Бу занжир Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов рафиқаси Раъно Раматовага боғланган
Гарчи Раматова ва унинг яқинлари бу маълумотларни инкор қилаётган бўлса-да, суруштирувга ихтисослашган ОАВлар миллиардларга етакловчи бизнес империя ҳақидаги фактларни оммага ошкор қилишда давом этмоқда.
Ғариблашган «Ўзбекистон темир йўллари» ва Раматовага қарашли бўлган Швецариядаги ҳисоб рақамлар
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси Раъно Раматованинг офшор ҳудудлардаги йирик бизнеслари ҳақида ўзбек оммавий ахборот воситаларида кўп ҳам ёзилмаган. Аммо дунё ОАВсида жорий йилнинг февраль ойида Раматова хонимнинг Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамида 2010 — 2015 йилларда 1 миллион доллардан ортиқ маблағ бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалди.
Раматова эса “Daryo” нашри билан суҳбатда вазиятга изоҳ бераркан, бундай хабарлар ёлғон ва ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қолаверса, ҳеч бир хорижий банкда ўзининг ёки унинг оила аъзоларига тегишли ҳисобрақам мавжуд эмас ва илгари ҳам бўлмаган. Раматова ОАВдан сохта маълумот тарқатмасликни сўраган.
Бироқ Коррупция ва уюшган жиноятларни тадқиқ қилиш марказининг кейинги очиқлаган маълумотлари Раматова хонимнинг фамилияси Ўзбекистондаги яширин йирик молиявий ўйинларга аралашганини тасдиқламоқда. Бу сафар тадқиқот маркази тақдим этган ҳужжат ва тафсилотларни шунчаки “фейк” дея инкор қилиш имконсиздек.
Ўйлаймизки, ушбу тафсилотлар Ўзбекистондаги Коррупцияга қарши кураш агентлиги маъмуриятини ҳам жиддий ўйлантиради ҳамда Раматова ва унинг ортидаги фамилияларга текширув очилишига сабаб бўлади.
Раматова хоним ортидаги бизнесмен ким?
Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази Очилбой Раматовнинг рафиқаси билан боғлиқ қуйидаги фактларни очиқлаган.
• Раъно Раматова Швецария банкида ҳисоб рақамига эгалик қилган ва бу ҳисоб рақами учун ишончнома Ўзбекистондаги йирик бизнесменлардан бирига тегишли бўлган.
• Ишончномага эга йирик бизнесмен "Orient Group" компаниясининг таъсисчиларидан бири ҳисобланади. “Orient Group” эса ўз ўрнида Раъно Раматованинг турмуш ўртоғи 20 йил давомида бошқарган “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятининг бизнес ҳамкори бўлган.
• Шунингдек, Раматова хонимнинг “Ўзбекистон темир йўллари”дан пул ўзлаштириш учун махсус очилган офшор компанияси ҳам бўлган. Раматова ортидаги йирик тадбиркор Файзуллажон Мирзаев бўлиб, у Ўзбекистонда бир қанча банк, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш каби соҳаларда йирик бизнесларга эга шахс.
Раъно Раматовага тегишли Швецариядаги банк ҳисоб рақамидаги пуллар пора ёки бошқа қинғир йўллар билан тўплангани ҳақида тўғридан- тўғри маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ, “Orient Group” Раматовнинг чўнтаги бўлган, дейилади тадқиқот марказининг материалида.
Шунингдек, (Pandora Papers) Пандора қоғозларида ҳам Очилбой Раматов ва Файзуллажон Мирзаевларни боғлаб турувчи бизнеслар ҳақида маълумотлар сизиб чиққани айтилади.
Пандора қоғози маълумотларига кўра, Раъно Раматова Британиянинг Виржин оролларида “Keltran International Limited” компаниясига асос солган. Аммо, Раматова ушбу компания бенефициари бўлсада, унинг фойдаларига тўғридан-тўғри эгалик қилмаган. Ушбу фирманинг эгаси сифатида яна бир офшор компания кўрсатилган. Коррупция ва уюшган жиноятларни тадқиқ қилиш маркази журналистларига кўра, бу ўйинлар Раматова хонимнинг машҳур номини яшириш учун амалга оширилган.
Раматова ўз даромадлари манбаси сифатида Ўзбекистондаги темир йўллари бизнесини кўрсатган. Аммо, бизга маълумки, Раъно Раматова “Ўзбекистон темир йўллари”нинг акцияларга эгалик қилмаган. Раматова хонимга тегишли, дея кўрилган “Keltran International Limited” компанияси қимматбаҳо қоғозларга инвестиция киритиш билан машғул бўлган ҳамда ушбу компания бошқаруви билан Швецариянинг “Clariden Leu” номли хусусий банкининг вице президенти шуғулланган. Банкнинг Раматова номидан иш юритиш ҳуқуқи бўлган. Келтран компаниясининг ҳисоб рақами эса Falcon Private номли Швецария банкида сақланган.
Россиядаги миллион долларлик офислар
Келтран фирмасининг юридик манзили Раматовага қарашли, деб кўрилган яна бир йирик компанияга етаклайди. Ушбу компания 2010 йилда Россияда рўйхатдан ўтган “Эйч Ди Трейд” фирмасидир. “Эйч Ди Трейд” 2014 йилда 600 метр квадратли офисларни сотиб олган. Шартнома суммаси эса маълум эмас. Ҳозирги вақтда бу ҳажмдаги офислар нархи тахминан 1.3 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланади.
Раъно Раматова ўзи инкор этган “Credit Suisse” банкидаги ҳисоб рақамини 2010 йилларда, айнан офшор компанияларни таъсис этган вақтда очган.
Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази Раматова хонимнинг Швецария банкидаги ҳисоб рақамлари ва офшор компанияларига тегишли расмий ҳужжатларни очиқ тақдим этган. Мақолага кўра, Раматова хоним тан олмаган ҳисоб рақам айни дамда ёпилган.
2021 йили Rost24.uz сайтимизда “Ўзбекистон темир йўллари”нинг ўтган асрдан қолган абгор вагонларидан репортаж эълон қилинган эди. Ортида шундай катта бизнес ва Швецарияда ҳамёнларни яратган «Ўзбекистон темир йўллари»да ҳамон Совет иттифоқидан қолган тарихий вагонлар ишлаб турипти. Бу вагонлар аҳоли учун сифатли даражада хизмат қилмаган бўлса-да, хорижий ҳисоб рақамларни тўлдириш учун беминнат бел боғлаганга ўхшайди.
P/S: Rost24.uz эндиликда амалдорларнинг офшор ҳудудлардаги яширин бизнеслари ҳақида маълумотлар бериб боради. Бу яширин миллиардлар ортида сиз кутмаган номлар ҳам бор.
Бизни кузатиб боринг.