ТОШКЕНТ ЖУМБОҒИ: Навоий ва Шота Руставели кўчаларига трамвай қайтади?!

08.03.2022 09:52

Пойтахтимиздаги Навоий кўчасида айни дамда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳақиқатан ҳам трамвай йўлларини тиклаш учунми?

Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов rost24.uz сайти учун берган интервьюсида Тошкентнинг «Навоий» ва «Шота Руставели» кўчаларига трамвай йўлини қайтишини айтган эди.

Жорий йил 14 февралда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар «Навоий» кўчасида трамвай йўли ётқизилиш ишлари кетаётгани ҳақида сурат ва хабарлар тарқалган эди. «Тошшаҳартрансхизмат» ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу хабарларни рад этган ҳолда, ҳудуддаги ишлар трамвай йўли ётқизилиши билан боғлиқ эмаслигини айтиб ўтган.

Шунингдек, 16 февралда Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳоким ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ҳам «Навоий» кўчасига трамвай қайтмаслигини таъкидлаб ўтган.

Айни дамларда бу кўчасида таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмоновнинг Rost24.uz сайтига берган интервюсида айнан «Навоий» ва «Шота Руставели» кўчаларида янги ва замонавий трамвай қайтарилишини айтиб ўтди ва бу сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилажагини билдирди. Унинг фикрича, сайёҳлар учун Тошкентдаги архитектура бинолари қизиқарли ва уларни автомобилда эмас, айнан трамвайда томоша қилиш қулай.

"Тошкентдаги айрим марказий кўчаларига трамвайларнинг қайтиб келиши ҳамда бу бизнинг тасаввуримиздаги трамвай бўлмаслиги ҳам мумкин. Яъни янги чиққан тезюрар трамвайлар ҳақида гап кетмоқда. Олдинги трамвайни олиб ташлаб, янги трамвайни қайтариш ҳақида ҳам гап кетмаётган бўлиши мумкин. Чунки бу трамвай кўпроқ туристик салоҳиятни кўтаришни, агар очиқ айтадиган бўлсак, биз томондан олиб борилаётган ишларда ўша «Шота Руставели» кўчаси бўладими ёки «Навоий» кўчасими қилинаётган изланишларда кўпроқ мана шу 2 та кўчадаги шаҳримизни архитектурали гўзаллигини кўрсатиш, яъни фақат трамвай қуриш эмас, бу йўлнинг атрофидаги биноларни кўрсатиш туристлар учун яхши шароит бўлади ҳамда бу кўчаларимизда туристларга, халқимизга кечаю-кундуз 24 соатда хизмат кўрсатувчи дўконлар бўладими ёки кафе-ресторанлар бўладими ёки дам олиш зоналари бўладими. Шунга ўхшайдиган режалар йўқ эмас. Мана шунинг устида ишлар олиб борилаётганини инобатга олиб, эски трамвай йўқолди-ю яна шу трамвайни қайтиб келиши тўғрисида гап кетаётгани йўқ. Бу янада шаҳарнинг жозибадорлигини, чиройини ҳамда имкониятларини ошириш масаласи кетмоқда”, дея сўзини якунлади Одил Абдураҳмонов.

«Навоий» кўчасига трамвай қайтадими ёки йўқ, бу масала ҳозирча Тошкент шаҳрининг катта жумбоғи бўлиб қолмоқда. Амалдорларнинг бу борадаги маълумотлари эса бир-бирини инкор этмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
09.03.2022 16:09
Тошкент шахрида трамвайни йўқ қилиш бўйича қарор чиқарган амалдорларни жавобгарликка тортиш керак! Трамвайни тиклаш бўйича харажатларни ўша нотўғри қарор чиқарган амалдорлар қоплаб берсин! Шундай қилса бошқа амалдорларга хам сабоқ бўлади!