Россия пул бирлиги қадрсизланаётган бир вақтда, Ўзбекистон Марказий банки рублнинг муқобил курсини ушлаб туриш бўйича тавсия берди.
Қадрсизланаётган рубль курсини Ўзбекистонда мажбурий тарзда ушлаб турилишини айрим иқтисодчилар мамлакатимизга катта зиён сифатида баҳоламоқдалар. Марказий банк эса мавжуд вазиятни аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора тадбир, деб билди.
Rost24.uz Айни вазият юзасидан Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати, иқтисодчи Дониёр Ғаниевдан муносабат ва таҳлил сўради. Депутатнинг фикрича, марказий банкнинг бу тадбири Россиядаги муҳожирларни қутқариш учун қўлланган муқобил чора. Бунда албатта, банк томонидан маълум зарарлар кўрилади. Зарарлар эса, ўз ўрнида Марказий банкнинг захиралари томонидан қопланиши кўзда тутилган бўлса керак, дейди депутат Дониёр Ғаниев.
Депутатнинг фикрича, бу иқтисодий жиҳатдан нотўғри йўл бўлсада, ижтимоий-сиёсий тарафлама тўғри қарор. Чунки, бу чора Россияда меҳнат қилаётган минглаб муҳожирларимизни қутқариш учун қўлланмоқда.
Депутат бу вазиятдан орадаги «спекулянтлар» ёки пул олиб чиқиб кетишга имконияти борлар фойдаланиб қолиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини ҳам билдирган. «Балки, банк Россиядан жўнатиладиган пулни маълум миқдорда айирбошлаш бўйича чеклов ўрнатгандир. Агар, ўрнатмаган бўлса, албатта, ўрнатиши керак. Акс ҳолда миллионлаб миқдордаги валютани ўртадагилар олиб чиқиб кетиши мумкин. Бироқ, шу кунларда сотилган рубль миқдорига қарайдиган бўлсак ҳали бундан ўртадагилар фойдаланмаганлигига ишониш мумкин. Атиги, 5.5 миллион рубль бу катта миқдор эмас», дейди Дониёр Ғаниев.
Шунингдек, Халқ вакили Дониёр Ғаниев Марказий банкнинг рублга нисбатан қўллаган тадбирларини вақтинчалик чора бўлиши мумкинлигига ишонмоқда.