Наврўз байрами муносабати билан 19-25 март кунлари ички сайёҳларга берилган чегирмалардан хабарингиз бор.
Аммо, байрамлару таътиллар муносабати билан чегирмалар эълон қилинган вақтда на темир йўл поездларига, на ҳаво йўлларига ва на автобусларга чипта топилмай қолиши охирги йилларда одатий ҳолга айланмоқда. Чунки, чипталар фуқаролар ва тур фирмалар томонидан катта тезликда сотиб олинади, транспорт эса аҳоли эҳтиёжи даражасида етарли эмас.
Тўғриси, ўтган 5 кун давомида вилоятлараро ҳаракатланган фуқароларнинг бошларидан ўтказган саргузаштлари ўзи бир катта ҳикоя бўлади.
Тошкент автовокзалида дам олиш кунларидан бир неча кун аввал билетлар онлайн тарзда сотиб олинган. Фақат автобусларга қўшимча рейслар қўйилганини 19 март куни Транпорт вазирлиги маълум қилганди. - «Тошкент» автовокзалидан амалдаги қатновларга қўшимча равишда ҳар куни шаҳарлараро йўналишларда ўртача 10 дан ортиқ автобус қатновлари ташкил этилмоқда, дейилган вазирлик хабарида. Бу байрам кунларидаги тирбандликни ечишга етарлича чора бўлгани йўқ.
Байрам кунларида вокзал атрофидаги вилоятларга қатновчи таксилар нархи жуда ошиб кетди. Албатта, кетадиган одам кўп, хусусан вилоятлардан пойтахтга келиб ўқийдиган талабалар нима бўлишидан қатъи назар албатта уйга қайтишади. Шундай катта эҳтиёж бўлгач таксичилар ўзлари истаган нархларни қўйиб олишлари мумкин.
- Таксилар 120 минг деяпти Самарқандгача, - дейди Муяссар опа исмли 60 ёшлардаги аёл, - Жуда инсоф қилгани 100 дейди, шу пайтгача 50 мингдан ошиққа кетмаганман. Автобус 38 минг эди, йўқ дейишяпти. Аллақачон тугаган дейди кассир қиз, бошлиғинг билан учрашаман десам дам олишку, йўқ келмаган дейди. Қўшимча автобуслар қўйилса бўладику, одам шунча кўп, шуни айтмоқчийдим бошлиғига. Қандай кетаман энди, билмаяпман.
- Чегирмали тугул чегирмасиз тезюрар поездларгаям чипта йўқ, - дейди кўчани тўлдириб турган талабалардан бири, - аҳволни кўряпсиз. Таксистларга вақтниям фарқи йўқ ҳозир, айтган нархидан сал пастроқ айтсангиз кулиб юборишяпти.
- Эртароқ ҳаракат қилиб чипта олиб қўймадингизми, чегирмалар анча аввал эълон қилингандику?
- Қанчалик эрта? Бугун чегирмалар эълон қилинди, эртасига кечга дарсдан чиқиб вокзалга бордим, одам кўплигидан навбатда туриб етиб борганимда сотиб бўлинди дейишди. Ҳамма қаергадир кетяпти, байрамда саёҳат қилиб келмоқчи ёки ота-онасини, қариндошларини кўргани бормоқчи, аммо рейслар етарли эмас. Шуни аҳоли сонига ёки шундай параметрларга нисбатан ҳисоблаб қўйиш наҳотки мумкин эмас?
- Ҳар доим байрамларда, таътилларда шу аҳвол бўлади, ҳамма буни яхши билади. Бунга аввалдан тайёргарлик кўриш мумкинку? Чегирма қилган билан рейс етишмаса, одамларда юлғич таксичиларга куни қолиб 2-3 баравар қимматига кетишса, бунинг нима фойдаси бор? Темир йўл вокзалидан келдим ҳозир, поездгаям бирорта чипта йўқ, чегирмали эмас, Афросиёб, Шарқ поездларигаям йўқ. Уларда чегирма йўқ, аммо шуларгаям бирорта билет топиб бўлмайди. Самолётгаку умуман йўқ, балки чегирма эълон қилинган сониядаёқ тур-фирмалар чипталарни сотиб олишгандир, билмадим. Рейсларни кўпайтириш, қўшимча автобуслар қўйиш керак ҳеч бўлмаганда байрам кунлари. Ахир ҳамманинг ҳам имконияти йўқ, самолётдан ҳам қимматроқ таксиларда кетишга. Аксарият талабалар, ишчилар, хизматчилар. Имконияти борларнинг ўз машинаси бор, автобусларда кетиш учун кўчаларни тўлдириб турганларнинг маблағлари режали.
- Мен 10 март куни байрам таътили вақти учун Қаршига поезд учун чипта олишни режа қилгандим, лекин ўша вақтдаёқ бу кунларга чипта йўқ эди,- дейди Рустам Набиев. - Чегирмалар эса 14 мартда эълон қилинди. Демак, энг кўп эҳтиёж бор йўналишларга бу имтиёзларнинг дахли ҳам йўқ. Чипталар олиб бўлинади ва кейин имтиёзларни эълон қилишади.
Маълумот учун, Тошкент автовокзалида узоқ вилоятларга ҳар куни кечки пайт қўшимча автобуслар қўйилмоқда. Аммо уларни аввалдан билишнинг, онлайн харид қилишнинг, қайси соатда қўйилишини аввалдан аниқлашнинг, ўзи умуман шу куни маълум бир ҳудудга қўшимча автобус қўйиладими йўқми билишнинг деярли имкони йўқ, автовокзалда ўтириб қўшимча рейс қўйилишини кутиб туриш керак.
Қўшимча автобуслар қўйилиши баъзан бир неча соат аввал, баъзан эса бир неча дақиқа аввал эълон қилиниши мумкин. Қўшимча автобуслар асосан кечки пайтларга қўйилади, бу эса яна бироз ноқулайлик туғдиради.
Масалан, бугун – 24 март куни Тошкентдан Жарқўрғонга 17.00 да қўшимча рейс қўйилган, бу ҳақда соат 16.42 да эълон қилинди.
Шунингдек, соат 18.00, 20.30, 22.00 да Тошкентдан Бухорога қўшимча рейслар қўйилгани ҳақида 16.46 эълон қилинган.
Темирйўллар ва Ҳаво йўлларида ҳам бир нечта қўшимча рейслар қўйилган, аммо аҳоли сони, ички туризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар каби бир қанча ҳолатларни ҳисобга олганда уларнинг қўшимча рейс эканлиги сезилмас даражада кам дейиш мумкин.
Таътилнинг биринчи ва охирги куни (19 ва 23 март)даги вилоятлараро магистраль йўллардаги бир неча километрлаб чўзилган тиқилинч (пробка)ларни эса, айтмаса ҳам бўлади. Соатлаб тиқилинчда турган машиналар карвони 5, ҳатто 8 километргача етди.
Энди бундай тирбандликни яна қачон кўрамиз, 9 майдами ёки университетларда ўқиш тугаб талабалар вилоятларга қайтаётганидами?
Транспорт вазирлиги байрамлардаги бундай тирбандликлар муаммоларини ечишга олдинроқ тайёргарлик кўрса, хавфсиз етиб бориш учун чегирмасиз ҳам чипта олишга тайёр йўловчилар сони албатта кўпчиликни ташкил этади. Сиз фақат транспорт билан таъминланг, холос!