Ўзбекистонда 4 ярим миллиондан ортиқ киши ўз ойлигидан солиқ тўлайди. Уларнинг 2 миллионга яқини бир миллион ҳам маош олмайди. Ойликлар аҳоли эҳтиёжини қоплайдими? Бу маблағнинг қанчаси солиқ ва коммунал тўловлари учун сарфланади? 4 млн сўмдан юқори маош олувчилар ўртача 16 фоизни ташкил қилмоқда. Бу нимадан далолат?
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги жорий йил 15 март санасида ўз расмий сайтида 2021 йил ноябрь ҳолатига бюджет даромадлари ижроси бўйича натижаларни эълон қилди. Бу натижалар орасида аҳолининг ойлик маоши кўрсаткичлари ҳам ўрин эгаллаган.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг ноябрь ойи якунларига кўра, 1,6 млндан кўпроқ киши 1 млн сўмгача ойлик иш ҳақи олган бўлса 5 млн сўмдан кўпроқ иш ҳақи олувчилар сони 209 мингтага ортиб, 513,2 минг кишини ташкил қилган.
Демак, солиқ тўловчилар орасида айнан 1 миллионгача расман ойлик олаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бу даромад яшаш учун етадими? Келинг озиқ-овқат эҳтиёжини қондириш учун кетадиган маблағ ҳисобида бу саволга жавоб топиб кўрамиз.
Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳудудий марказий деҳқон бозорларида 2022 йил 10 март ҳолатига кўра ўтказилган кузатув натижалари бўйича алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархлари қуйидагича:
Суякли мол гўшти (1 кг) ➖ 45 000 – 70 000 сўм
Қўй гўшти (1 кг) ➖ 55 000 – 80000 сўм
Картошка (1 кг) ➖ 3000 – 7000 сўм
Пиёз (1 кг) ➖ 1500 – 5000 сўм
Сабзи (1 кг) ➖ 1000 – 5000 сўм
Тухум (10 дона) ➖ 6000 – 14000 сўм
Гуруч (1 кг) ➖ 5000 – 17 500 сўм
Ўсимлик ёғи (1 л) ➖ 13 600 – 24000 сўм
Шакар (1 кг) ➖ 8000 – 10500 сўм
Бу маҳсулотларнинг ўртача ҳисобини бир ойга 4 кишилик оила эҳтиёжи учун ҳисобласак, 1 миллион сўм оладиган инсоннинг камида 800 минг сўм пули сарфланади. Эътибор беринг, бу фақатгина энг бирламчи маҳсулотлар учун, агар оилада 2 киши ишласаки вазият бироз яхшидир, лекин ёш оилаларда ёки фақат бир киши ишлайдиган оилаларда бу ҳолат қандай бўлади?!
Энди ўзингиз ўйланг, солиқларни тўлаётган, лекин 1 миллион сўмдан сал зиёд маош оладиган ходим нима қилади? Оила боқиш учун қўшимча йўллар қидирадими ёки ҳаражатлардан тийиладими? Ҳали коммунал тўловлару инсон эҳтиёжи учун керак бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларини бу ҳаражатларнинг ичига киритмадик…
1 миллион сўм маош оладиган инсон қўшимча билим олиш, ҳунар ўрганиш ёки фарзандини яхши жойда ўқитиш каби «орзулар»ни режасига қўшмаса ҳам бўлади(ми?)…
Бу ойлик маошлар статистикасига эътибор қилсак, бюджет ва нобюджет секторлардан ойлик маош оладиганлар алоҳида яна ажратилган. Айнан мана шу қисмига эътибор берилса, 4 миллион сўмдан юқори бўлган иш ҳақи нобюджет сектори улушига тўғри келмоқда.
Давлат ҳамда хусусий ташкилотларда иш олиб бораётган ҳар қандай фуқаро, албатта, солиқ тўловлари учун ҳам тўловларни амалга оширади. 2021 йил ноябрь ҳолатига кўра, 4 685,9 минг киши ўз ойлигидан солиқ тўлаган. Улардан 42,6 фоизи – бюджет, 57,4 фоизи эса нобюджет ташкилотлар ходимларини ташкил қилади. Нобюджет ташкилотларнинг ҳиссаси ортгани албатта яхши натижа, лекин аҳолиси 34 миллионга етган мамлакатнинг бор йўғи 4 млн 700 мингга яқин фуқароси солиқ тўлаши ҳамон нолегал даромаднинг юқорилигига ишора эмасми?
2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик маош 3,2 млн сўмга тенг бўлди, дейилганди Давлат статистика қўмитасининг январь ойида эълон қилинган маълумотида. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга (2,673 млн сўм) нисбатан 20 фоизга ўсган. Демак энг кам ойлик олаётганларнинг даромади ҳам нари борса 200 мингга ошган бўлиши мумкин. “Кун кечириш” нархи эса бир неча баробарга ортди.
2021 йилда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига икки маротаба ўзгартириш киритилиб, 822 минг сўмга етказилган.
Маълумот учун, 2021 йилда жисмоний шахслар даромадидан келиб тушган солиқлар 18,9 трлн сўмга етиб, олдинги йилдан фарқли ўсиш кўрсаткичи 3,8 трлн сўмни ташкил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Rost24 томонидан пойтахт аҳолисидан "Тошкентда яхши яшаш учун қанча маош олиш керак? - деб сўралган ижтимоий сўровнома ўтказилган эди.