Канализация муаммоларини бартараф этиш учун бундан ҳам кўп ёмғир ёғиши керакми?

15.03.2022 12:34

Осмондан ёққан барака амалдорларимизни уйғота олармикин?

Ёки ҳар бир қилинмаган иш учун “ноқулай келган об-ҳаво” деб табиат инъомини айбдор қилишда давом этаверамизми?

Ҳар бир қаричигача янги иморатлар қуриб сотилаётган шаҳарларнинг чириган тагини ҳам кимдир ўйлайдими?

Март ойи бошидан буён, хусусан ўтган ҳафта давомида Ўзбекистонда ёғингарчилик оқибатида бир қанча вайронгарчиликлар кузатилди.

Ёғингарчиликлар чиндан ҳам шу даражада вайронкор эдими ёки бизда канализация тизими етарлича мукаммал эмасми?

Кўчаларда сувлар тўпланиб ҳаракатга халақит бериши, автомобиллар ва пиёдалар ўтиб бўлмас ҳолга келиши, янги қурилган туннеллар, кўприклар, қадимий иншоотларнинг ёғингарчилик оқибатида қулаши, йўллардаги ариқдан оққан каби оқаётган оқава сувлар нафақат чекка ҳудудлар, балки пойтахт учун ҳам оддий ҳолга айланди.

Ўтган ҳафта давомида ёғингарчилик оқибатида пойтахт кўчалари кун давомида тинимсиз ёққан ёмғир сабаб сувга тўлди. Ер тагидаги қувурлар орқали оқиши керак бўлган ёмғир сувлари ер устидан шаҳар бўйлаб ўз йўлини топиб кета олмаяпти;

Қашқадарёда уч кишини чақмоқ урди, улардан бири ҳалок бўлган;

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри, шунингдек, Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳри, Андижон шаҳарларидаги бир қатор кўп қаватли уйлар ва маъмурий биноларнинг том қисми кучли шамол оқибатида қулаб тушди;

Қамчиқ довонида ёғингарчилик сабаб ўпирилиш ва қор кўчиши кузатилди, қатнов тўхтатилди;

Тошкент вилоятининг бир қатор туманларида, бошқа вилоятларда ҳам ёмғир туфайли электр таъминоти узилиши ҳолатлари рўй берди, шунингдек Тошкент шаҳрининг бир қанча туманларида ҳам электр таъминотида номунтазам узилишлар кузатилди;

Тахтақорача довонида ёғингарчилик оқибатида ўпирилиш юз берди, йўлнинг довондан ўтган қисми маълум муддатга ёпиб қўйилди;

Бухорода тинимсиз ёғингарчилик оқибатида қадимий Талипоч қалъасини деворининг бир қисми ўпирилиб тушди;

Марғилондаги Сафед тўда масжиди девори ҳам тинимсиз ёмғир сабабли қулаб тушди;

Республиканинг бир қанча туманларида, жумладан Фориш, Ангрен, Қўшработ, Китоб туманларида кучли сел келиши оқибатида бир қанча объектлар, хусусан кўприклар бузилиб, кўчаларга тўлган сувлар аҳолининг ҳовлилари томон оққан.

Қадимда Афросиёбда канализация тизими ниҳоятда яхши ташкил этилган бўлиб, усталар бунинг учун сопол қувурлардан фойдаланишгани маълум. Шу сабабли қанча ёғингарчилик бўлса ҳам, шаҳар кўчалари ва бозорда асло сув тўпланмаган, қурилган бино ва иншоотларга зарар етмаган. Бино ва иншоотлар ҳам меъморлар томонидан шундай мукаммал лойиҳа асосида қурилганки, уларга қуёш бирдек тушиши, нам тортмаслиги, ост қисмига сув тўпланмаслиги натижасида неча асрлар илгари қурилган бўлса-да, ҳамон мустаҳкамлигича қолган.

Хўш, ҳозирда кетма-кет бир неча кун ёғингарчилик бўлиши нима учун бу қадар кўп вайронгарчиликларни келтириб чиқармоқда?

Объектларни қувурлаш лойиҳаси ҳамма меъёрий материалларга, канализация тизимини танлашга, оқова сувлар сарфини аниқлашга, канализация тармоқларининг гидравлик ҳисобига, канализация иншоотларини ҳисоблашга ва танлашга, тозалаш иншоотининг технологик шакли ҳисобига асосланганлиги туфайли ташқи канализация тизимига бир қанча ташкилотлар жавобгар. Ташқи канализацияни лойиҳалашни ташкиллаштириш ички тармоқлар, кўча тармоқлари, коллекторлар, трубопроводлар, қудуқлар, насос станциялари, локал тозалаш иншоотлари, сув қабул қилувчи ва узатувчи ускуналар каби бир қанча муҳим жараёнларни ўз ичига олади.

Бундан бир йил аввал Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан «Сув таъминоти ва канализация обеъктлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК фаолиятини кўриб чиқилган, уни янги бошқарув тизимига ўтказиш масаласи кўрилиб, ДУКнинг янги устави тасдиқланган ва эндиликда ушбу компания унитар корхона (УК) сифатида фаолиятини давом эттириши маълум қилинган эди.

Аммо Ўзбекистонда ташқи канализация тизими билан боғлиқ муаммолар вақт ўтган сари ортиб бормоқда, осмондан бироз ёмғир тушиши билан бу муаммолар янада яққол кўзга ташланиб қоляпти.

Маълум бўлишича, бунга соҳага жавобгар бўлган кўплаб ташкилотларнинг ўз ишларини мукаммал бажармасликлари сабаб бўлмоқда. Хусусий уй-жой қурилиши фирмаларининг ер ости сувлари ва канализация тизимини мукаммал ҳисоб-китоб қилмасдан бинолар қуришлари, йўл қурилиши соҳасидагиларнинг камчиликлари, оқава сувлар учун махсус қувур ва ариқларнинг талабга жавоб бермаслиги кундан кунга муаммоларни катталаштирмоқда.

Сабаблар бартараф қилинмаслиги оқибатида эса, ФВВ ходимлари ва бошқалар оқибатлар билан курашишда давом этмоқда.

Ҳозирги технологиялар билан ҳам бу муаммолардан чиқа олмаётган эканмиз, мутахассислар балки қадим меъморлар тажрибаларини синчиклаб ўрганиб чиқишлари керакдир? Ҳар қалай бундан неча асрлар аввал яратилган иншоотлар ҳолати мазкур фикрга келишга сабаб бўлади.

Дарвоқе, Ўзгидромет шу ҳафта давомида, хусусан 17-20 март кунларида ҳам ёғингарчилик ва сел келиши ҳолатлари, ҳаво ҳароратининг -10 даражагача совиши ҳақида огоҳлантириб шошилинч ахборот эълон қилди. Айни пайтда Жиззах вилоятининг айрим туманларига кучли сел келгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, сел Жиззах-Самарқанд магистрал йўлини ҳам эгаллаган. Демак, катта эҳтимол билан яқин кунларда яна бир қанча ёғингарчилик туфайли хароб ҳолга келган кўчалар, иншоотлар, нохуш ҳолатларга дуч келамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар