Исмат ХУШЕВ: Ургутлик ёлғиз бўри

12.01.2021 05:10

Ўзбекистонлик таниқли журналист Карим Баҳриевнинг сиёсий портретига чизгилар  (давоми)

Масъул котибликка тайинлов

Хуллас, Каримжон Ургутдан депутатликка сайланди. Қувончимизнинг чеки йўқ эди. Сўнг кўп ўтмай Ўзбекистон Халқ депутатларининг биринчи сессияси иш бошлади.

Унинг номзодини бошқалар билан бир қаторда “Миллатлараро муносабатлар, тил ва маданият” қўмитаси масъул котиблигига тавсия қилишган экан.

Лекин Қўмита раиси Пиримқул Қодиров Каримжонни тасдиқлашни негадир анча пайт пайсалга солиб келибди. Бу ўринга у бошқа номзодни кўзлагани маълум бўлгач, Каримжонга ёрдам бермоқчи бўлдим.

Сессия давом этаётган кунларнинг бири эди. Залнинг охирида танаффус пайти катталар дам оладиган жой ва буфет бор. Олий Кенгаш раиси, унинг муовинлари ва Ислом ака ўша ерда енгил тамадди қилиб олишарди. У ерга баъзан мен ҳам кириб қолардим.

Қулай пайт топиб, Каримжонга: “Катталар дам оладиган хонанинг эшигига яқинроқ бориб туринг”, дедим.

Каримжон табиатан жуда тортинчоқ, катталарга яқинлашмайдиган, андишалик йигит эди: “Керак эмас, Исмат ака, тайинламаса, тайинламас, Ислом ака ҳам нотўғри тушунишлари мумкин” деб истиҳола қилди.

Лекин мен «ҳақни талаб қилиш керак бўлган пайтда одам андишани ҳам бир оз унутиб, ҳаракат қилиши керак” деган ақидага амал қиладиган ўжар йигит эдим, кўнмадим.

Ўзим Ислом аканинг ёнига бориб: “Ака, сессия зўр бўляпти, раҳмат сизга!”, – дедим.

У пайтларда Олий Кенгашда мухолифатнинг вакиллари ҳам бор эди, сессиялар тўполон билан ўтарди. Лекин ўша куни “тўполончилар” жим, у кишининг кайфияти яхши эди.

– Ислом ака, битта ўртоғим бор, уни Сизга таништиришим керак, – дедим яна.

Гарчи Ислом ака шошилиб турган бўлса-да, лекин “йўқ” демади. Мен Каримни имлаб чақирдим. У югуриб олдимизга келди.

Худди кечагидек ёдимда: Ўшанда Ислом Абдуғаниевич Карим Баҳриевга синовчан назар билан, ҳеч гап айтмай узоқ тикилиб турдилар. У кишининг ўткир нигоҳларига дош беролмай Каримжон ҳам ҳаяжонда ер чизиб турарди.

Мен жуда ноқулай аҳволда қолдим. Кейин билсам, Ислом ака одамнинг кўзига тик қараб, унинг кўнглида нималар борлигини, ўзи қандай инсон эканлигини англаб олиш фазилатига эга зукко инсон экан.

Умуман, у кишининг нигоҳлари жуда ўткир, ҳар қандай одамни ҳам саросимага солиб қўярди. Каримжон ҳам худди шундай аҳволда қолди.

– Бу йигит Карим Баҳриев бўлади, – дедим ниҳоят сукунатни бузиб. Ислом Абдуғаниевич жим эди.

– Самарқанднинг Ургут районидан… – менинг бу сўзим ҳам у кишига заррача таъсир қилмади. Ўткир нигоҳлари билан Каримни ўрганишда давом этар, кулимсираб унга қараб турар эдилар.

– Жуда зўр журналист, яхши мақолалар ёзади, – дедим яна.– Яқинда депутат бўлди…

Бундоқ разм солсам – Ислом ака ва Карим бир-бирларини зимдан кузатишар, ўрганишар, мен эса орадаги унғайсизликни тўлдириш учун тинмай “аргумент”ларни қалаштираётган эдим.

