Самарқандда кузатув камералари карьерлардан кўра кўпроқ ишлаб чиқарувчиларни назорат қилмоқда. Нега?

15.02.2021 04:12

Журналист суриштируви

Тадбиркорнинг ишлаб чиқариш корхонаси дарвозаси яқинида видео кузатув камераларини ўрнатиш қонун талабларига қанчалик  тўғри келади? Кузатув камерасини ўрнатаётганлар буни рақамли иқтисодиётни жорий этиш зарурияти билан изоҳлашмоқда. Аммо бу борада ҳукумат талаби қандай?

Бир гуруҳ самарқандлик тадбиркорлар уларнинг корхонаси яқинида видео кузатув камералари ўрнатилганлиги ва буни қайси ташкилот ва қандай асосда амалга ошираётганлигига аниқлик киритишни сўраб каминага мурожаат қилди. Ушбу масалани ўрганишга киришар эканман, у қатор идоралар билан боғлиқлиги ва журналист суриштирувигача олиб келишини ўйламаган эдим.

Кузатув камераларини ким ва нима учун ўрнатган?

Тадбиркорлардан видео кузатув камераларини ўрнатган идора қаердалигини билиб, ўша томон равона бўлдим. Самарқанд шаҳридан чиқаверишда Қорадарё қирғоғида жойлашган, пешонасида “Monterra” деб ёзиб қўйилган бир хонадан иборат бинога кирганимда, у ерда ўзини диспетчер Ҳамид Ибрагимов деб таништирган ходим ўтирган эди. У мақсадим нима эканлигини эшитгач, гапни кўпайтирмасдан, видео лавҳа кўришни тавсия этди. Лавҳани кўриб, қуйидагиларни билиб олдим.

Хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Президенти топшириғи доирасида қурилиш соҳасининг муҳим бўғинларидан бўлган карьерларга видео кузатув камераларини ўрнатишга қаратилган “Mining monterra” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа вилоят ҳокимлигига IT- технологиялар асосида ер қаъридан фойдаланишни назоратга олишга ёрдам беради. Натижада карьерлардан фойдаланиш учун ундириладиган солиқнинг ўз вақтида ва тўлалигича маҳаллий бюджетга тушиши таъминланади. Ҳозирча учта карьерга тўртта камера ўрнатилган. Вилоятда ҳаммаси бўлиб 50дан ортиқ карьер мавжуд. Уларда камералар ўрнатиб бўлгандан кейин, бошқа вилоятларда ҳам бу иш амалга оширилади.

Демак, кузатув камераларини ўрнатишдан мақсад ер қаъридан ковлаб олинадиган материаллар ҳажмини белгилаш экан.

Президентимиз раислигида 2020 йил 22 сентябрь куни тармоқ ва ҳудудларда рақамли иқтисодиёт ҳамда электрон ҳукуматни жорий қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганлиги ҳақида эълон қилинган ҳисоботда шундай дейилган: “Тойлоқ ва Оқдарё туманларидаги шағал кавлаб олиш карьерида машиналарнинг юк ҳажмини назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани натижасида ойлик тушум 3 миллиард сўмдан 8 миллиард сўмга ошган”. Эътибор қаратинг: бу ерда шағал кавлаб олиш карьеридаги назорат тизими ҳақида гап кетмоқда.

Ушбу ҳисоботнинг давомида давлат солиқ қўмитасига норуда карьерлардан фойдаланишда “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш, бунинг учун ер қаъри кавланиши, юк ҳажми ва машиналар ҳаракатини назорат қилувчи электрон тизимларни ишга тушириш вазифаси юклатилганлиги уқтирилган. Қаранг, бу ерда ҳам “ер қаъри кавланиши, юк ҳажми ва машиналар ҳаракатини назорат қилувчи электрон тизимларни ишга тушириш” хусусида сўз юритилмоқда.

“Monterra” компаниясининг расмий веб-сайтида катта ҳарфлар билан “Mining monterra” – карьерлар учун мониторинг тизими” деб ёзиб қўйилган.

Карьерлар қолиб, нега ишлаб чиқарувчилар назоратга олинган?

