«Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди» Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов 8 йилдан буён қариялар уйида яшаб келаётган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидовга ёрдам берадиган бўлди.
Кеча сайтимизда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обидов иложсизликдан «Қариялар уйи»да яшаб келаётгани ва молиявий қийинчилик туфайли пансионат тўловларидан қийналиб қолгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Унда журналист таржима асарлари билан қалам ҳақи ишлаб келгани, бироқ жорий йилда у яшаётган уруш фахрийлари ва меҳнаткашлари пансионатида карантин бўлгани туфайли ташқарига чиқа олмай қолгани сабаб тўловларни амалга оширишга қийналаётгани баён этилган эди.
Бугун Комил Алламжонов rost24.uzга журналист тушиб қолган вазиятни эслатгани учун миннатдорлик билдириб, бундан ташқари, байрам арафасида 100 га яқин фахрий журналистларга ҳам ёрдам ажратилишини маълум қилди.
Ҳозирда журналист Рустам Обидов уруш фахрийлари ва меҳнаткашлари пансионатига 18 миллион сўм миқдорида тўлов амалга ошириши керак. «Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди» васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур тўловни ўз зиммасига олди.
Шунингдек, фонд жорий йилда ҳам «Хавфсиз ёрдам» лойиҳасини давом эттириб, журналистика ва телекоммуникациянинг 100 нафар вакилларига ёрдам ажратади. Рўйхатга журналистика соҳасида узоқ йиллар ишлаган фахрийлар, турли оилавий шароит туфайли саломатлигини тиклаётган ва ижтимоий кўмакка муҳтож журналистлар киритилган.
Рўйхатни тузишда журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги жамоалари ва тегишли ташкилотлар кўмаклашган. Фонд уларга жами 150 миллион сўмлик ёрдам кўрсатади.