"Янги Ангрен" ИЭСдаги 7-ёнғинда 3 ўлим. Айни пайтда станция шубҳали инвестор қўлида...

23.01.2021 08:51

Энергетика вазирлиги инсонлар ҳаётига ачинмайди

«Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясида (ИЭС) жорий йил 20 январь куни портлаш содир бўлди. Ачинарлиси, бу станцияда содир бўлган илк портлаш эмас эди. Станция мутасаддиларининг айтишича, у ерда шу вақтгача еттинчи маротаба ёнғин кузатилмоқда. Яъни, 4 маротаба ёнғин кузатилган ва икки маротаба ўт чиқиши оқибатида портлаш содир бўлган. Бу сафарги портлаш қурбонларсиз бўлмади. 3 киши вафот этган ҳамда 3 киши турли даражада жароҳат олган.

«Янги Ангрен» иссиқлик электр станцияси 2019 йилда «Central Asia Energy» бошқарувига ўтган. «Central Asia Energy» ҳалок бўлган ишчиларнинг оилаларига 100 миллион сўмдан компенсация тўлаб берди.

7 марта ёнғин бўлган станция ишончли қўлдами ёки шубҳали қўлда?

Станцияда бу илк ёнғин эмаслигини ҳисобга олсак, «Central Asia Energy» фалокат бўлиши ойдинлигини била туриб, ёнғин келтириб чиқарувчи омилларни нега аввалдан йўқотмагани кишини ўйлантиради.

Давлат активларини бошқариш агентлиги «Янги Ангрен»  ИЭС корхонасини “Central Asia Energy” компаниясининг 100 фоизли таъсисчиси бўлган Қозоғистоннинг «Горние работи» кичик компаниясига, ишончли қўлларга топширганини маълум қилган эди. Республикамизнинг етакчи нашрларидан бўлган “Халқ сўзи” нашрининг 2020.06.19 санасида ёзишича, «Янги Ангрен»  ИЭС корхонаси қозоғистонлик ишончли қўлларга топширилгани айтилган. Корхона ишончли қўлларда эканига 7 маротаба содир бўлган ёнғиндан кейин янада ишончимиз ортиб бормоқда. 

Нашр ишончли қўллар, дея айтаётган «Горние работи» кичик компанияси узоқ тарихда эмас, очиқ манбаларда компания 22.01.2018 санасида рўйхатдан ўтгани ва 5 нафар ходимга эгалиги келтирилган. Компаниянинг айрим таъсисчилари номи, алоқа рақамлари беркитилган. Компания офиси Нур-Султондаги савдо марказида жойлашган. 

Муаммолар секин-секин бартараф этилгунча, ”бор йўғи” 7 марта ёнғин содир бўлди

«Горние работи»га тегишли бўлган  «Янги Ангрен» станцияси мутасаддисининг ТВга берган интервьюсига кўра, корхона маънан эскирган. Ёнғин келтириб чиқарган омиллардан яна бири ишлатилаётган кўмир сифати билан боғлиқ. Станция Қозоғистон кўмирини ишлатади, чунки бу кўмирнинг иссиқлик бериш даражаси юқори. Бироқ, юқори миқдорда чанг чиқариши туфайли ёнғинга олиб келиши мумкин. Ушбу сабабларни келтирган ходим бу муаммоларни секин-секин бартараф қилинишини айтмоқда.

Айни дамда станцияда 1700 ишчи меҳнат қилади. 1700 киши фаолият юритаётганда, 7 марта ёнғин бўлгач, муамммоларни секин-секин бартараф этамиз, дейиш инсофданми? Секин-секин бартараф этилгунча, ”бор йўғи” 7 марта ёнғин содир бўлдими?..

6 маротаба ёнғин бўлса-да, нега иш берувчи хавфсизликка маъсулиятсизлик билан ёндошиб келди? Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасига кўра, “Барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради”

Нима учун, станция қонун талабларини бажармаган? Ишчилар ҳаёти «Central Asia Energy» учун 100 миллион сўм билангина баҳоланадими? Агар, корхона яна ўша манан эскирган ҳолатда, ўша ортиқча даражада чанг чиқарувчи кўмирларни ишлатаверса яна қанча умрларга зомин бўлиш мумкин?  Энергетика вазирлиги вазиятни четда жим кузатиб бораверадими? 1700 нафар ишчи маошидан касаба уюшмаси учун ҳам тўлов қилади. 6 маротаба ёнғин содир бўлган-да ҳам, маошдан тўлов ажратмаларини олишга “уялмаган” касаба уюшмалари нега ишчилар муҳофазаси ҳақида қайғурмаган? Ёки касаба уюшмалари маошдан ажратиладиган тўлов олишдан бошқа ишга ярамайдими?..

Бу очиқ қолган саволларга Энергетика вазирлиги ва тегишли касаба уюшмаси жавоб беришини кутамиз. Вазиятни оддий ёнғин, навбатдаги янгилик сифатида ёритиб, ўтиб кетишдан  йироқмиз. Бу мавзуга яна қайтамиз. Токи, станцияларда одамларнинг ҳалок бўлиши оддий ҳолатга айланиб улгурмасин.

Анора СОДИҚОВА, журналист

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
25.01.2021 17:16
Ишончли бошкарув келгандан кейин хеч канака узгариш булмади. Буни факат ИЭС да ишлайдиганлар билади . Буларди хам текширадиганлар хам борми 1 йил ичида килган ишларини ишчилар ва узбек халки олдида жавоб берсин. Курук тепадагиларга когозда узларини мактаб булмаган ишларни килдик деб узларини курсатмасин.
25.01.2021 17:15
Ишончли бошкарув келгандан кейин хеч канака узгариш булмади. Буни факат ИЭС да ишлайдиганлар билади . Буларди хам текширадиганлар хам борми 1 йил ичида килган ишларини ишчилар ва узбек халки олдида жавоб берсин. Курук тепадагиларга когозда узларини мактаб булмаган ишларни килдик деб узларини курсатмасин.
23.01.2021 15:18
Компания таьсисчиси узимизни акалардан булиши хам мумкинми?
23.01.2021 15:02
Yangi Angren IESida ishchilar xavfsizligi ikkinchi darajada.Birinchi darajada soqqa qilish,investorlarga yaltoqlanish.Bu ishni ham o'zini osgan raxbarga yuklatiladi va ish yopiladi.Gap kelganda aytish kerak moddiy yordam kerak bo'lganda ariza yozgan ishchilarga yordam pullari berilmaydi ko'pxollarda.Lekin o'zlari yigirma millionlab olisharkan.Vaholanki bir oylik maoshi shuncha o'sha maddoxlarni.Oddiy ishchilarni o'rtacha maoshi bir million sakkiz yuz ming.SHu qozoqlar keldi ishchilar maoshi tushdi raxbarlarniki ko'tarildi.Xullas bizda raxbarlar uchun faqat SOQQA QIL SOQQANI.