«Чорсу» меҳмонхонаси 14 йилдан буён ўзгармай келади. Бир неча бор чет эллик инвесторларга сотилди, аммо ўша инвесторлар томонидан яна бино қайтариб берилади. Айрим аҳоли вакиллари орасидаги гапларга қараганда меҳмонхона жойлашган ҳудуднинг қандайдир «сирли» тарихи бор. Гап шундамикин, ёки салоҳиятли инвесторни тўғри баҳолаб бера олмаётган масъуллардами?
Пойтахтимизнинг кўп йиллик харобаси «Чорсу» меҳмонхонасининг тарихи ва тақдири ҳақида Rost24.uz сайти мухбири репортаж тайёрлади.
Булоқ устига қурилган меҳмонхона тарихи
«Чорсу» меҳмонхонаси Тошкент марказида, яъни Чорсу майдони, Навоий, Беруний ва Самарқанд дарвоза кўчалари кесишган жойда 1982 йилда қурилган. Одамлар ўшанда бу меҳмонхона қурилиши хосиятсиз бўлиши мумкинлигини айтишган. Чунки меҳмонхона қадимий зиёратгоҳ ўрнида қурилган бўлиб бу ерда қачонлардир Уккоша булоғи, Бадалмат ҳаммоми бор эди. Ўша атрофда яшовчи, болалиги Чорсу маҳалласида яшовчи кекса ёшли отахонлар бу ҳудуд авваллари бозорнинг бир қисми бўлгани, кейинчалик бузиб ташланиб, булоқ ҳам кўмилиб Охунбобоев ҳайкали, хиёбони қурилганини хотирлашди. Кейинроқ эса Охунбобоевнинг ҳайкали олиб ташланади ва меҳмонхона қурилади. Совет ҳукумати даври бўлгани учун одамлар булоқнинг бузилишига қарши чиқа олишмаган.
«Совет давлатида қаршилик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди. Чунки ҳамма ер давлатнинг ери ҳисобланарди, яшаётган уйларимиз ҳам давлатнинг мулки ҳисобланарди. Сотишга ҳам, сотиб олишга ҳам ҳаққи йўқ эди. «Чорсу» меҳмонхонасининг ҳосиятсиз жойда қурилгани ҳақидаги гаплар ҳам бор. Жуда ривожланиб, жуда зўр бўлиб ишладию мустақилликка эришганимиздан кейин хароба аҳволга тушиб қолди», дейди маҳаллий аҳоли вакили.
«Москва» деган номни нега халқ қабул қилолмади?
Лойиҳада меҳмонхона дастлаб «Чорсу» деб номланган. Бироқ совет ҳукумати уни «Москва» деб номлашни маъқул кўради. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, яна «Чорсу» номи билан атала бошланди. Меҳмонхона қуриш учун совет қурувчилари нега айнан бу ҳудудни танлашган?
Ўзбекистон Фанлар Академияси тарих институти умумий ишлар бўйича директор ўринбосари, тарихчи Мухтор Шамсиев буни изоҳлар экан яқин тарихий манбаларда бу ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқлигини аммо ўзининг шахсий қарашлари билан бўлишиши мумкинлигини маълум қилди.
Унинг айтишича, тарихчилар Тошкент тарихини ўрганишда янги шаҳар ва эски шаҳар қисмларига бўлиб ўрганади ва бу хато қарашдир. Ўрда майдонидан оқиб ўтувчи анҳор билан ажралган қисмлар бу Совет ҳукуматининг айрим масъуллари томонидан ўйлаб топилган кучли ғоя бўлган. Улар янги шаҳар қисмини ўзлари учун яшашга қулай қилиб қуришган ва эски шаҳар қисми уларга доим иккинчи ўринда бўлган.
«Шаҳарнинг айнан эски шаҳар қисмига «Москва» меҳмонхонасини қуриш учун зарурат бормиди? Бунинг устига шаҳарнинг қоқ маркази эски, асрлар давомида бутун халқларни, бутун миллатларни, бутун сиёсий жараёнларни ўзининг бошидан ўтказган ҳудуд учун «Москва» номининг берилиши бу қанчалик тўғри эди? Халқ «Москва» номини меҳмонхона учун қабул қилолмади. Бу ном халқнинг юрагига сингмади. Биринчидан, бу ҳудудда тўлиқ мусулмонлар яшовчи, иккала томонида мусулмонларнинг икки йирик залворли масжидлари жойлашган ҳудудда бизга бегона бўлган шаҳарнинг номининг қўйилиши ва шаҳар номи остида ўзининг ёт ғоясини сингдириши таъсир қилмади».
Тарихчининг фикрича, меҳмонхонанинг айнан бу ҳудудда қурилиши «Чорсу» майдонининг туристлар учун ҳар тарафлама қулайлиги, шаҳарнинг қадимий манзараси ва замонавий ҳудудининг туташган нуқтасида жойлашгани эди.
Қайта қайта қабул қилинган қарорлар, инвесторлар ва таъмирлаш ваъдалари
«Москва» номи билан фойдаланишга топширилган меҳмонхона 2000 йиллар бошида таъмирлаш учун ёпилган эди.
2002 йили 26 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида меҳмонхона бизнеси ва халқаро туризмни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 2 сентябрдаги 310-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда «Чорсу» меҳмонхона комплексини реконструкция қилишни жадаллаштириш мақсадида қарори эълон қилинади.
