Айни дамда Тошкент ҳудудида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун фақатгина Алламжоновга тегишлилиги айтилган «Ягона имтиҳон маркази»да пул тўлаб имтиҳондан ўтиш мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, шу вақтгача Тошкентда фаолият юритган давлат имтиҳон марказлари Президент қарорига зид равишда ёпилган. Бу эса ўз ўрнида лоббистликка йўл қўймаганига ишонтирган Комил Алламжонов учун Тошкентдаги Ягона имтиҳон марказининг монопол сифатида пул топишга имкон яратган.
Расул Кушербаев айни марказ юзасидан «депутатлик сўрови»ни юборганини айтмоқда.
«Кенг жамоатчилик ва сайловчилардан бўлаётган мурожаатларни инобатга олиб, Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар учун имтиҳон олувчи «Ягона имтиҳон маркази» фаолиятининг йўлга қўйилиши ва давлат имтиҳон марказлари ёпилишида истеъмолчилар ҳуқуқлари, рақобат ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши масаласида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси номига «депутатлик сўрови» киритган эдим», дейди у.
Кушербаев ушбу сўровномаси юзасидан жавоб ҳам олган ва унда қайд этилишича Президент қарорига зид иш қилинган.
«Қўмитанинг билдиришича, Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4913-сонли қарорнинг 1-банди, 4-хатбошида тегишли ҳудудларда давлат функциялари ўтказилаётган соҳаларда етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилгунига қадар мазкур функцияларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Бироқ шунга қарамай ҳозирги кунда республиканинг баъзи ҳудудларида (Қашқадарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 6 та) Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш марказлари ушбу соҳада етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилмай туриб, Президент қарори талабларига зид равишда фаолияти тўхтатилган», дея изоҳлайди Кушербаев.
Кушербаевнинг билдиришича, Президент қарорида айнан бир ташкилотга эксклюзив ҳуқуқлар берилмаган ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган барча тадбиркорлик субъектларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни олиш ҳуқуқи берилган.
Шу муносабат билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Президент қарори талабларига зид ҳаракатлар содир этилаётганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасига (Ҳукуматга) киритиш учун тегишли таклиф ишлаб чиқилган.
Таклифда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича фаолияти ушбу хизматни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг етарлича ташкил қилингунига қадар, яъни ҳар бир ҳудудда аввал фаолиятда бўлган имтиҳон олувчи давлат ташкилотлари сонидан кам бўлмаган хусусий сектор бозорга киргандан сўнг тўхтатилиши назарда тутилган.
Бунда масалан, Тошкент вилоятида 6 та хусусий имтиҳон олиш маркази ташкил этилгунга қадар 6 та давлат маркази ишлаши керак. Нима учун 6 та дейилса, асос шуки яқин вақтгача талабдан келиб чиқиб Тошкент вилоятида 6 та марказ фаолият кўрсатган. Ундан ками етмайди.
Депутат баёноти сўнггида шундай хулоса қилади:
"Битта тадбиркорлик субъектининг тезроқ «соққа ишлаши»га имконият бериш учун шошиб-пишиб бошқа давлат имтиҳон марказларини ёпиш орқали Президент қарори талаблари ҳам бузилган.
Лоббист эмаслигига ишонтирган «соққакаш» тадбиркорлар айни масала юзасидан ҳам изоҳ берадилар, деб ўйлаймиз".
Монополияга қарши курашиш қўмитаси жавоби асосида депутатлар ҳам энди ҳукумат ва ҳукумат аъзоларига сўров киритиш ниятидалар.