўпайди деб айтса бўлади. Бундан ташқари болаларда пневмания ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Айни кунда бўлимимизда 27 нафар боланинг 13 нафардан пневманияга даволанмоқда”.
Шифокорларнинг айтишича, коронавирусга чалинган болаларда касалликнинг қуйидаги кўринишлари кўп учрамоқда:
— Бўлимимиз очилганида бошидаги клиник симптомларидан қуруқ йўтал ва тана ҳароратининг кўтарилиши бўлган, – деди педиатр Ҳилола МАРДОНОВА. – Охирги бир ой ичида эса болалар ич кетиши билан келишмоқда. Яъни болаларда ҳолсизлик ва тана ҳароратининг кўтарилиш кузатилмоқда.
Айни кунларда даволанувчиларнинг асосий қисми 5 ёшгача бўлган болалардир. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ҳам бор. Ушбу касалликка учраган болалар айни пайтда қандай даволанмоқда?
Болалар бўлими директор ўринбосари Ҳилола АЛИМОВА:
“Болалар олдинги услубда яъни анча енгил муолажада даволанишмоқда, бактерия бўлса, антибиотиклар қўшилади.”
Болалар бўлимининг жонлантириш бўлимида беморлар йўқ. Касалликка чалинганлар соғаймоқда. Шу вақтгача Зангиота махсус шифохонасида бир нафар ўлим ҳолати бўлган.
Маълумотларга кўра, Зангиота 1-шифохонасида 860 нафар 2-шифохонада 632 бемор даволанмоқда, аммо шифокорларнинг айтишича, пневманияни ўтказиб юборган ҳолда келаётганлар кўп учрайди.
Рухсора Ғофурова,
Сирожиддин Ҳошимжонов (видео)