Ўзбекистонда валюта операциялари тартиби янгиланди

30.04.2026 11:19

Валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Марказий банк бошқарувининг 30 мартдаги қарори билан тасдиқланган янги тартиб валюта операцияларини соддалаштириш, капитал бозори иштирокчилари учун шароитларни яхшилаш ва бозор шаффофлигини оширишга қаратилган.

Янги қоидаларга кўра, жисмоний шахслар учун валюта операцияларини амалга ошириш янада осонлаштирилди. Энди фуқаролигидан қатъи назар, барча жисмоний шахслар Ўзбекистондаги банк ҳисобварақлари орқали бир-бирига шахсий мақсадларда, яъни носавдо пул ўтказмаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, хорижликлар учун ҳам қўшимча енгилликлар жорий этилди. Улар эндиликда мамлакат ҳудудида устав фондига маблағ киритиш, хайрия қилиш ва мерос билан боғлиқ валюта операцияларини амалга ошириши мумкин.

Қарор тадбиркорлик субъектлари учун ҳам бир қатор қулайликларни назарда тутади. Хусусан, юридик шахслар чет эл валютасида чиқарилган қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун валюта сотиб олишда ортиқча ҳужжатлар тақдим этишдан озод этилди. Энди бундай ҳолатларда фақат қимматли қоғоз чиқарилганини тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи етарли бўлади.
Хорижий инвесторлар учун ҳам имкониятлар кенгайтирилди. Улар фонд бозорида қимматли қоғозларни сотишдан тушган маблағларини, дивиденд ва бошқа даромадларини эркин равишда чет элга олиб чиқиши мумкин бўлади.

Янги тартиб валюта операцияларининг шаффофлигини оширишга ҳам қаратилган. Энди барча валюта айирбошлаш операциялари, жумладан онлайн битимлар ягона ахборот тизимида ҳисобга олинади. Бу эса бозордаги жараёнларни кузатиш ва таҳлил қилишни осонлаштиради.
Шу билан бирга, юридик шахслар томонидан валюта сотиб олишда учрайдиган техник ва имловий хатоларни тузатиш имконияти жорий этилди. Бу тадбиркорлар учун вақт тежаш ва ортиқча кечикишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қарор билан банк кассаларидан нақд хорижий валютани бериш тартиби ҳам аниқ белгилаб берилди. Жисмоний шахслар ўз ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида нақд валютани чекловсиз олишлари мумкин.
Юридик шахслар учун эса нақд валюта фақат белгиланган мақсадларда, хизмат сафари, устав капиталига киритилган маблағларни қайтариш ва бошқа қонуний ҳолатлар учун берилади.

Маълум қилинишича, 2026 йил март ойи охирида Account-to-Account (A-A) пул ўтказмаларининг янги формати ишга туширилган. Бу хизмат орқали жисмоний шахслар маблағларни бир банк ҳисобидан бошқасига тўғридан-тўғри ўтказиши мумкин.
Ҳозирда мазкур сервис барча банкларда техник жиҳатдан жорий этилган бўлиб, мавжуд P2P ўтказмалар билан бир қаторда қўшимча имконият сифатида хизмат қилмоқда. Комиссия тўловлари эса банкларнинг тариф сиёсатига кўра мустақил равишда белгиланади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар