Шунча дарахтни нобуд қилган фуқарога бу жарима кам эмасми?
19 февраль куни Бекободда содир этилган ушбу ҳолат бўйича жарималар қай тартибда белгиланган эди?
Жорий йил 19 февраль санасида Тошкент вилояти Бекобод туманида дарахтлар кесилгани акс этган суратлар тарқалган эди.
Бунга нисабатан Тошкент вилояти экологик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси ахборот хизмати "Расмий муносабат" билан чиқди.
Муносабатга кўра, ушбу ҳолат бўйича ўтказилган рейд тадбирлари давомида Бекобод туманининг «Сарюз» МФЙ ҳудудида фуқаро О.Х. ва бир гуруҳ фуқаролар томонидан 64 туп қарағай дарахти ноқонуний равишда таг қисми билан кесиб олиб кетилган. Аниқланган ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 79-моддаси 1-қисми билан баъзавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари 1 млн. 350 минг сўм жарима белгиланди ва 1 млрд. 575 млн. сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланди.
Фуқарога 1 млн. 350 минг сўм жарима белгиланди. 64 туп дарахт учун бу миқдор кам эмасми..?
Айнан мана шу вазиятни аниқлаштириш мақсадида, Rost24.uz мухбири Тошкент вилояти экологик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари билан боғланди.
Тошкент вилояти экологик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари қуйидагича жавоб берди:
"Бу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43 сонли қарори асосида зарар суммаси белгиланган. Яна дарахтнинг диаметри, қимматбаҳолиги, тури ва ёшига ҳам қаралади. Ҳозир бу ҳолат бўйича иш Прокуратурага жўнатилган. Иш кўриб чиқилгандан кейин жарима қўшилмайди, лекин зарар миқдори ошиши мумкин", дея айтиб ўтди.
Дарахт сони кўп, лекин жарима миқдори камлигининг сабаби нима деган саволимизга эса қуйидагича жавоб бериб ўтди:
"Жарима ва зарар ҳисобланган миқдорни иккаласини ҳам дарахтни кесган фуқаро тўлаб беради. Бунда фақат жарима ҳисобланмайди, зарарни ҳам қоплаб беради".
Жарима кесилган дарахт сонига қараб, албатта, мос бўлиши керак. Чунки жарима кам бўлса, ҳамма одам билганича йўл тутиши табиий. Чунки сайтимизда бундан бир неча кун олдин Амирсойда 700 туп дарахт кесилганда қоровулга жиноят иши очилган эди. Бундай вазиятлар қайтарилмаслиги лозим.
Ўзбекистонда умуман дарахт кесилмаслигини тилаб қоламиз...
Мавзу юзасидан эълон қилинган материаллар:
Саудия Арабистони қум бўронларидан ҳимояланиш учун миллиардлаб дарахт экмоқда. Бизда эса кесилмоқда
Айни пайтда Дўрмондаги «Ёзувчилар ижод уйи» ёнида минглаб дарахтлар кесилмоқда
«АМИРСОЙ»ДА 700 ТУП ДАРАХТ КЕСИЛИШИДА ФАҚАТ «ҚОРОВУЛ» АЙБДОР БЎЛИБ ЧИҚДИ ВА УНГА ЖИНОЯТ ИШИ ОЧИЛДИ