Бу дастлабки учрашувдан сўнг уларнинг йўллари ҳали кўп бор учрашиши ўшанда ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди, албатта.

Кейин, Карим Баҳриев бир чеккада ишсиз юрган пайтда Ислом ака уни АҚШга – у ернинг матбуоти билан танишиб келиш учун расмий сафарга жўнатади.
 

Каримжон АҚШ да
Ўзбекистон халқ депутати Карим Баҳриев АҚШ сафарида

“Ҳуррият” газетаси ташкил бўлаётганда газета Бош муҳаррири номзоди сифатида тақдим этилган Хуршид Дўстмуҳаммад, Ёқубжон Хўжамбердиев, Шуҳрат Жабборов, Аҳмад Аъзам, Хуршид Даврон сингари талантли беш журналист номзодини четга суриб, яна шу “жанжалкаш” Каримни топиб келтиради.

1996-йилнинг 19-декабрида Президент билан бўлиб ўтган тўрт соатлик суҳбатдан сўнг Карим Баҳриев Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мустақил газетаси “Ҳуррият”нинг Бош муҳаррири бўлиб, янги газетани ташкил этади. Буларнинг бари кейин бўлади.

Ҳозирча эса мен Ислом ака билан Каримжонни ўзаро таништираётган эдим, улар бир-бирларига термулиб, бир-бирларини ўрганиб, мени тинглашмоқда эди…

Атрофда Олий Кенгаш Президиуми раҳбарлари сессия ишини бошлаш учун Ислом аканинг бўшашини кутиб туришар, лекин Ислом ака гўё ҳеч қанақа мажлис йўқдек, бамайлихотир Каримни ўрганишда давом этардилар.

– Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган, – дедим яна фавқулодда яхши “аргумент” топилганидан қувониб. Ислом ака Каримнинг кўзларига тикилиб нималарнидир излар ва яна қайсидир саволлари жавобсиз шекилли, ҳануз сукут сақлар эдилар.

– Жуда яхши нарсалар ёзади. Яқинда “Ой бориб, омон қайтмаган болам” номли мақоласи эълон қилинди…

Ниҳоят, Ислом Абдуғаниевич Каримжон ҳақида бир фикрга келдилар, шекилли “Мақолангизни ўқидим, фақат суратини бериб бекор қилибсизлар” дедилар. Дарҳақиқат, мақоланинг ичида суд-медицина экспертизасидан сўнг танаси ёрилган аскар йигитнинг суърати ҳам эълон қилинган эди…

– Шу сурат ноўрин берилган, лекин мақола яхши ёзилган. Хўш, хизмат? – деди Ислом ака ниҳоят менга юзланиб.

Менга бироз жон киргандек бўлди. Карим ҳам нимадир деб каловланди. Фурсатдан фойдаланиб уни “Миллатлараро муносабатлар” қўмитаси котиблигига тайинлаш масаласини Ислом акага эслатдим.

Атрофимизда ўралашиб юрган "Марказқўм"нинг ўша пайтдаги идеология бўлими мудири Шаҳобиддин Зиёмовни Ислом ака имо қилиб ёнларига чақирдилар:

– Айтинг, яхши йигит экан, котибликка тайинлашсин!

Биз – бир тоғнинг икки ёнидаги – бири китоблик, бири ургутлик икки дўст Марказий Комитетнинг Президиум аъзолари танаффус чоғи тўпланадиган сокин ва шинам хонасидан сессия залига қанот бойлаб учиб чиқдик.

Бу – Карим Баҳриевнинг Ислом Каримов билан дастлабки учрашуви эди.

Таъбир жоиз бўлса, ўша куни Каримжон Ўзбекистон парламентининг имтиёзли лавозимларидан бирига ҳам учиб ўтган куни эди: қўмита котибининг хизмат машинаси, кабинети, ҳукумат телефони ва бошқа талай имтиёзлари ҳам бор эди…

"Дунё Ўзбеклари" (2015 й.)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар