Ягона имтиҳон маркази – қонунийлаштирилган коррупция эмасми?

26.03.2022 15:58

Рақамларни суммага айлантирсак кўп нарса ошкор бўлади

Ягона имтиҳон марказининг схемаси фақат фуқаролар ютқазадиган ғирром қимор ўйинларини ёдга солмоқда

Ўзбекистонда автомобилга боғлиқ бўлган ҳар қандай кўринишдан маблағ йиғиш авж олган.

Автомобилга алоқадор биргина ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш қолган эди. Бу коррупция ҳам монополиялаштирилди. Аниқроғи, биргина хусусий секторга қонун билан хатлаб берилди.

Ягона имтиҳон маркази – номи ҳам монопол сўзининг ўзбекчадаги мазмун моҳиятини яққол кўрсатиб турибди. Бу очиқчасига “монопол бўлсам, қўлингдан нима келарди” деган дўқ-пўписадан бошқа сўз эмас.

Энди рақамлар билан таҳлил қиламиз:

Комил Алламжонов ўзининг ЯИМнинг бир ойлик фаолиятидан фахрланиб қуйидаги рақамларни келтирган:

“Жорий йилнинг 4 февралидан то бугун (14 март)га қадар, Тошкент имтиҳон марказига автомактабларни тугатиб 2406 нафар одам келди. Шундан 347 тасигина имтиҳонлардан ўта олди. Қолган 2059 нафар фуқаро йиқилган.”

2406 нафар фуқаро биринчи амалий ва назарий имтиҳон учун 240 600 000 сўм тўлов қилди.

Атиги 38 кун ичида 2059 нафар имтиҳон топширувчи фуқароларимиз йиқилган. Аниқроғи йиқитилган. Чунки 2059 нафар фуқароларимиз қайта имтиҳон топшириш учун ҳар бири яна 500 000 сўмдан тўлашлари шарт бўлади. Бу дегани қўшимча 1 029 500 000 сўм даромад. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзидан бир ойда бир миллиарддан сўмдан ортиқ қўшимча даромад келишини қонуний коррупция дейиш мумкин эмасми?

Энди ҳисоблаймиз: бир йилда бир вилоятдан тушадиган 12 миллиард сўмни 14 га кўпайтирамиз. Демак, бир йилда 168 миллиард сўм шафқатсизлик эвазига йиғилади. Бу рақамлар йиқилганларнинг фақат иккинчи бор топшириши эвазига йиғиладиган сумма. Олдинда ҳали учинчи бор, тўртинчи бор, ва ҳоказо марта йиқилиш эвазига тўланадиган мўмай даромадлар бор.

Илк бор имтиҳон топшираётганларнинг тўловларининг ўзи кетадиган харажатлар учун етиб ортади. 240 600 000 сўм бир вилоятдан бир ойда йиғилмоқда

Бу ерда мукаммал арифметик тарзда ишлаб чиқилган янги услубдаги пирамиданинг схемаси кўринмоқда. Йиқитилаверасан, яна 500 000 минг сўмдан тўлайверасан, бир кун омад келиб қолар деб. Қўпол қилиб, гапнинг пўст калласини айтганда, ғирром устига қурилган қиморга пул тикаверасан.

Бу одамлар ҳали яна неча маротаба йиқитилади. Чунки уларнинг билими эмас, пуллари керак.

“Соққа”ли ишларини йўлга қўйиб олган Ягона имтиҳон маркази тўловларни 50 фоизга оширмоқчи эканлигини ҳам шошилинч равишда маълум қилди. Агар шунга эришса, юқоридаги рақамлар 50 фоизга ортиб кетиши мумкин.

Агар Ягона имтиҳон марказини ташкил этганларда коррупцияни йўқотиш мақсад бўлганда эди қайта имтиҳон топширишни текин ёки арзонроқ қилиб қўйган бўларди.

2406 нафар имтиҳон топширувчилардан омадли саналган 347 нафардан бири билан биринчи уринишдаёқ қандай ўтганлигини сўрадик.

Исми сир қолишини истаган шахс (зарур бўлса исми шарифи ҳам ошкор этилади) унга Ягона имтиҳон марказидагилар имтиҳондан ўта олмаганини айтишган. Амалий имтиҳонда чизиқни босган эмиш. Йиқитилган бола эса ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб камерадаги ёзувларни кўрсатишни талаб қилаверган. Шундан сўнг масъуллар “сен йиқилган бўлсанг ҳам истисно тарзида ўтказамиз, фақат жимгина кетсанг бўлди” деб Ҳайдовчилик гувоҳномасини беришган.

Энди саволлар туғилади: йиқилган бўлса, нега ўтказди, йиқилмаган бўлса, нега йиқилди дейишди?

Олдимизда яна бир хатар бор. Бундан буён назарий саволлар ДТМ саволларига ўхшаб қийинлашиб бораверади. Чунки мўмай даромад келтиришга асосланган схема шуни тақозо этади. Қанча кўп фуқаро йиқитилса, даромад манбаи шунча ортиб бораверади.

Ягона имтиҳон маркази асосчилари эса ташкилотининг фаолиятидан фахрланиб, фуқароларимизни ўқимаганликда ва саводсизликда айблашда давом этаверади.

Энди астрономик рақамлардан бу борада чиқарилган ҳужжатларга эътибор қаратамиз:

Ягона имтиҳон маркази Президентимизнинг 2020 йил июль ойида чиқарилган “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Ягона имтиҳон маркази асосчилари ҳам айни шу қарорни рўкач қилишади. Аммо бу қарордан “чорасиз халқнинг пулини шафқатсизларча шилиб олинсин” деган жойини топа олмади.

Тўғри, унда “ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади” дейилган. Аммо бу ерда нарх кўрсатилмаган. Бу дегани – ўзинг хоҳлаган нархни қўйиб олавер дегани эмас.

Биринчи имтиҳон 100 минг сўм этиб белгиланган экан. Кейингилари аслида камроқ бўлиши керак эмасмиди? Шундай бўлганда, Ягона имтиҳон маркази асосчиларининг халқ дардида юрганига ишонса бўлар эди.

Ягона имтиҳон маркази атрофида бўлаётган кейинги жараёнларга келсак, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам айни шу монополияга ўз муносабатини билдириб, Антимонополия қўмитасига “депутатлик сўрови”ни киритган.

“Республиканинг баъзи ҳудудларида имтиҳонларни ўтказиш марказлари ушбу соҳада етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилмай туриб, Президент қарори талабларига зид равишда фаолияти тўхтатилган”, дейилади Р.Кушербаев “депутатлик сўрови”да.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “депутатлик сўрови”га жавобан, Президент қарори талабларига зид ҳаракатлар содир этилаётганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукуматга) киритиш учун тегишли таклиф ишлаб чиққанлигини маълум қилган.

“Битта тадбиркорлик субъектининг тезроқ “соққа ишлаши”га имконият бериш учун шошиб-пишиб бошқа давлат имтиҳон марказларини ёпиш орқали Президент қарори талаблари ҳам бузилган”, дейди айни шу қарор талаблари бузилишининг сабабини изоҳлаган депутат.

“Ҳайдовчилар учун имтиҳон олувчи давлат имтиҳон марказлари ёпилишида ПРЕЗИДЕНТ қарорини умуман менсишмаган. Соғлом давлатларда давлатнинг ўрнини хусусийлар эгаллаб олгунича, давлат у ерни ўзи банд қилиб туради. Чунки талаб, эҳтиёждан келиб чиқади барчаси. Қонунни ишлаб чиқаётганлар ҳам шунинг ҳисобини олган. Бироқ ижро бизнинг энг нозик нуқтамиз бўлишда давом этмоқда. Президентни ёлғон статистика билан ишонтирганлар эндиликда муқаддас қонунларга иккиланмай оёқларини қўймоқда”, деди блогер Зафарбек Солижонов.

Ягона имтиҳон марказининг асосчиси Комил Алламжонов депутат Расул Кушербаевга жавобан шундай дейди:

“Соққа” қилишга келсак, айнан “соққа” ҳар соҳанинг драйверидир. Сизнингча фикрланса, сиз ҳам фақат “соққа” учун ишлайсиз ва "соққа қиласиз", чунки текинга ишламайсизку (ўзингиз айтгансиз шу гапни, видео иловада). Аслида “Соққа” қилиш гуноҳ эмас. Жиноят ҳам эмас. Албатта, уни қандай қилиш муҳим. Масалан, биз ҳозирда ҳаммасини қонуний қиляпмиз. “Соққа” туфайли Марк Цукерберг Facebook, Илон Маск Tesla, Дуров Telegram, Стив Жобс iPhone’ни яратди. Агар “соққа” келмаса, бундай технологик ривожланиш бўлмас эди.

К.Алламжонов “Озодлик” радиоси билан суҳбатда “бу ишларни қилишимдан мақсад – у дунёда жаннатдан ўрин олиш” деган эди. Юқоридаги сўзларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, халқнинг чўнтагини мажбуран шилиб жаннатдан жой сотиб олмоқчи деган хулосага келиш мумкин.

Марк Цукерберг, Илон Маск, Дуров, Стив Жобслар ўз ақл-идроклари билан миллиардер бўлишган. Улар бўлар-бўлмас қонунлар орқали монополия яратмади. Улар бойлик изидан қувишмади, аксинча бойлик уларни ўзини қувиб юришади. Улар инсоният учун зарур бўлган омилларни яратди. Тайёр нарсаларни бузиб ўзларига мослаштирмади.

P.S. Тролларга эслатма: жўяли фикр билдириш қўлингиздан келса эътироз билдиринг, бирор ақлли гап айта олмасангиз сўкиниб ўтирманг. Акс ҳолда, сиз тарафини олаётган шахснинг обрўйига қандай баҳо беришни ҳам белгилаб берган бўласиз...

****

Мавзуга оид мақолалар:

Алламжонов манфаати учун Президент қарорига қарши чиқилдими?

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
33
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
06.04.2022 00:06
Tilloga teng maqola boʻlibdi. Gap yoʻq.
31.03.2022 17:28
Боракалло Рост 24, жуда ажойиб мақола чиқибди
31.03.2022 01:50
Бироз суст мақолангиз. Хиссиёт ва субъектив бахолар кўп. Мазмунан сиз билан хамфикр бўлсам-да, форма нуқтаи назаридан - хали кўп ишлаш керак.
30.03.2022 08:31
Нега такрорий имтихон топшириш қиммат қилиб қўйилган. 1. Биринчи марта имтихонга келган шахсни маълумотларини базага киритишга атиги максимум икки УЧ дақиқа кетса керак. 2. Иккинчи марта имтихонга келган одам маълумотлари базада бўлсаю яна кўпроқ пул тўласа мантиқ қаерда ўртоқ Алламбаложоноп
29.03.2022 19:29
Ажойиб ишлар буляптику, давом этинглар рост24,
29.03.2022 18:42
Ассалому алейкум майли очсин юритсин лекин мактаблани йопмасин тугри йуналишли талаб куйсин кегин узи ишлаб чиккан билетларини оммага хавола этсин беркитиб куймасдан кегин ишлатсин
29.03.2022 16:34
Я.И.М. Имтихонларига катнашиб чиккан фукароларимиздан купрок журналистик суриштирувларутказиш керак. Нима сабабдан утаолмаганлиги хакида ва имтихондан утганларидан, имтихонда хакикат бор йуклиги хакида. Агар имтихонда хакикат булса, билими бор имтихондан утса бунинг зарари йук. Факат фойда халкимизга.
29.03.2022 15:36
Буларни максади нима узи тушунмайсан халкни сабрини синашаябдими качон туйишади булар
29.03.2022 14:40
Марк Цукерберг,Стиф Жобс,Илон Маск лар конунни у́зларига мослаштириб олгани йукку Карл.
29.03.2022 14:24
Монополист узини даромадини оклашга харакат килаяптими?
29.03.2022 11:18
100% Rost24 XAQSIZ, MEN VA MENING YAQINLARIM, SIZ TAMONDAMIZ, OLG‘A....
29.03.2022 05:56
Лекин афсуски хеч Ким бу нарсани тухтата олмайди, чунки бу бизнеснинг оркасида коттаконлар туради...
28.03.2022 16:27
Биринчи булиб мана шу взломать Алламжонов жаноблари ва унинг якинларини халк бирлашиб узининг имтихон марказида имтихон топширишга мажбур килишимиз керак. Имтихончилар шу валломат ёптирган автомактабларнинг тажрибали устозлари булиши шарт. Алламжонов халкни эзиб жаннатий булмокчи булибдиларда?
28.03.2022 00:51
qoyil! Kalamushlarni fosh etishdan to'xtamang!
27.03.2022 16:29
Хозирги кунда автомактабларда ўқиш қандай олиб борилаётгани сир эмас. 2406 та имтихон топширувчидан 347 таси имтихондан муваффаққиятли ўтгани, бу автомактабларда ўқиш қай даражада олиб борилаётганини кўрсатиб турибди. Қанча пул тўлаганини нима фарқи бор? Охирги вақтда кўчаларда йўл қоидаларини умуман билмайдиган хайдовчилар ҳам кўпайиб кетган эди. Имтиҳондан ўта олмаганлар, кейинги имтиҳонда пухта билим олиб келишса албатта ўтади. Ўқиш керак! Пулни кучи билан ўтиб кетаман деб ўқимасдан хайдовчилик гувохномасини олишга уриниш керак эмас. Шунда кўчаларимизда ҳам тартиб ўрнатила бошлайди.
27.03.2022 12:06
Avtomobil qimmat, "prava" qimmat INSON QADRI esa.....
27.03.2022 10:15
Жамоатчилик ёппасига шу масаланинг ижобий ечимини топишга, ҳалиги жанобни фош этиш кетига тушса, бирйўла тизимини парчаласа бўлади.. Чунки, сабаблар айтилганиданда ортиқ, сабр косасини етарлича тўлдириб бўлди.