ЁХУД Турдиалиев Ўзбекистон Шахмат федерациясини шахсий мулкига айлантирмоқдами?
Блогерга бюджетдан 50 минг доллар пулни берган шахс орқасида ким турибди?
Расмий муносабатни чиқариб, дарҳол ўчирганда қандай хатолик ўтган эди?
“Федерация олтин балиқча эмас, жамоат ташкилоти” дея пеш қилаётганлар ёш иқтидорларни йўқ қилаётганини ҳис қилишмоқдамикин?
Rost24.uz сайти айни мана шу машмашаларнинг аслида қандай бўлаётганини, федерация “расмий муносабатлари” қанчалик ҳақиқатга яқин ёки йўқ, бу расмий муносабатлар орадан 3 кун ўтар-ўтмас федерация расмий саҳифасидан ўчирилгани қайси мантиққа тўғри келади? Бугун айнан мана шуларни таҳлил қиламиз.
Ўзбекистон Шахмат федерациясининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев ким?
Шахмат Федерациясининг расмий сайтида амалдорнинг фақат шахматдаги барча фаолияти келтириб ўтилган:
2001 йил Халқаро тоифадаги ҳакам, ФИДЕнинг Халқаро ташкилотчиси;
2002 йил ФИДЕнинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий президенти;
2004 йил Испаниянинг Калвия шаҳрида, 2006 йил Италиянинг Турин шаҳрида, 2008 йил Германиянинг Дрезден шаҳрида, 2010 Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида, 2012 йил Туркиянинг Истамбул, 2014 йил Норвегиянинг Тромсо шаҳрида Бутунжаҳон Шахмат олимпиадаларида ҳакам;
2004-2020 йилларда турли халқаро мусобақаларда бош ҳакам ва бош ҳакам ўринбосари вазифасида иштирок этган.
21 йиллик тажриба ҳамма нарсани қилишга йўл очиб бермоқдами?
Шахмат оламида нима гаплар бўлмоқда, ёхуд чет элга чиқиб кетган ёш иқтидорлар бунинг ортида ким турганини очиқлайди…
Шахмат федерацияси билан можародан сўнг АҚШ терма жамоасида ўйнай бошлаган халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон терма жамоасини тарк этишида Ҳусан Турдиалиевни айблади:
“Ҳа, ҳақиқатдан ҳам менинг кетишимга Ҳусан Турдиалиев ва унинг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Биринчидан, мен ва опа-сингилларимга (Ҳулкар Тоҳиржонова ва Нафиса Мўминова) терма жамоа сафида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишимизга рухсат берилмади, бизда мусобақаларда бир вақтнинг ўзида юрт шарафини ҳимоя қилиш имкони йўқ эди. Молиявий нуқтаи назардан, федерация 15 йил давомида бизни ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватламади. Ўз ватаним шарафини ҳимоя қилишдан жуда хурсанд бўлардим, аммо ҳозирги шароитда шахсий ривожланиш учун мамлакатни тарк этишга қарор қилдим. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, албатта, қайтиб келиб, ватаним шарафини ҳимоя қиламан”, дея видео мурожаат қилган эди.
Опаси Ҳулкар Тоҳиржонова 2021 йил бошида шахматчи опа-сингиллар ва Шахмат федерацияси ўртасидаги айрим келишмовчиликлар Ҳусан Турдиалиевнинг қизи Таҳмина Турдиалиеванинг ҳам шахматчи экани билан боғлиқлиги ҳақида хабар берган эди.
“Муаммоларимиз 2000 йилларда бошланган. Чунки у билан бир ёш тоифасида ўйнаганмиз. Ҳар доим ундан ютиб олардик ва ҳеч қачон келишув асосида ютқазиб бермаганмиз. Кимдир унга очколарини берди, лекин биз бермадик. Ҳаммаси шундан бошланди”, деган эди Ҳулкар Тоҳиржонова.
Халқаро гроссмейстер Сергей Қаюмов Ўзбекистон Шахмат федерациясидан Ҳусан Турдиалиевнинг шахсий фирмасига катта маблағ ўтказилганини билгач, ҳеч нарсадан ажабланмаганини айтган эди.
