Россиянинг Украинага уруш очганига қарийб икки ой бўлмоқда. Айни дамда нималар бўлаяпти? Қанча бола қурбон бўлди? Сўнгги кун тафсилотлари ва суратлари билан танишиб бу саволларга жавоб олишингиз мумкин.
Украина бош прокурори Ирина Венедиктованинг айтишича, Киев чеккасидан 410 нафар ҳалок бўлган тинч аҳоли жасади олиб чиқилган. Сўнгги уч кун давомида улар суд-тиббиёт экспертлари ва бошқа мутахассислар томонидан ўрганилган. Бу қурбонларнинг якуний соними ёки йўқми, ҳозирча маълум қилинмаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Бучадаги воқеаларни мустақил текшириш зарурлигини маълум қилди.
Апрелдан Болтиқбўйи мамлакатлари (Латвия, Литва ва Эстония) Россиядан газ олишни тўхтатди.
Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларига қўшилган Швейцария Россия фуқароларига тегишли ўнта мулкни музлатиб қўйди.
«Меркел хоним ва жаноб Саркозини Буча шаҳрига ташриф буюришга ва 14 йил давомида Россияга ён бериш сиёсати нималарга олиб келганини кўришга таклиф қиламан. Улар украиналик эркак ва аёлларнинг қийноққа солинганини ўз кўзлари билан кўришлари керак. Биз халқимизга қарши қилинган бундай шафқатсиз қатлиомда рус ҳарбийларидан бошқа ҳеч кимни, уларга буйруқ берганларни ҳам айбламаймиз. Лекин биз Европанинг ҳаракатсизлиги ҳақида гапиришга ҳақлимиз», Владимир Зеленский.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен: «Россия тарк этаётган ҳудудларда таърифлашга тил ожиз бўлган даҳшатлар ҳақидаги хабарлардан ҳайратдаман. Шошилинч равишда мустақил тергов ўтказиш зарур».
Украина ҳимоячилари маълумотлар асосида, яқин кунларда Донеск, Луганск, Харков вилоятлари йўналишида босқинчилар билан оғир жанглар бўлишини кутмоқда. Маълум бўлишича, у ерда Россия қўшинларининг катта гуруҳи тўпланмоқда.
Молдовада 4 апрель куни Украинада ҳалок бўлган тинч аҳоли учун мотам куни деб эълон қилинди.
Россия Федерацияси «украиналик радикалларнинг Бучадаги провокациялари туфайли» БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини чақиришни талаб қилган.
***
Дмитрий Кулеба: «Бучада кўрганимиз бир ҳақиқатни аниқ кўрсатиб турибди: Россия ўзининг ваҳшийликлари, жиноятлари, бу жиноятларнинг кўлами ва Россия армиясининг Украинадаги шафқатсиз хатти-ҳаракатлари билан ИШИДдан ҳам ёмонроқ».
«Россия Украинага бостириб киришда қўйган мақсадларидан бутунлай воз кечди, стратегик омадсизликка ва эҳтимол мағлубиятга учради», — АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
4 апрель ҳолатига кўра Украинадаги уруш оқибатида 161 бола ҳалок бўлган, 264 нафар бола жароҳатланган. Бу ҳақида мамлакатнинг вояга етмаганлар прокуратураси хабар бермоқда.
Песков Россия Бучадаги тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақидаги ҳар қандай айбловларни қатъиян рад этишини маълум қилди.
Илгари газ учун тўловни рублда тўлашга тайёр бўлган Словакия ўз фикридан қайтди ва фақат еврода тўлов қилишини маълум қилди.
Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украина бюджетининг йўқотишлари кунига тахминан 67,8 миллион долларни, инфратузилма йўқотишлари кунига 4,25 миллиард долларни ташкил қилмоқда.