Қорақалпоғистонда албатта бориш керак бўлган беш манзил

03.04.2022 11:50

Қорақалпоғистонда сайёҳлар учун жуда қизиқарли манзиллар кўп. Бу ўлка бир томондан экологик инқироз сабабли дунё эътиборида бўлса, иккинчи томондан бой тарихи, удумлари, маданий мерос объектлари ва меъморий обидалари билан ҳам кўпчилик қизиқишига сабаб бўлган.

Rost24.uz мухбири тайёрлаган видео-репортажда уларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.

Қорақалпоғистон Орол денгизи қуриши сабабли жуда катта глобал экологик муаммога учраган ҳудуд ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, айнан туристик потенциалнинг юқорилиги янги иш ўринларини яратилишига, ҳудуд аҳолисининг яшаш тарзини ўзгаришига туртки бериш мумкин. 

Хўш бу имкониятлардан етарлича фойдаланиляптими? Инфратузилма қандай йўлга қўйилган? Қорақалпоғистонга сайёҳларнинг ташрифини  кўпайтириш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Бу масалаларни Қорақалпоғистоннинг энг эътиборга молик 5 та тарихий ёдгорлиги ва зиёратгоҳлари мисолида кўриб чиқамиз. Инфотур Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган.

БИРИНЧИ МАНЗИЛ — «Кемалар қабристони»

1960 йилларда Мўйноқ шаҳри, айни номдаги оролнинг порти бўлиб, унга ё денгиз орқали ёки самолётда бориш мумкин бўлган. Айтишларича, бир кечанинг ўзида денгизнинг суви 200 метрга саёзлашган. Гувоҳлар бу ҳолатнинг эртасига одамлар денгизга келиб, бу ҳолатни кўриб йиғлашганини эслашади. Вақт ўтгандан кейин портдан қирғоққача канал қазиб денгизга қуйишмоқчи бўлишади, лекин ҳамма уриниш бесамар кетиб, ҳамма сувлар қурилишга кетиб қолади. Бугунги кунда Орол денгизи ва Мўйноқ ўртасидаги масофа 100 км ни ташкил этади. Аҳоли теварак-атрофдаги жойлардан занглаган кемаларни қуриган Орол денгизи портларига олиб бориб қўйишган. Сайёҳлар эса одатда айнан шу манзарани томоша қилишга келишади. Орол фожеасини акс эттириб турувчи бу ҳудуд шунинг учун ҳам «Кемалар қабристони» деб аталган. Бу манзил бутун дунё аҳолиси учун қизиқ ва қайғули бўлиб қолмоқда.

2014 йилда Буюк Британиянинг бутун дунёга машҳур “Pink Floyd” рок группаси ўзининг “Louder Than Words” (Сўзлардан баландроқ товушда) қўшиғи асосида суратга олинган клипи Орол денгизининг собиқ қирғоқларида тасвирга туширилган. Ушбу клипда Мўйноқ аҳолиси вакиллари суратга тушганлар.

ИККИНЧИ МАНЗИЛ — «Аёз қалъа»

Элликқалъа туманида жойлашган «Аёз қалъа» тарихий ёдгорлиги оҳактошли тепаликнинг текислик қисмида тўртбурчак ҳолатда жойлашган. Унинг қурилиши милоддан аввалги II, III аср бошларига тўғри келади. Ҳимоя деворларида арка шаклидаги йўлак ва унинг устида камончилар ўқ отишлари учун туйнукларни кўриш мумкин. Бу ерда қадимги Хоразм тилида оромий ҳарфлари билан ёзилган ёзув ҳам топилган. Бетакрор обида ўз вақтида Хоразмнинг шимолий-шарқий чегарасида мустаҳкам истеҳком вазифасини ўтаган. Ҳарбий гарнизон сифатида ишлатилган ушбу қалъа атрофдаги бошқа шунга ўхшаш қурилмалар қаторида Амударё қирғоғида яшаган аҳолининг тинчлигини таъминланган.

Мутахассис айтишига қараганда, Қорақалпоғистонда бу каби қалъалар 150 дан ошиқни ташкил қилади. Ҳар бирининг номи ва хусусияти ўзгача бўлган.

