9 ойда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган 407 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди

17.09.2025 17:06

Ўзбекистонда 2024 йил декабрь ойида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун кучга киргандан буён 407 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда 16 сентябрь куни Олий Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов маълум қилди. 

Бурхоновнинг қайд этишича, манфаатлар тўқнашуви бўйича билим ва кўникмаларини баҳолаш учун 95 600 нафардан ортиқ давлат хизматчилари тест синовларидан ўтказилган, 85 581 нафар ходимлар манфаатлар тўқнашуви бўйича ўқитилган, 100 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилган.

Қонун кучга киргунига қадар 213 та ҳолатда яқин қариндошларнинг давлат хизматида бир-бирига бўйсуниб ишлаётгани, 1513 нафар ходимнинг давлат хизмати билан бир вақтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланиб, бартараф этиш чоралари кўрилган.

Шунингдек, 2677 та норматив ҳужжатлар лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 455 тасида 1013 та коррупциявий омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.

2024 йил давомида фуқаролик, оила, ахборот ва ахборотлаштириш, таълим, фан ҳамда маданият соҳаларидаги 692 та амалдаги қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, 68 та ҳужжатда 91 та коррупциявий омил аниқланган.

Бундан ташқари, сўнгги 6 йилда 791 нафар шахс давлат харидларини амалга оширишдаги ноқонуний ҳолатлар бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Жавобгарликка тортилганларнинг асосий қисми мактабгача ва мактаб таълими (149), соғлиқни сақлаш (116) соҳалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти (73) органлари ходимлари ҳисобланади.

Бурханов давлат харидлари соҳасида маъмурий жавобгарлик салмоғи ортиб бораётганини қайд этди. Xусусан, 2022 йил 662 та, 2023 йил 1376 та, 2024 йил 1334 та, 2025 йил 6 ойида 658 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган.

Таҳлилларга кўра, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларининг асосий қисмини харидлар тўғрисидаги қонунчиликка зид равишда тўғридан -тўғри шартномалар тузиш (298 млрд сўм), қиммат нархда қабул қилиш (152 млрд сўм), танлов ва тендер ўтказиш талабларини бузиш (145), харидлар тўғрисидаги маълумотларни порталга киритмаслик (18,8 млрд сўм), харид турини нотўғри танлаш (9,1 млрд сўм), шартномалар ва техник топшириқларни экспертизадан ўтказмаслик (1,4 млрд сўм) ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш (1,3 млрд сўм) каби ҳолатлар ташкил этмоқда.

«Масофавий аудит» автоматлашган ахборот тизими орқали бюджет интизомига оид 2,3 трлн сўмлик 112 мингта молиявий хато ва камчиликлар бартараф этилди, шундан 1,6 трлн сўмлик камчиликлар барвақт олди олинишига эришилди. 87 та ҳолатда 247 млрд сўмлик субсидия маблағларидан мақсадсиз фойдаланишга чек қўйилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар