АҚШ элчиси Ўзбекистон сиёсати борасида қандай фикрда?
АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Даниел Розенблум республика ташқи сиёсатини конструктив таҳлил қилишини билдирди. Аммо, дейди у, ҳар қандай позициянинг ўз тамойиллари бор ва уларга риоя қилиниши зарур. Нейтрал бўлиш, дея тушунтиради дипломат, холис, ҳаққоний ва эркин ахборот муҳитига йўл беришни ҳам талаб қилади. Тошкентда «Америка Овози» билан суҳбатда АҚШ элчиси Украинадаги урушга нисбатан ёндашув, Ғарб санкцияларининг Ўзбекистонга таъсири, Афғонистондаги вазият ва Толибонга талаблар, бугунги приоритетлар ва тарихий сабоқларни муҳокама қилган.
Унинг интервьюсидан айрим иқтибосларни келтириб ўтамиз:
Элчихона одатий режимда ишламоқда
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳозирда тўлиқ режимда ишлашга қайтган. Консуллигимиз ҳам нормал режимга қайтиб, пандемия пайтида йиғилиб қолган ишни битиришга уриняпти. Жуда катта сонда аризалар тушган, иммиграцион ва но-иммиграцион визалар учун. Консуллигимиз жараённи осонлаштириш ҳаракатида, чунки биламиз, одамлар кутиб чарчаган. Буни ўзимга ҳам айтишади, кўчада, учрашувларда. Виза учун учрашув белгиланиши зарур. Унга эса талаб кўп. Бўш жой очилишини кутиш керак. Биз албатта жараённи енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз, лекин бу осон эмас. АҚШга қизиқиш юқори экани, шунча одам бизга интилаётганини кўриш бизни қувонтиради, албатта. Бу ҳолат икки давлат орасидаги ришталар қанчалик мустаҳкам эканини ҳам кўрсатади.
Элчи консуллик ишига аралаша олмайди
Мен виза борасида ҳеч кимга ёрдам берола олмайман. Бу консулликнинг иши. Германияга учиб кетаётган эдим, Тошкентдан Франкфуртга. Ёнимда ўтирган одам дарров таниб, виза сўрай бошлади. Одатда берадиган жавобим шуки, элчи ва консуллик орасида тўсиқ бор, қонуний чеклов. Мен бу жараёнга аралаша олмайман. Виза борасидаги қарорларда менинг ролим йўқ. Биринчи навбатда шуни айтаман. Одамлар бунга ишонмайди, биламан, аммо бу ҳақиқат.
Бу виза бериш жараёнидаги муҳим қоида. Бу ўзига хос уқув ва текширув талаб қиладиган процесс. Сиёсий ёки шахсий манфаатларга асло йўл берилмаслиги шарт. Менга бу одам маъқул ёки анавиниси ёқмайди, дея аралашиш адолатдан эмас. Шу боис ҳам мана шундай тартиб йўлга қўйилган.
Бу виза бериш... ўзига хос уқув ва текширув талаб қиладиган процесс. Сиёсий ёки шахсий манфаатларга асло ёл берилмаслиги шарт.
Яқинда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Вашингтонда бўлишди. Мақсад нима эди?
Ҳар иккаласи АҚШда кўриниб, Ўзбекистоннинг мақсад ва манфаатларини эслатиб қўйишди. Буни мунтазам равишда қилиш катта аҳамиятга эга. Ташқи ишлар вазири охирги марта ўтган йилнинг июлида борган эди.
Мунтазам мулоқот зарур. Дунёда ва минтақада гео-сиёсий ва иқтисодий вазият мураккаблашган, айниқса ўтган ярим йилда. Шу боис алоқа ҳам интенсивлашган. Бирга ишлашда давом этиб, Марказий Осиё равнақи ва тинчлиги учун ҳисса қўшишни истаймиз. Ҳар икки вазир билан ҳам шулар ҳақида гаплашиб, Украинадаги уруш, Афғонистондаги вазият, Толибон, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлиги ва бошқа масалаларни муҳокама қилдик.
Очиқчасига гаплашиб олдик, жумладан савдо ва иқтисод хусусида.
Вазирларнинг ўз вазифалари бор, албатта. Бош вазир ўринбосари Умурзоқов савдо ва сармояга эътибор қаратди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш ҳаракатлари ҳақида гаплашди. Ташқи ишлар вазири Комилов эса минтақадаги вазият, Украина ва Афғонистон сабаб вужудга келган масалалар борасида сўзлашди. Маълумот алмашдик, учрашувлардан мамнунмиз.
Ўзбекистоннинг Украина борасидаги позициясига АҚШ вакили қандай фикрда?
Суҳбат асносида бу борадаги саволга ҳам Даниел Розенблум жавоб берган. Унинг таъкидлашича, манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур. Савдо алоқалари ва сармоя. Россияда, шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳам бор. Улар юборадиган маблағ мамлакат иқтисоди учун салмоқли сармоя. Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масалалари бу. Биз уни тушунамиз, деган элчи.
