Ўзбек фуқаролари Украинадан нега олиб чиқиб кетилмаяпти? Элчихона боришни тавсия этган ҳудудда вакил қўнғироқларга жавоб бермаяпти. Польша чегарасидан ўтгандан кейинги тақдир нима бўлади?
Бугун Украинадаги фуқароларимиз атрофида саволлар кўп. Бу саволлар ижтимоий тармоқларда берилаяпти, лекин уларга жавоб йўқ.
Уруш шароити. Тушунамиз! 4 мингдан ортиқ кишига нари борса 20 кишилик элчихона ходимларининг кўмак кўрсатиши қийин албатта. Қилинган ишларни ҳам тан олишимиз керак. Элчихона томонидан гуруҳ очилган бўлиб, фуқароларга Украинадан олиб чиқиб кетиш учун имкониятлар кўриб чиқилаётгани ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Польша давлати билан ўзбекистонликларни чегарадан ўтказиш бўйича муваффақиятли музокаралар олиб борилди. Натижада, фуқароларимиз Польшага ўтиш имконини қўлга киритишди. Бунинг учун фуқаролардан Львов шаҳрига келиш сўралган бўлиб, у ергача фуқаролар ўзлари етиб боришлари кераклиги айтилди. Бир кун мобайнида қандай қилиб Львовга етиб борамиз, деган ўй барча ҳамюртларимизни ўйлантирган асосий масала бўлди. Ҳозирда, кимдир ўз автомашинасида, кимдир яна бошқа йўллар билан Львовга боришга имкон изламоқда. Украина ҳукумати бунинг учун поездлар қатновини йўлга қўйган бўлиб, улар барчани бепул манзилга етказиб қўйяпти.
Муаммо нимада?
Муаммо шундаки. Львовга боргандан сўнг фуқаролар ўзлари ҳал қила олмайдиган масала билан юзма-юз келишмоқда. Ўзбекистон элчихонаси томонидан айтилган манзил Прохорова 18 да турган Маъруфжон исмли кишига боғланиш ва ҳужжатларни топшириш сўралган бўлиб, "фақат етиб борганда телефон қилилар", деб огоҳлантирилган. Лекин, етиб борганлар ўзбекистонликлар гуруҳига Маъруфжон билан боғлана олмаётганликларини, айтилган манзилга борганда ҳам топа олишмаганини ёзишган. Бу масалада элчихона вакиллари ҳеч қандай жавоб беришгани йўқ. Ёмон тарафи, ўзлари имкон топиб бошқа давлатга ўтган фуққаролар Чартер рейс реестрига киритилмай қолишлари ва Ўзбекистонга ҳам ўзлари йўл топиб келишларига тўғри келар экан. Шу сабабли улар албатта элчихонани хабардор қилишлари шарт.
Замонавий технологиялар вақтида биз ҳали ҳам жойига бориб ҳужжат топшириш амалиётини қўллаймизми? Фуқароларни чегарадан ўтиши учун киритиладиган реестрга шунчаки электрон нусхалар орқали ҳужжат топширса бўлмайдими? Ёки бу амалиёт йўлга қўйилгану бу маълумот ҳаммага етиб бориши учун керакли ишлар қилинмаганми?
25 феврал куни Ташқи ишлар вазирлиги саҳифаларида фақат Абдулазиз Комиловнинг ўзини доимий кун тартибидан ўрин олган учрашувлари ҳақидаги хабарларни ўқидик. Наҳотки бу учрашувлар 4 мингдан ортиқ ҳамюртларимиз ҳаётидан мухим бўлса? Уларни тақдирига бефарқ эмасликларингиз ва нималар қилаётганингиз ҳақда ахборот бермайсизми?
Саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Украинадаги элчихонага боғланиш бўйича ҳаракатларимиз бесамар кетди. Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги рақамларига телефон қилганимизда ҳам боғлана олмадик. Қачонгача ташқи ишлар вазирлиги совет давридан қолган ёпиқлик сиёсатида давом этади? Ахборот хизмати бундай ҳолатларда тезкор матбуот анжуманлари ўтказиши керак эмасми? 4 мингдан ортиқ фуқароларимиз тақдири билан боғлиқ фейк янгиликлару, ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлар даражасида ёритаверайликми?
Ҳа, айтгандек, қўшни Қозоғистоннинг ўз фуқароларини бепул рейслар билан ватанига олиб келиши ҳақидаги хабар фақат Марказий Осиё эмас, балки Россия ОАВларида ҳам берилди. Бизнинг ташқи ишлар вазирлиги бу ишларни ташкил қилмоқчи бўлса ҳам биз билмаяпмиз ёки бундай ниятингиз йўқми?
Яхшиям ўзбеклар бағрикенг!
Ўзбекистонликлар гуруҳини кузатиб, тўғриси қанчалик бирдам эканлигимизни, қийинчилик кунларида ҳамма бир бирига кўмак кўрсатиш ҳаракатида эканлигини ўқиб таъсирландим. Ҳамма қандай имкони бўлса ёрдам беришга тайёрлигини, бутунлай бегона одамлар бир том остида қийинчиликларни енгиб ўтишга интилишини кўрасиз. Улар бир бирларига маслахат беришаяпти, йўл йўриқ кўрсатишаяпти, чегарадан ўтганлар ўз тажрибалари билан бўлишаяпти.
Элчихона ходимларига бир гуруҳ кўнгиллилар ҳам холис ёрдам беришмоқда. Улар элчихона ходимларига қийинлигини тушунишларини сўзлашаяпти.
Умид қиламизки Ташқи ишлар вазирлиги тез орада мулоқотдаги камчиликларни бартараф этади ва қўшимча кучларни сафарбар қилади.