УЧИНЧИ МАНЗИЛ — «Ақчакўл»

Чўлнинг қоқ ўртасида марвариддек товланиб турган Ақчакўлнинг умумий майдони 1150 га тенг, энг чуқур жойлари 12 метргача етади. Ҳозирда ушбу ҳудудда «Бўстон туризм» фермер хўжалиги томонидан ўтовлар лагери, овқатланиш, тиниқ сувда чўмилиш, кўл бўйлаб катер ва катамаранда сайр қилиш, балиқ овлаш ва бошқа хизмат турлари ташкил қилинган. Шу билан бирга «Тупроққалъа тур» масъулияти чекланган жамияти томонидан замон талабларига мос 120 ўринга мўлжалланган 3 юлдузли меҳмонхона, тематик парк, амфитеатр ва бошқа объектларнинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу кўлнинг олдида ўтовлар ҳам мавжуд. Балиқчилар Ақчакўлдан сазан балиғини кўпроқ тутишларини айтиб ўтишди.

ТЎРТИНЧИ МАНЗИЛ — Ҳоким Ота – Сулаймон Бақирғоний зиёрат мажмуаси

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот шаҳридаги Ҳоким Ота – Сулаймон Бақирғоний зиёрат мажмуасида ҳозирда реконструкция ишлари кетмоқда. Мажмуага бугунги кунда нафақат маҳаллий аҳоли, балки чет элдан келган меҳмонлар ҳам ташриф буюради.

Сулаймон Бақирғоний Аҳмад Яссавийнинг энг биринчи шогирдларидан бўлиб, ислом динини Марказий Осиёда кенг ёйилишида ўз ҳиссасини қўшган.Шунингдек, Сулаймон Бақирғоний туркий шеъриятнинг ҳам йирик вакилларидан бири саналади. Бақирғоний тахаллусининг берилиши эса унинг туяси билан боғлиқ. Ерлик аҳолининг сўзлашича, у бирон жойга сафарга чиққанда туяси қаерда бақириб қолса, ўша ерда қўним топиб, динни одамларга тушунтирган экан. Шу сабабли ҳам тахаллуси «Бақирғоний» дейилган. 

Зиёрат мажмуаси ёнида кутубхона ҳам ташкил қилинган. Бу кутубхонада бир қанча тарихий китоблар мавжуд,  Сулаймон Бақирғонийнинг тарихи акс этган китоб китоб ҳам улар қаторида туради. Ҳар бир меҳмон келганда ўша китобдан бир донасини совға қилишади. 
 
БЕШИНЧИ МАНЗИЛ — Қорақалпоғистон Республикаси маданият ва тарих музейи

Кўпчилик қорақалпоқ диёрига борганда албатта Осиё дурдонаси-Савитский музейини кўрмай қайтмайди. Лекин, маданият ва тарих музейи ҳам жуда қизиқарли экспонатларга бой экан. Бу музей 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда қарийб 90 мингга яқин экспонатлари мавжуд. Улар сизга худди қорақалпоқ халқининг ўтмиши ҳақида сўзлаётгандек бўлади. Энг қадимий тарихдаги ашёлардан тортиб, бугунги кунга қадар бўлган жараённи акс эттирган экспонатларни бу музейда кўриш мумкин. Қорақалпоқ табиати, жониворлари, қирилиб кетган ҳайвонлар, тош даврига оид буюмлар, сопол идишлар кабилар шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида

Ёзда қум ва туз аралаш шамоллар, қишда қаттиқ ва қуруқ совуқ бўлиши, сувнинг шўрлиги, ернинг шўрхоклиги кабилар ҳудудда аҳоли яшаши учун катта ноқулайликлар туғдиради. Бошида айтганимиздек, туризм қорақалпоқ аҳолиси даромадини ортишига хизмат қила олиши мумкин. Янги иш ўринлари яратилиши ҳам долзарблигича қолмоқда. Жойларни кузатар эканмиз, қорақалпоқ заминининг туристик салоҳиятидан ҳали тўлалигича фойдаланилмаяпти, деган хулосага келдик. Яхши тарғибот, инфратузилмани ривожлантириш, қулай транспорт логистикасини йўлга қўйиш бу салоҳиятдан фойдаланиш имконини оширади. 
 

Маълумот учун: Қорақалпоғистон Республикасининг умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси 16 та туман ва 1 та шаҳардан иборат. Булар Амударё, Беруний, Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қанликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Тахиатош, Чимбой, Шўманой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳридир.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
20
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
04.04.2022 16:44
"у ҳудудининг катталиги жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ўртасида биринчи ўринда туради."