Диспетчер Ҳ.Ибрагимовга шу саволни бердим, яъни нима учун карьерларнинг ўзига эмас, шағални сотиб олиб, ундан турли қурилиш материаллари ишлаб чиқараётган корхоналарга видео назорат камералари ўрнатилаётганлиги сабабини сўрадим. У қисқа қилиб, “буни бошлиқ билади”, – деди. Бошлиғининг телефон рақамини олиб, у билан хайрлашдим.

Эртаси куни вилоят ҳокимлиги биносидаги иш хонасида “Mining monterra” лойиҳасининг Самарқанд вилояти бўйича координатори Алишер Раимжонов билан учрашдим. А.Раимжонов вилоят ҳокимининг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси ҳамда Марказий ҳарбий округи – Самарқанд вилояти ҳарбий фахрийлар кенгаши ишлари раиси вазифаларида фаолият кўрсатар экан. Кареьрлар билан ишлаш оғир, уларни солиққа тортиш ундан ҳам оғирлигини инобатга олинган ҳолда бу ишга ҳарбийлардан тайинланибди. “Мендан олдин ушбу вазифани бажаришга тайинланган икки киши бу юкни кўтара олмади”, – деди суҳбатдошим.

А.Раимжонов суҳбатимиз давомида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ қанча кўп ундирилса, маҳаллий ҳокимликларга шунча яхши эканлиги, чунки бу солиқ маҳаллий бюджетга тушишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, карьерларда IT-назорати ўрнатилиши ер қаъридан фойдаланишни рақамлаштириш йўлларидан бири бўлиб, соҳада хуфиёна иқтисодиётга қарши курашда катта аҳамият касб этишини ҳам эслатди. “Mining monterra” лойиҳасининг моҳияти қуйидагича экан: у маълумотлар базасига керакли ахборотни, яъни сотилган маҳсулот қайси корхонага тегишли эканлигини, у қайси корхонага юбориш учун мўлжалланганлигини, маҳсулот юкланадиган машинанинг давлат рақами ва хусусиятларини, маҳсулот номи, унинг ҳажми ва баҳосини, маҳсулотдан олинадиган солиқ бўйича маълумотларни киртиб, таҳлил қилади.

Шундай экан, яъни кузатув камераларини ўрнатишдан мақсад карьерлардан фойдаланганлик учун солиқни (амалда барча буни “недра солиғи” деб атар экан) ўз вақтида ва тўлалигича ундиришга қаратилган экан, нега улар карьерларга эмас, улардан олган юкни қайта ишловчи корхоналарга ўрнатилмоқда? Ахир, бу тадбиркорлик субъектлари “недра солиғи”ни тўламайдику?!

Гапнинг очиғи бу саволимга аниқ, жўяли ва асосланган жавоб ололмадим. А.Раимжонов карьерларни кузатиш оғир эканлиги, уларнинг кириш-чиқиш жойлари кўплиги, бир жойга камера ўрнатса, юк ортилган машина бошқа томондан чиқиб кетиши мумкинлигини уқтирди. Шу сабабли ишлаб чиқарувчи назоратга олиниб, у қанча ва кимдан юк олаётганлиги аниқланиб, маълумот солиқ идораларига юборилар экан.

Балки очиқ майдонлардаги карьерларда А.Раимжонов айтган ҳолат бўлиши мумкиндир. Аммо бу ерда дарё ўзанларидаги карьерлар ҳақида гап бормоқда. Ўзим Зарафшон ва Қорадарёдаги карьерларни бориб кўрдим. Уларда фақат бир жойдан кириш ва чиқиш мумкин.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун олинадиган солиқ шу вақтгача қандай ҳисобланарди?

Аслида дарё ўзанларида қум-шағал материалларини қазиб олишга рухсат берилишидан мақсад ана шу ўзанларни тозалаб туриш ва дарё сувини бир маромда оқишини таъминлашдан иборат. Дарё ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал материалларини қазиб олиш бўйича буюртмачи "Хавфсиз дарё" давлат унитар корхонаси (ДУК) ҳисобланади. Ушбу корхона Президентимизнинг 9 июль 2018 йил “Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ҳузурида ташкил этилган.

"Хавфсиз дарё" ДУК идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, вилоятларда юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмалари тузилган экан. Самарқанд вилоятидаги бўлинма мутахассиси Шуҳрат Ғуломов билан суҳбатимиз анча давом этди. У корхона зиммасидаги вазифалар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Жумладан, "Хавфсиз дарё" ДУК ФВВ билан биргаликда дарёлар ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхатини тасдиқлаш учун Комиссияга киритади. Бу ишга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш ушбу корхона томонидан "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали ўтказиладиган танлов йўли билан амалга оширилади.

Ш.Ғуломовнинг сўзларига қараганда, айни пайтда вилоят ҳудудида 15 участкада тадбиркорлар қум-шағал материалларини ковлаб олиш билан шуғулланмоқда. Ўз эгасини кутаётган яна 11та участка бор экан.

“Бўлинма мутахассиси сифатида менинг вазифам танловда ғолиб бўлган тадбиркорга ерни ажратиб беришдан иборат. Шунингдек, вақт-вақти билан ҳудудни мониторинг тарзда ўрганиб чиқаман”, – деди жумладан Ш.Ғуломов.

"Хавфсиз дарё" ДУКнинг Тошкентдаги бош офисидан ҳар ойда мутахассислар келиб, қанча қум-шағал материаллари ковлаб олинганлигини, қанча узунликдаги ўзан тозаланганлигини ўрганиб чиқади. Шунингдек, улар ковлаб олинган материаллар ҳажмини аниқлаб, маълумотни солиқ идорасига юборади. Ушбу ҳужжат асосида тадбиркорлик субъекти тўлаши лозим бўлган солиқ миқдори ҳисоблаб чиқилади.

Бу масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида вилоят солиқ бошқармасига бориб, Қўшилган қиймат маъмуриятчилиги бўлими бош инспектори Ҳусан Абдуллаев билан учрашдим. Унинг сўзларига қараганда, қум-шағал материаллари ковлаб олаётганлар ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва қўшилган қиймат солиғи тўлайди.

“Солиқ кодекси”нинг “Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш” деб номланган 64-бобида қазиб олинган 1 метр куб қум-шағал аралашмаси учун 7500 сўм тўланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

“Ҳар ойнинг 20-кунигача ўтган ой учун тадбиркор томонидан ҳисобот тақдим этилиши ва қазиб олинган маҳсулотга қараб, солиқ тўланиши лозим. Биз тўланган солиқ миқдорини "Хавфсиз дарё" ДУК юборадиган маълумотлар билан солиштирамиз”, – деди Ҳ.Абдуллаев

Демак, шу вақтгача, яъни карьерларга кузатув камералари ўрнатилгунча, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш механизми мавжуд бўлган. Аммо замон ўзгариб, барча соҳаларда рақамлаштириш жорий этилиши муносабати билан ушбу йўналишда ҳам инновацион усуллардан фойдаланишга киришилди. Карьерларга видео кузатув камераларни ўрнатиш ўз вақтида ва тўлалигича солиқ ундириш учун имконият яратади.

Ҳа, айнан карьерларга ўрнатилган камера ҳақида гап кетмоқда. Самарқандда камералар нега ишлаб чиқарувчиларни назорат қилмоқда? Бу саволга аниқ жавоб тополмагач, Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган бизнес омбудсман ходими билан учрашишга қарор қилдим. Бизнес омбудсман девони бош инспектори Бунёд Холматов каминани диққат билан эшитиб, ушбу муаммо бўйича ҳозирча унга тадбиркорлардан ҳеч ким мурожаат қилмаганлигини, уни ўрганиб, муносабат билдиришини уқтирди.

Ишлаб чиқариш билан банд бўлган тадбиркорлар уларни ташвишлантираётган муаммо ўз ечимини топишини умид билан кутишмоқда.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
26.02.2021 21:33
Mineral ogitni qaysi fermerga sotyabsan dib
26.02.2021 21:33
Hojathonaga kirishimizgayam kamera qoysa boladi
26.02.2021 21:32
Agar rostdan shunaqa bosa bilmadim kelajakda nima qilamiz