“Автотест” монополияси яна ўрнатилдими? Ҳукумат жамоатчиликка қачон режаларини очиқлайди? Биз нега монополия ўрнатилганидан сўнг хабар топамиз? Бундан манфаатдорлар юқорироқдами?
Rost24 бу ҳақида тўрт ой олдин огоҳлантирганди
"Автотест" монополиясини тиклашга уриниш ҳақида биз ўтган йилнинг 7 октябрида мақола эълон қилгандик. Унда ўртага ташлаган саволларимизга эса ўшанда на расмий раддия, на бир эътироз билдирилганди. Фақат "троллар" томонидан ижтимоий тармоқларда "тухматчи" эканлигимиз айтилган эди, холос. У вақтда Комил Алламжонов Ўзбекистондаги автомактабларни коррупцияда ва потенциал қотилларни чиқаришда айблаган ва у автомобил йўлларида йўл транспорти ҳодисаларининг ортиши муаммосини айнан «Автотест» мактабини йўқ бўлиши билан боғлаган эди. Алламжоновга кўра, «Автотест» энг кучли ва сифатли ўқитадиган автомактаб бўлган ва унинг наздида ҳозир ҳам «автотест» монополияси яшаб келганда, йўлларда йўл транспорти ҳодисалари олди олиниши мумкин ёки ҳайдовчилар нисбатан эҳтиёткор ва саводлироқ бўлиши мумкин эди.
Бу гапларни бир неча блогер ва итернет нашрлари тезлик билан тарқатишди. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раисининг 4 ойлик “заҳматли” ҳаракатларидан сўнг ахборий манипуляция ўз мевасини берди.
Ҳамма йўллар бир манзилга олиб боради
Журналист ва блогер Мухрим Аъзамхўжаев куни кеча ўз блогида бу ишлар натижасини аниқлаганини эълон қилди. Унинг ёзишича, 2022 йил 2 февраль куни Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи биринчи бўлиб YIM (Ягона имтиҳон маркази) деган компанияга берилибди . “Лицензия олган бўлса, энди нимадир қилишса керак”, деб ўйласангиз хато қиласиз — ҳаммаси лицензияни олишдан анча аввал қилиб бўлинган, бу видеодаги (https://www.youtube.com/watch?v=fc3SVTzzDYo&feature=emb_title) каби чиройли ўқув полигонини бир кунда қуриб, фойдаланишга топшириб бўлмайди-ку (шу жойида бир савол — ўзи аввал шунча қурилиш, харажат қилиб кейин лицензияга ариза бериш керакми ё аввал лицензия олиб, кейин ишга киришиш керакми?).
Компания сайтидаги “Алоқа” бўлимида Гугл-харитадан геолокация қўйилган. Геолокациядаги манзилга Autodriver Study деб ёзилган. Гугллаганда бир хусусий автомактабнинг Инстаграми, Фейсбуки, сайти чиқди: Инстаграм ўчирилган, сайти эса кеча лицензия олган YIM’нинг сайтига қайта йўналтиряпти; дарвоқе, Гуглдаги маълумот бўйича, Autodriver Study’нинг телефон рақами (78) 120 20 02 — кеча лицензия олган YIM’ники билан бир хил. Статқўм маълумоти бўйича, Autodriver Study’нинг директори Даниэл Бурке— YIM’нинг раҳбари ҳам Даниэл Бурке; Статқўм бўйича, икки компания манзили ҳам бир хил — Файзли, 87.
“Веб.Архив” маълумоти бўйича, Autodriver’нинг иккита филиали бўлган — бири ҳозирги YIM’нинг ўрнида, иккинчиси Навоий кўчаси, 1-уй манзилида (худди шу манзилда “Автотест” инновацион автомактаби филиалларидан бири бўларди). Дилшод Шуҳратович Жўраев — Autodriver Study’нинг 100 фоизи эгаси. OrgInfo маълумотига кўра, Дилшод Шуҳратович Жўраевнинг Innodriver Study деган фирмаси ҳам бор (қизиқ жиҳат — 2017 йил октябрда очилган Autodriver’нинг э-мейли autodriver.study@mail.ru бўлса, 2017 йил ноябрда очилган Innodriver’ники innodriver.study@mail.ru).
Innodriver Study компаниясининг манзили сифатида Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 21-уй кўрсатилган. Масалан, Avtotest ва Avtotest 2.0 савдо белгиларининг эгаси ҳисобланган “Автотест Репорт” компанияси, шунингдек, бир вақтлар пойтахт туманлари учун алоҳида-алоҳида очилган (ва кейинчалик тугатилган) “Автотест” компаниялари ҳам худди шу манзилда жойлашган.
Ким билсин, балки ҳаммаси шунчаки тасодифлар, шунчаки ўхшашликлардир, деган Мухрим Аъзамхўжаев ўз материалида. Лекин биз бу жараённинг тасодиф эмаслигига ишончимиз комил.
Ошкора манфаатлар тўқнашуви
2017 йил 4 сентябрь куни «юридик шахсларнинг ҳайдовчилик малакасини ҳар икки йил қайта ошириш» бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 693-сон қарори қабул қилинганди.
Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган мазкур қарор билан «юридик шахсларнинг ҳайдовчилик малакасини ошириш ҳуқуқи» фақат «Автотест-Репорт» МЧЖга тегишли этиб белгиланганди. Бу ҳолат эса ўз навбатида бундай хизматларни кўрсатувчи субъектлар ўртасида рақобат мухитини шаклланиши ўрнига, аксинча, битта МЧЖнинг монополиясининг ўрнатилишига, рақобатчиларнинг бозордан сиқиб чиқарилишига йўл очиб берган.
Ўша вақтда фаол депутатлар Расул Кушрбаев ва Қодир Жўраевлар томонидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор қайта ўрганиб чиқилиши кераклигини кун тартибига қўйди ва 2018 йил 23 февралдаги ҳукумат қарори билан бу тартиб бекор бўлди.
Шу тариқа юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини малакасини ошириш билан 2018 йил 1 июндан бошлаб давлат таълим муассасалари, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши белгиланган эди.
Маълумот учун, очиқ энциклопедия ва ОАВ хабарларида «Автотест» инновацион авто мактаб асосчиси сифатида эътироф этилган Комил Алламжонов ўша даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати бошлиғи эди. Ҳозир ҳам турли ташрифларда Алламжоновнинг давлат расмий ташрифларида тез-тез суратларда кўриб турибмиз.