Амалдорларнинг ўз мансабларидан фойдаланган ҳолда катта-катта иқтисодий империяларни яратиши ва офшор ҳудудларда яширин номлар билан солиқлардан беркитилган компанияларни юритишига кўз юмиш давлат, халқ мулкига хиёнат сифатида кўрилиши керак эмасми?
Rost24.uz сайтида куни кеча Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси Раъно Раматовага тегишли бўлган офшор ҳудудлардаги компаниялар ва Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамлари ҳақида «Раматова хоним ортидаги миллиардларга етакловчи бизнес империя ошкор бўлди», сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот котиби Дурдона Очилова мазкур мақоладаги маълумотлар агентлик томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.
Жорий йилнинг февраль ойида Раъно Раматовага тегишли Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақам ва ундаги маблағ миқдори очиқланган эди. Мухбиримиз томонидан Акмал Бурхоновга мурожаат қилиб, амалдорнинг рафиқаси бўлган Раъно Раматова иши коррупцияга алоқадорлик бўйича ўрганилиши кераклиги сўралган. Ўша вақтда агентлик раҳбари Credit Suisse масаласи бўйича ўрганиш учун етарли, ишончли далиллар йўқлигини маълум қилган эди.
Эндиликда, Очилбой Раматов 10 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Раматова орқали офшор ҳудудлардаги молиявий ўйинлари тўғрисидаги маълумотларни Коррупцияга қарши кураш агентлиги қандай талқин этади? Амалдор қонун олдида жавоб берадими? Тафсилотларни сайтимиз орқали таништириб борамиз.
Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов Ўзбекистон амалдорларининг хорижда ҳисоб рақам юритиши келажакда қонунан тақиқланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, агентлик томонидан 2022 йилдан давлат хизматчилари даромад декларациясини тўлдиришларини кўзда тутувчи меъёр жорий этилиши ҳақида ҳам маълумот берилган.