- Ўзбекистон билан алоқада ҳамиша ёдда тутамиз: суверенитет ва мустақиллик. Биз ҳамиша суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни эъзозлаймиз, уларни ҳимоя қиламиз.
Ташқи ишлар вазири Комиловнинг яқинда қилган баёнотларини тингладик ва назаримизда, у тушунтирган сиёсат асосли, мантиқли, аниқ.
Ўзбекистон ўта нозик позицияда эканини биламиз ва тушунамиз.
Ўзбекистон, ташқи ишлар вазири тушунтирганидек, нейтрал. Республика Россия билан ҳам, Украина билан ҳам чуқур тарихий ва муҳим ришталарга эга. Ўзбекистон бирортасининг ёнини олмаяпти. Шундай экан, биз кутадиган нарса - реал нейтраллик.
Биз тушунамиз, сиз босқинчиликни қораламайсиз ёки Европа давлатлари каби Украинага ҳарбий ёрдам бермайсиз ёки шунга яқин ишларни қилмайсиз. Бирор тарафда эмассиз. Сиз бирор тарафни олқишламайсиз, бирор тарафга кўмаклашмайсиз, ёмонликни раво кўрмайсиз. Америка буни виждонан танланган ҳақиқий нейтраллик деб тушунади ва шуни кутади. Бу бизнинг Ўзбекистон билан стратегик шериклигимизни ўзгартирмайди. Бизни ўзаро манфаатларимиз бирлаштиради. Ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашда давом этамиз.
Халқ ўз тилида ахборот истайди
Россия ахборот оқими, шубҳасиз, кенг. Лекин қўшни мамлакатлардан фарқ қилган ҳолда, бу ерда она тилда, яъни ўзбек тилидаги ахборот манбаларига таяниш жуда кенг. Бу жуда яхши, чунки халқ ўз тилида информация истайди. Россиядан рус тилида катта миқдорда маълумот оқиб келар экан, бу зарур. Рус пропагандаси Украина ва дунёнинг бошқа жойларидаги жараёнлар юзасидан ёлғон ва бузуқ «ахборот» беради.
Ўзбек тилида сифатли информация беришнинг аҳамияти юқори лекин бу осон эмас.
Россиядан келаётган овозлар шу қадар баландки, шу қадар кескин ва агрессивки, худди ҳамма шундай фикрни ёқлаётгандек туюлади. Чунки уни ёқлаётган овозлар юқори. Биз ўзимиз элчихонада Украинадаги уруш хусусида ижтимоий тармоқларда постлар қилганимизда ҳамлаларга учрадик. Уруш талафотлари, даҳшати, азоб-уқубатлари ҳақида ёзганимизда онлайн нишонга олиндик. Америкага қарши ҳақорат ва нафратни кўрдик.
Биз ҳукумат, ҳатто журналистларнинг ўзи ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак, деяётганини тушунамиз. Россиянинг асабига тегиш хавфли, деб ўйлашяпти. Биз буни тушунамиз. Бироқ бу ахборот блокадасига етакламаслиги керак ёки нотўғри, ёлғон ахборот оқими яратмаслиги керак. Россиядан келаётган бундай оқимни блоклаш учун чора кўрилаётгани ҳақида билмаймиз. Демак, холис ва бетараф эмассиз. Украина уруши ёритилмаяпти, аммо одамлар Украина ва Россия ҳақида рус тилида ташқаридан маълумот олаяпти.
Мувозанатли ва холис, нейтрал бўлишни истасангиз, бундай ахборот учун йўлни очасиз. Бу можаро узоқ чўзиладиган кўринади, афсуски, азоби ҳам шунга яраша. Олдимизда мураккаб бир давр турибди.
Медиа ўз вазифасини бажара олиши керак. Одамлар ҳақиқат ва фактларни билишни хоҳлайди ва билиши керак.
Президент Мирзиёев йиллар давомида кўп марта медиа фаол бўлиши кераклиги, журналистлар профессионал ва талабчан бўлиши лозимлиги, танқид фойдали экани, муаммоларни очиб беришда ОАВ роли беқиёс экани, коррупцияга қарши курашда ва бошқа соҳаларда матбуот қаттиқ ишлаши зарурлигини айтган. Мен унинг бу сўзлари самимий эканига ишонаман.
Осон вақтлар эмас, бу аниқ. Мен Ўзбекистон ҳукуматига Украинадаги вазият юзасидан у ё бу ишни қилинг, деб ақл ўргатмоқчи эмасман. Лекин ростдан ҳам профессионал, ҳаққоний, талабчан журналистикани истасангиз, жамият бундан манфаатдор эканини тушуниб, тан олсангиз, унга ҳамиша имкон беришингиз керак. Сизга қачон қулай бўлса, ўшандагина йўл бермай, бундай тамойилларга содиқ эканингизни амалда исботлашингиз керак.
Санкциялар ҳақида
Аввало, санкциялар нега қўйилганини тушунтирамиз. Улар Россия суверен бир юртга халқаро қонунларни бузган ҳолда бостириб киргани учун жорий этилди. Улар ҳарбий чорага муқобил сиёсатдир. Президент Байден ҳарбий чорани маъқул кўрмади. Украинага қўшин, ҳарбий куч сафарбар этмасликка қарор қилинди. Президентга кўра, бундай қилиш учинчи жаҳон урушига етаклаши мумкин эди. Шундай экан, иқтисодий санкциялар қўллаяпмиз. Европадаги ҳамкорларимиз ва бошқа давлатлар бу ташаббусга қўшилди. Йирик бир коалиция вужудга келиб, бир ёқадан бош чиқариб, чора кўраяпти.
АҚШ ҳукумати тушунади, бундай сиёсат биз истамаган оқибатларга етаклаши мумкин. Тан оламиз, санкциялар бошқа давлатларга ҳам салбий таъсир ўтказади. Аммо халқаро ҳамжамият манфаати йўлида биз санкция қўллашимиз зарур.
Хўш, қандай ёрдам бера оламиз? Вашингтондаги сўнгги учрашувларда буни муҳокама қилдик. Молиявий институтлар , хусусан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқалар билан қисқа муддатда дастурларни ишга солиш, иқтисодий кўмакни ошириш... АҚШ, шунингдек, ЮСАИД (АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги) ва ҳамкор ҳукуматлар билан ишлаб, самарали чоралар кўришга аҳд қилган. Мигрантлар билан боғлиқ вазиятни ҳам тушунамиз, катта сонларда қайтишлари мумкин. 1-2 миллион одам қайтади, деган тахмин бор. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётига қаттиқ зарба бўлади.
Иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар ўргатиш, қайтганларга имконият яратиш - биз Ўзбекистон ҳукумати билан бу масалалар истида бош қотираяпмиз.
«Очиқ тан оламиз, аччиқ ҳақиқат шуки, салбий оқибатлари бўлади».
Одамлар азоб чекади, фақат Ўзбекистонда эмас, АҚШда ҳам. У ерда оқибатлар аллақачон ёнилғи баҳосини ошириб юборган. Машинага қаттиқ таянадиган Америка учун бу катта муаммо. Бирга ишлаб, ҳаётимизни осонлаштириш учун чора кўрамиз.
Америка сармояси кўпайиши мумкин
Қанча компания келишини олдиндан айтиш қийин. Аммо ҳозир Америка компаниялари учун айни муддао. Элчихона буни доим тарғиб қилади, яъни икки давлат орасида савдо, Америка сармоясини. Тошкентда уч йилдан бери бўлсам, бу давр мобайнида кўрдимки, Америка компаниялари ўз кадрларига сармоя қилади, уларни тайёрлайди. Буни бошқа давлатларнинг бизнеслари қилмайди. Улар марказдан катта сонда ишчи олиб келмайди. Аксинча, маҳаллий одамларга ўргатади.
“ Ўзбекистон халқаро ҳамжамият Афғонистон борасида якдил бўлиши учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда»
Ўзбекистон Афғонистондаги янги раҳбарият билан ишлашда фаоллик кўрсатмоқда, гарчи уни расман тан олмаса ҳам.
Афғонистонга энергия таъминоти ва у орқали транзит борасида кўплаб ташрифлар ва битимларни кўраяпмиз. Покистонгача темир йўл барпо этиш лойиҳаси, масалан. Бироқ халқаро ҳамжамияти ҳали ҳам кузатмоқда, чунки Толибон тан олиниши учун ҳали кўп ишлар қилиши керак. Инклюзив деганда ўзи нима назарда тутилмоқда, бу ҳам ойдинлашиши керак. Ҳақиқат шуки, Толибон талабга жавоб бермайди. У терроризмга қарши курашиши зарур. Биз учун бу энг асосий талаб. Ўзи АҚШ 2001 йилда айнан шу сабаб билан Афғонистонга кирган эди.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳам биз учун бағоят долзарб. Қизлар учун мактаблар қайта очилиши қийин кечмоқда. Ўзбекистон бизнинг ва умуман, халқаро ҳамжамият талабларини билади ва ўзи ҳам шуларни қўймоқда.
Толибонга муайян шартларимиз бор ва улар ҳали бажарилмаган.
Ўзбекистон билан минтақа равнақи ва барқарорлиги йўлида ишлаб келамиз ва бу давом этади. Биз Афғонистон яна террор ўчоғига айланишини асло истамаймиз. Аммо ўтган ёздан бери у ерда террорчилар сони ошгани ва улар фаоллашгани ҳақида маълумотлар бор. Терроризмга қарши кураш Марказий Осиё давлатлари учун ҳам, АҚШ учун ҳам Афғонистонда бирламчи масала. Ўзбекистон билан ҳамжиҳатликда чора кўрамиз.
Ўзбекистон ва Жаҳон савдо ташкилоти
Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига интилаётган бошқа давлатлар билан қандай гаплашсак, шундай мулоқот қиламиз. Сиз бизнинг бозорга, биз эса сизнинг бозорга кириш ҳақида гаплашамиз. Икки томонлама келишувлар зарур бўлади. Лекин биз Ўзбекистонга бу ташкилотга кириши учун техник ёрдам берамиз. ЮСАИД Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига бу борада кўмаклашмоқда.