БМТнинг Глобал инновацион индекси эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг инновацион давлат деб топилди.
2025 йилги рейтингда дунё етакчиси Швейцария бўлиб қолмоқда, у 2011 йилдан бери рўйхатда лидерлик қилмоқда. Иккинчи ўринда Швеция, учинчи ўринда эса АҚШ жойлашган. Хитой ўнинчи ўринни эгаллаб, Германияни ўн биринчи ўринга сиқиб чиқарган. Ўнталикка Жанубий Корея, Сингапур, Буюк Британия, Финляндия, Нидерландия ва Дания ҳам кирган.
2024 йилдаёқ Хитойга барча халқаро патент аризаларининг тахминан тўртдан бир қисми тўғри келган. Бу бошқа ҳар қандай мамлакатга нисбатан юқори кўрсаткич. Таққослаш учун: АҚШ, Япония ва Германия биргаликда бундай аризаларнинг қарийб 40 фоизини таъминлаган, бироқ ҳар учала мамлакатда ҳам кўрсаткичлар пасайган.
Патентларга эгалик қилиш давлатнинг иқтисодий қудрати ва технологик салоҳиятининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади, дейилади хабарда.
Марказий Осиёдаги кўрсаткичлари
139 та давлат ичида минтақа мамлакатлари қуйидаги ўринларни қайд этган:
–Ўзбекистон 79-ўрин
–Қозоғистон 81-ўрин
–Қирғизистон 96-ўрин
–Тожикистон 108-ўрин
–Туркманистон рейтингга киритилмаган.
Глобал инновацион индекс ҳар йили сентябрь ойида эълон қилинади. У бир нечта кўрсаткичлар, жумладан, мамлакатларнинг инновацион салоҳияти, билим ва технологияларнинг ривожланиши, ишбилармонлик муҳити ва бошқалар асосида баҳолайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2024 йилда 132 та давлат орасида 83-ўринни қайд этган эди.