«Ҳусан Турдиалиевни охирги йигирма йилдан бери билган ҳолда ва унинг ўз фикрига эга бўлган, Шахмат федерациясини танқид қилган шахсларни қўрқитиш, бир неча йилга ёки бир умрлик дисквалификация қилиш, шунингдек, унга қарши бўлган одамларни йўлдан олиб ташлашга интилиб, унинг босими остида “милиция” чақириш ва қўрқитиш каби иш услубларидан хабардор бўлган ҳолда ҳеч нарсага ҳайрон бўлмадим. Чунки бу қонунбузарлик ва Турдиалиев Ҳусаннинг тўлиқ диктатураси қарийб 20 йилдан бери давом этиб келмоқда», деди у 27 январдаги видеомурожаатида.
12 ёшида (2018 йил) шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерга айланган Жавоҳир Синдоров «Дарё»га берган интервьюсида соҳадаги вазият ўзгармаса, федерацияни тарк этиши ҳақида огоҳлантирган эди.
“Федерация олтин балиқча эмас, жамоат ташкилоти” дея изоҳлаган Федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоев нимани пеш қилмоқда? Бу федерация ёшларни қўллаб-қувватламас экан, нима учун ташкил топган унда?
Ўзбекистон Шахмат федерациясидаги бундай ёшларга эътиборсизлик яқинда бошланган эмас. Озгина узоқроққа назар соламиз. Мисол учун Ўзбекистон шахмат тарихидаги илк ғалабани бир ёдга олайлик. Яъни 2004 йил охирида халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжоновнинг жаҳон чемпионлигини қўлга киритишда ҳам Ўзбекистон Шахмат федерациясининг заррача ёрдами тегмаган эди. 2004 – 2005 йилги Жаҳон шахмат тожини қўлга киритиб қайтган Р.Қосимжонов мусобақага кетишида ўзининг шахсий Тико автомобилини сотиб, йўлкира қилиб кетганини алам билан гапириб берганини унутиб бўлмайди. Шунда у Ўзбекистон Шахмат федерациясининг ҳақиқий юзини очиб берган эди. Ваҳоланки, Р.Қосимжонов ғалаба билан қайтгач “урушдан кейинги қаҳрамонлар” ҳам ёмғирдан кейинги қўзиқориндек қўпайиб кетганини кўпчилик унутмаган бўлса керак.
Тўғрисини айтганда, Р.Қосимжоновнинг ғалабасини ҳам Ўзбекистон Шахмат федерациясининг ютуғи деб қабул қилиб бўлмайди.
Ёшларни эмас, блогерларни қўллаб-қувватлаш…
Ҳусан Турдиалиев самарқандлик блогер Тимур Саттаровга 50 минг АҚШ долларини нима учун берганини фақат ўзи билса керак. Манбаларга кўра, давлат корхоналари ва аъзолтк бадаллари ҳомийлик маблағларидан ажратилган 1,86 миллиард сўмдан 525 миллион сўм миқдоридаги маблағ Тимур Саттаровга ўтказилган. Ажабланарлиси шундаки, блогернинг саҳифасида деярли умуман шахматга оид постлар йўқ. Буни қандай тушуниш керак? Ушбу савол ўртага ташланди, лекин ҳали ҳануз расмий муносабат берилмади.
Қўрқоқликми бу..?
Ушбу ҳолатларга нисбатан Шахмат федерацияси жорий йил 16 февраль куни бир нечта расмий муносабатларни эълон қилган эди. Лекин, афсуски, ҳозир бу расмий муносабатлар Шахмат федерацияси расмий саҳифасида йўқ. Ўчирилган. Нима учун ўчирилганлигини фақат федерация ходимлари билади, холос. Расмий муносабатларда, халқаро гроссмейстерлар қораланиб, Ҳусан Турдиалиев "яхшиланган" эди. Федерация ҳам бу муносабатни хатолигини чиқарганидан кейин тушуниб етган, шекилли...
Юқоридаги расмий муносабат нега чиқарилди ва нега ўчирилди..? Бунга ҳам, албатта, расмий муносабат кутиб қоламиз...
Шахмат федерацияси биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев шунча фактлардан кейин ҳам лавозимида ўтиришига нима сабаб бўлиб турибди..?