Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида йўловчи ва юк ташиш инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, саноат соҳасидаги янги лойиҳалар билан танишди.
Аэропорт ҳудудида 140 миллион долларлик инвестиция ҳисобига янги терминаллар қурилмоқда. 3 қаватли йўловчи терминали ишга тушиши билан хизмат кўрсатиш қуввати 2,5 баробарга ошиши, чегара назорати, виза хизмати, бизнес зали, савдо ва овқатланиш нуқталари, тиббиёт хонаси ҳамда Duty free дўконлари орқали йўловчилар учун барча қулайликлар яратилиши кутилмоқда. Янги имкониятлар миллионлаб сайёҳни қабул қилишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, қурилаётган юк терминали водийда ягона карго тизимини шакллантириб, кунига 50 тонна юкни қайта ишлаш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Бу маҳаллий тадбиркорлар учун жаҳон бозорларига ишончли йўл очади ҳамда минглаб янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Ташриф доирасида давлат раҳбари Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасида ҳам бўлди. Германия, Хитой ва Дания технологиялари асосида қурилган завод йилига 600 минг куб метр газоблок ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу маҳсулотлар энергия тежамкорлиги билан ажралиб, электр энергияси харажатларини 45 фоизгача камайтиради. Корхона 500 нафар ишчи билан фаолият юритмоқда.
Янги Наманган туманида эса “Тараққиёт” саноат ва сервис зонаси ташкил этилди. Бу ерда 113 та лойиҳа амалга оширилмоқда, 4 800 та янги иш ўрни яратилган. Замонавий инфратузилма, касб-ҳунарга ўқитиш имкониятлари ва кооперация асосидаги ҳамкорлик аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Президент автомобилларга хизмат кўрсатувчи марказлар ва маҳаллий мебеллар кўргазмаси билан ҳам танишди. Тадбиркорлар ва усталар билан мулоқот чоғида ҳудуддаги ишбилармонлик муҳити ва имкониятлар муҳокама қилинди.
Наманганда амалга оширилаётган йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари ҳудуднинг иқтисодий, туристик ва инвестициявий салоҳиятини янада ошириши, энг муҳими, аҳоли учун замонавий иш ва яшаш шароитларини яратиши кутилмоқда.