Унда «Ўзбектуризм» миллий компанияси ва «Эмсаш» (Туркия) фирмасининг устав жамғармаси 10 млн АҚШ долларидан иборат бўлган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Чорсу Отель» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган. Ўзбекистон томонининг улуши «Чорсу» меҳмонхона комплекси тарзида 3 млн АҚШ доллари миқдорида ва «Эмсаш» фирмасининг улуши асбоб-ускуналар ва пул маблағлари тарзида 7 млн АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Бу қарорда миллионлар ҳақида гап бордию, ижро фақат қоғозларда қолиб кетди.
2010 йили Ўзбекистон ҳукумати «Чорсу» меҳмонхонаси таъмирини 2012 йил 1 сентябригача тугатиш ҳақида қарор қабул қилган.
2012 йилда қабул қилинган ва Тошкент шаҳри туристик салоҳиятини оширишга қаратилган янги қарорда ҳам «Чорсу» меҳмонхонаси таъмири ҳақида сўз борган, унга кўра таъмирлаш ишлари 2013 йил июлига қадар тугатилиши керак эди.
Лекин, буларнинг ҳаммаси қуруқ ваъдалар экан.
Кейин ҳам «Чорсу» меҳмонхонасини таъмирлашга бир неча бор ҳаракат қилинди. Жумладан, Япониянинг Тоёко-Инн, Туркиянинг Демир Гроуп каби компанияларга сотилган эди. Дастлаб, Тоёко Инн билан, 2019 йилда эса Аҳмет Демир билан тузилган шартнома бекор қилинди. Бунга сабаб қилиб инвестор Ўзбекистонда кадастр ҳужжатларини расмийлаштирувчи органларнинг сусткашлигини, уларсиз банкдан кредит ололмаётганини кўрсатди. Бунга жавобан Тошкент Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Аҳмет Демирнинг пули йўқлигини, у Америкадаги бошқа бир компания билан яширин келишув қилиб ундан пул олмоқчи бўлгани ҳақида гапирган. Унинг кредит ололмаётгани ҳақидаги эътирозига эса «Сен бизнинг банклардан кредит олиш эмас, четдан бизга инвестиция киритишинг керак эди»,- дея жавоб қайтарди.
Хорижий корхона томонидан олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 2 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилинган.
Demir Group «Чорсу» меҳмонхона мажмуасини ҳукумат кафолатисиз 33 млн. доллар миқдорида инвестиция киритиш орқали 270 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона мажмуасини қуриш ва 350 та янги иш ўринини яратиш шарти билан сотиб олган эди.
Сўнгги маротаба «Чорсу» меҳмонхонаси 2020 йил 17 февралида «Ittihad International Investment LLC»га 16,9 миллиард сўм эвазига сотилди.
Бирлашган Араб Амирлигида рўйхатдан ўтган хусусий сармоя компаниясига ўша вақтда икки йил ичида камида 25 миллион АҚШ доллари инвестиция киритиш, 150 та янги иш ўринларини яратиш ва 3 юлдузли меҳмонхона қуриш шарти қўйилган.
Ҳозир 2022 йил, одатдагидек, миллиардлар ҳақида гап бордию, муддат тугасада, шартлар яна бажарилмади.
Биз бунинг сабабини аниқлаш мақсадида «Ittihad International Investment LLC» билан боғланишга ҳаракат қилиб кўрдик, аммо компаниянинг электрон манзилига йўллаган мурожаатимизга жавоб қайтмади. Шунингдек унинг интернетдаги расмий сайти 2008 йилда очилганидан кейин деярли ўзгармагани, Фейсбукдаги саҳифаси эса 2014 йилдан буён ишламаётгани аниқ бўлди.
Нега саволлар очиқ қолаяпти? Берилган жавобларни эса тайини йўқ.
Давлат активларини бошқариш агентлигига декабрь ойида мурожаат қилганимизда улар «Ittihad International Investment LLC» компанияси томонидан шартнома тўловлари график асосида амалга оширилиб келинаётганини айтган эди:
«"E-Auksion“ электрон савдо платформаси орқали 2020 йил 17 февраль куни ўтказилган аукцион савдолари натижасига кўра, ”Ittihad International Investment LLC" компанияси (БАА) савдо ғолиби деб топилиб, томонлар ўртасида белгиланган тартибда олди-сотди шартномаси имзоланган ва инвестор томонидан харид тўловлари график асосида амалга ошириб келинмоқда».
2021 йил 21 декабрь куни Ёшлар форумида нутқ сўзлаган Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов меҳмонхонанинг бошқа инвесторга сотилиши кўриб чиқилаётгани ҳақида гапирди.
Бу ҳолат бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Азиз Воитовдан изоҳ сўраганимизда эса у жавоб бера олмади ва Умурзоқовнинг жавобини изоҳлай олмасдан бу бўйича Давактивга мурожаат қилишимиз кераклигини айтди.
Хўш энди нима бўлади? Муҳташам меҳмонхона яна қайта сотувга қўйиладими?
Ёки бир неча йиллар давомида хароба аҳволда қоладими? Масъулларимизда бу масалани ҳал этиш учун қандай қўшимча чоралар мавжуд? Тегишли давлат идораларидан мазкур саволларга жавоб кутиб қоламиз.