Энди гўшт арзонлашадими? Покистондан Ўзбекистонга биринчи марта гўшт импорти йўлга қўйилди

14.03.2022 11:25

Ўзбекистонда сўнгги тўрт йилда қорамоллар сони 9,2 фоизга, гўшт импорти эса 43,7 фоизга ошди. Маҳаллий гўшт етиштирувчи чорвадорлар гўшт арзонлиги, бироқ ем хашак қимматлигидан нолимоқда. Чорвачиликни ривожлантириш учун тузилган махсус уюшма ва ташкилотларнинг фаолияти самарасими бу? Покистон Ўзбекистонга гўштни 2,2 доллардан, ўзини давлатидагидан икки баробар арзон нархда юбормоқда. Бу Ўзбекистон бозорига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? 
 

Келаси ҳафта Тошкентга 40 минг долларлик 18 тонна гўшт ортилган контейнер келади. Оддий арифметик амаллар билан ҳисоблаганда бу гўштнинг нархи ўртача 2.2 доллардан тўғри келаяпти. Покистоннинг ўзида бир килограмм гўштнинг нархи 4.53 АҚШ доллари бўлган бир вақтда бизга икки баробар арзон нархда экспорт қилишдан қандай наф дерсиз?  Албатта янги бозорни ўзлаштириш учун паст нарх энг жозибадор усуллардан бири саналади. Тўғри бозорларда бу нархда сотилмайди, чунки транспорт, ташиш, сақлаш, сотиш ҳаражатлари бу нархнинг устига тушади.  Шундай бўлсада маҳаллий гўшт етиштирувчиларникига қараганда арзонроқ сотилади. 18 тонна ваҳимали даража кўп эмаску дерсиз, тўғри чунки Ўзбекистон гўшт етиштирувчилари йилига салкам 2 миллион тонна хомашё етказиб беришади.

Юк Покистоннинг Shaheen Group ва Pyramid Logistics компаниялари томонидан жўнатилган бўлиб Shaheen раҳбари Малик Шер Хон март ойида Ўзбекистонга яна 50 контейнер (жами 900 тонна) гўшт жўнатилишини айтган. Келгуси ойларда эса уларнинг гўшт экспортини янада кўпайтириш нияти бор. Чунки улар Ўзбекистон бозорининг Покистон гўшти учун катта салоҳияти бор дея ҳисоблашмоқда

  Ўзбекистонга гўшт импорт қилишни хоҳловчилар нега кўпаймоқда?

   Сабаблардан бири имтиёзлар

2021 йилнинг 10 октябридан тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, картошка ва музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинганди. Бу имтиёз ҳанузгача сақланиб турибди. ҚҚС имтиёзи узайтирилиши бизнесда хавотирларни уйғотмоқда. Чунки фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эмас, гўшт импорт қилувчилар ҳам имтиёздан фойда йўқлигини таъкидламоқда. Соҳадаги мутахассисларнинг таъкидлашича, ҚҚС имтиёзидан фақат Ўзбекистонга гўшт экспорт қиладиган мамлакат фойдаланиб қолади.

Импортчиларга имтиёзлар, ўзимизнинг чорвадорларга муаммолар

Биз одатда оқибат билан курашишга ўрганиб қолганмиз. Ҳозирда гўшт истеъмоли эҳтиёжини қоплаш учун импорт компанияларга катта имкониятлар яратилмоқда. Бу фақат солиқ имтиёзлари эмас. 2020 йил 29 январда қабул қилинган «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига биноан:
2020—2022 йилларда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:

  • республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида;
  • хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм миқдорида.
  • Яъни қорамолни қийинчилик билан етиштиришга субсидия миқдори икки баробар кам.

2020 йилда сотиб олинадиган наслдор қорамоллар учун ажратиладиган субсидиянинг умумий суммаси эса ундан ҳам қизиқ:

  • - республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олиш учун 10 миллиард сўм миқдорида;
  • -хорижий давлатлардан импорт қилиш учун 40 миллиард сўм миқдорида;

Кўриб турганингиздек, импортчиларга фавқулодда имтиёзлар берилган. Балки бунда амалдорларга тегишли бўлган импортчи фирмаларнинг «қийинчиликлари» инобатга олингандир.

Қишни қиш ёзни ёз демай ишлайдиган чорвадорларга эса бир қатор муаммолар тақдим этилади:

  • Озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги
  • реализация қилишда воситачиларнинг кўплиги,
  • озуқа-ем етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги;
  • жойларда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарлича ривожланмагани шулар сирасидандир.
  •  

Тизимда фаолият олиб бораётан, лекин исмини ошкор ёзишимизни истамаган мутахассиснинг айтишича, 2005 — 2016 йиллар оралиғида озуқа экин майдонлари 40 фоизга камайиб кетди. 1990 йилда экин майдонларининг деярли 25 фоизига озуқа экилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 9 фоизга ҳам етмайди. Иккинчидан, бизда гўшт ва сутнинг 95 фоизини деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар етиштиради. Лекин уларни қўллаб-қувватлаш учун шу пайтгача ҳеч нарса қилинмади. Аксинча, аҳоли дала томорқалари фермер хўжаликларига қўшиб берилмоқда. Томорқасидаги озуқа туфайли уйида 3-4 та қорамол боқиб келаётганлар ҳам ем-хашак қимматлиги туфайли чорвасини сотмоқда. Қассоблар сотиб олиши учун мол камайган. Шу туфайли гўшт нархи ошиб кетмоқда.

 

Имтиёзлар Ўзбекистонда чорва моллари сони ва гўшт етиштиришга қандай таъсир кўрсатди
 

Юқорида президент қарорига кўра берилган имтиёзллар ҳақида маълумот берган эдик. Энди эришилган натижаларни кўринг:

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги тўрт йилда қорамоллар сони 9,2 фоизга ошган ва 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра 13,56 миллион бошга етган. Хусусан, 2018 йилда ўсиш 2 фоизни, 2019 йилда 1,2 фоизни, 2020 йилда 1,8 фоизни, 2021 йилда 3,1 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида қорамоллар сони 2018 йил бошидан 2021 йил охиригача 6,8 фоизга ошиб, 12,47 миллион бошга етди. Кўриб турганингиздек, деҳқонларнинг йирик шохли моллардаги улуши секин-аста камайиб бормоқда: 2018 йилдаги 94 фоиздан 2021 йилда 92 фоизга етди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 27,6 минг тонна гўшт импорт қилган.  2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида унинг бошқа мамлакатлардаги харидлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43,7 фоизга ошди. 

                        Биз кўп гўшт еяпмизми?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда Ўзбекистонда 2021 йилнинг 9 ойида 1,9 млн. тонна гўшт етиштирилган. Турли ҳисоб китобларга кўра, аҳоли даромадига қараб бир киши йилига 10-50 килограммгача гўшт истеъмол қилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Яъни бой ва кам даромад топадиганлар истеъмоли ўртасидаги фарқ жуда катта. Айрим оилаларда ойига бир килограмм гўшт ейилмаслиги ҳақида ҳам рост24 сўровномаларида айтишган.

Қиёс учун: Дунё давлатлари орасида гўшт истеъмол қилиш бўйича АҚШ аҳолиси биринчи ўринда туради. Бу давлатда ҳар бир одам бир йилда ўртача 99 кг гўшт ейди.

Кейинги ўринларда:

 Австралия — йилига 92 кг;
 Аргентина — йилига 89 кг;
 Исроил — йилига 88 кг;
 Бразилия — йилига 77 кг;
 Чили — йилига 75 кг;
 Янги Зелендияда — йилига 75 кг гўшт истеъмол қилинади.

Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг қўшниси бўлган Қозоғистони ва Туркманистон энг кўп гўшт истеъмол қилишини кўриш мумкин. Бу давлат аҳолиси ўртача бир йилда киши бошига 50 килодан 100 килогача гўшт ейди.

Битта қорамолни семиртиришга қанча вақт ва маҳсулот керак?
 

Бир ёшга тўлган озғин буқани бўрдоқига боқиш учун камида 3 ойлик меҳнат талаб этилади.

 Бунда ҳар куни унга ўртача 9 килограмм ем, яъни 3 кило шрот, 2 кило кепак, 3 кило шелуха ва 1 кило майдаланган маккажўхори ёки буғдой аралашмаси берилади.Бундан ташқари, кунига қўшимча 7-8 килограмм атрофида йўнғичқа ёки дағал хашак бериб бориш керак

Ҳозирги кунда олибсотарлар қўлида бир боғ прессланган йўнғичқа 20-30 минг, сомон 10 минг, омихта ем 2700-5000 сўм экани ҳисобга олинса, қорамол боқишнинг харажатлари қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Албатта, бу нархлар ҳамма жойда бир-биридан фарқ қилади.

Ўзбекистонда гўшт нархи Марказий Осиё давлатлари орасида эса энг юқори ҳисобланади

Ўзбекистон Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) томонидан 2021 йилда ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, Тошкент шаҳридаги супермаркетларда гўштнинг минимал нархлари нафақат Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари, балки Москвага нисбатан ҳам юқори. Киев ва Минскда гўшт таннархи Ўзбекистон пойтахтига қараганда 1,5 баробар арзон. Шу билан бирга, дунёнинг энг қиммат шаҳарларидан бири – Парижда маҳаллий чакана сотувчилардан энг арзон гўшт нархи Ўзбекистон пойтахтига нисбатан атиги 29 фоизга қимматроқки, Франция пойтахти аҳолисининг даромад даражасини Тошкент аҳолисининг катта қисми даромадлари даражаси билан солиштириш асло мумкин эмас.

Мутахассислар импортчига берилган имтиёзлар нархларни туширмаётгани, аксинча ички ишлаб чиқарувчиларга катта зарба бўлаётганини бежиз айтишмаяпти.
Агар ички бозордаги ишлаб чиқарувчилар учун ҳам ҚҚС олиб ташланса, унда ҳақиқатан ҳам нарх тушади. Ўзимизда гўшт етиштиришга кўпроқ эътибор қаратилиши кўп томондан фойдалироқ бўлар эди. Ҳам иш ўринларини ҳам валютани ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини сақлашда бу муҳимдир.

Импорт қилувчиларга имтиёзлар нима мақсадда қилингани ҳақида сўрасангиз мутасаддилар нархларнинг тушириш учун қилингани ҳақида гапиришади. Лекин, бу имтиёз маҳаллий гўшт етиштирувчилар зиёнига бўлмаслиги керак. Ёки чорвадорларнинг бир неча йиллардан бери айтиб келинаётган муаммоларини ечишга шошилмаятгани айрим амалдорларнинг ҳиссаси бўлган импорт компаниялар фойдасини камайиб кетиши юзасидан хавотирланаётгани билан изоҳланадими?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
19.03.2022 22:43
Ем хашак арзон килиш керак
15.03.2022 13:37
Rossiya va Qozog`istonga ishga ketasiganlar chorvadorlar hisobiga ko`payar ekan-da