Пора олиш кейинги вақтларда амалдорлар ўртасида ким ўзар мусобақасига айланиб боряптими, кундан кунга турлари ҳам кўлами ҳам ортиб бораётгандек. Rost24.uz сайти 2022 йилнинг ўтган март ойидан бошлаб бугунгача энг кўп миқдорда коррупцион кирдикорлар қилган шахсларнинг қайси соҳада ишлаганликлари ҳақидаги хабарларни тўплади. Порахўрлар сафида асосан ташкилотлар раҳбарларининг ўринбосарлари, ёрдамчилари ёки бош ҳисобчилар турибди, бошлиқлар эмас.
1. Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси - 15 500 АҚШ доллар
Жорий йил 6 апрель санасида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, 15 500 доллар пора олаётган шахсни қўлга олишгани хабар қилинди. Жиноятга қўл урган мансабдор Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётган бўлган. Ҳоким ёрдамчиси А.Ю. туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. билан олдиндан тил бириктириб, хусусий тадбиркор Р.нинг ишончига кириб, унга «Мевазор» МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2021 йил давомида жами 15 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шеригига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
2. Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари - 14 500 АҚШ доллари
27 март куни Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарёда масъулияти чекланган жамият вакилидан муқаддам пора сифатида 14 500 АҚШ доллари олган Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари қамалгани ҳақида ахборот берди.
Қайд этилишича, Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари ДХХ ходимлари томонидан ушланган вақтида МЧЖ вакилидан муқаддам пора сифатида олган 14 500 АҚШ долларидан 5 минг АҚШ долларини қайтариб бераётган бўлган.
Аниқланишича, ўтган йили прокуратура органлари томонидан мазкур масъулияти чекланган жамият мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида МЧЖнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича солиқ идоралари ҳужжатли тафтиш ўтказган.
Ўша даврда вилоят Давлат солиқ бошқармасида бош инспектор бўлиб ишлаган мазкур мансабдор шахс аниқланган 900 млн сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар бўйича белгиланиши лозим бўлган 300 млн сўмлик жарима миқдорини 72 млн сўмга камайтириб бериш эвазига 14 500 АҚШ доллари миқдорида пора олган.
Ҳозирда унга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
3. Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари - 12 минг доллар
Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари У.А. фуқарога «Қиртепа» маҳалласидаги ноқонуний қурилган уйларни бузмаслик ва мазкур маҳалладаги ҳокимлик захирасидаги 18 сотих ерни турар жой қуриш учун ажратиб беришни ваъда қилиб, 12 минг доллар сўраган ва уни олаётган вақтда ушланган.
Ҳодиса юзасидан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.
4. Университет кафедра мудири ва талабаси – 4000 АҚШ доллари
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг талабаси У.Х. фуқаро Р.ни институт кафедра мудири орқали магистратура босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Талаба бунинг эвазига 4000 долларни олган вақтида ушланиб, унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда кафедра мудири М.Э. У.Х.дан 4000 долларни олганида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақида жорий йил 9 апрель куни Бош прокуратура ҳузуридаги департамент маълум қилди.
5. Cудья - 2,5 минг АҚШ доллари
Тошкент шаҳрида ишни жавобгарнинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 4000 доллар пора талаб қилган Арбитраж суди судьяси ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати 4 апрель куни хабар берди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳар Арбитраж суди судьяси М.К. даъвогар Ф.Т. ва жавобгар М.Х.нинг ишини жавобгарнинг фойдасига ҳал қилиб беришини айтган.
Шунингдек, судья ушбу қарорнинг келгусида бекор бўлмаслиги эвазига М.Х.дан фирибгарлик йўли билан 4000 доллар талаб қилиб, шундан 2500 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
6. Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи - 2 000 АҚШ доллари
Фарғонада Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарони танишлари орқали ҳарбий қисмлардан бирига ишга киритиб қўйиш эвазига 2 000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Аниқланишича, вилоят туманларидан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи 1998 йилда туғилган фуқарони вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирининг оркестрига танишлари орқали ишга киритиб қўймоқчи бўлган.
Ҳозирда мазкур мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
7. Ҳокимлик бош мутахассиси - 1200 АҚШ доллари
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокимлиги бош мутахассиси 1992 йилда туғилган Ж.Р. фуқарога Каттақўрғон шаҳрида қурилаётган янги 12 қаватли уйлардан 3 хонали хонадонни давлат томонидан ажратиладиган субсидия ҳисобида сотиб олиши учун уни базавий рўйхатга қўшиши ва субсидия ажратиб бериши эвазига 1200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида ушланган.
Шунингдек, Ж.Р.га нисбатан ўтказилган шахсий тинтув вақтида унинг ёнидан тахминан 5-10 гр. миқдордаги «Марихуанна» гиёҳвандлик воситаси, 300 АҚШ доллари пул маблағлари хамда гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама топилган.
8. Терговчи - 1000 АҚШ доллари
5 март куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси иш юритувидаги жиноят иши бўйича бир шахсга чора кўрмаслик эвазига 5 минг доллар талаб қилгани аниқланган. У мазкур пулнинг минг долларини олган вақтида ушланган.
9. «СЭС» бошлиғи маслаҳатчиси – 700 АҚШ доллари
Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг маслаҳатчиси М.Б. февраль ойи бошида Учтепа туманида таниши Ҳ.Хни ишга киритиб қўйиш важи билан 700 долларни олган вақтида ушланган. Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги пора олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
10. Ҳоким ёрдамчиси – 5,5 млн сўм
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси Б.Х. фуқародан 5,5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Фуқаро А.М. тумандаги «Янгиобод» маҳалласи ҳудудида тадбиркорликни амалга ошириш учун ҳокимлик орқали ер майдони олмоқчи бўлган.
Ҳоким ёрдамчиси Б.Х. эса унга маҳалла ҳудудидан стадион ва спорт мажмуаси қуриш учун «Е-аукцион» орқали туман ҳокимлиги заҳирасида бўлган 60 сотих ер майдонини танишлари орқали олиб беришда ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, эвазига фуқародан 5,5 миллион сўм пул талаб қилади».
Маълумот учун: 2020 йилда судлар томонидан коррупция билан боғлиқ 2 270 нафар шахсга нисбатан 1502 та жиноят иши кўрилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3 бараварга кўпайиб 5 483 нафар шахсга нисбатан 3 769 та коррупциявий жиноят ишлари судларга оширилган. Коррупцион ҳолатларнинг энг кўпи эса Соғлиқни сақлаш тизимида аниқланган.