Жозибали рекламалар, “бепул” акциялар ва арзон савдо моллари, буларнинг барчаси одамларни ўзига тортадиган жозибадор кучга эга. Аммо сўнгги пайтларда бундай акцияларнинг оқибати ҳақида жиддий бош қотиришга тўғри келмоқда. Негаки, текин товар ортидан юзага келаётган тартибсизликлар нафақат тартиб-интизомга путур етказмоқда, балки инсонларнинг хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Бу ўринда инсонлардаги ички маданият туйғуси алоҳида урғу бериладиган нуқта. Наҳотки, бир дона арзон ёки текин буюм учун биз ўзимизни шарманда қилишга ҳам тайёрмиз?
Бу каби ҳолатларга тармоқларда тарқалган бир неча мисолларни келтириб ўтсак. 2024 йил 6 январда Тошкентнинг Юнусобод туманидаги савдо дўконида 300 дона қишки палтонинг бепул тарқатилиши катта тартибсизликка олиб келган. Аҳолининг оммавий тўпланиши оқибатида дўкон раҳбари ва ишчилари жавобгарликка тортилган.
Яна бир мисол сифатида 2024 йил 1 июнда "Ашхобод" боғида 20 мингта бепул ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақидаги рекламани айтиш ўринли бўлади. Оқибатда боғ ҳудудида одамлар оммавий тўпланиб, тартибсиз вазият юзага келган. Бу ҳолат ҳам боғ раҳбариятининг жавобгарликка тортилиши билан якунланган.
2025 йил, 14 сентябрда эса Юнусобод туманида жойлашган дўконлардан бирида озуқавий қўшимчалар бепул тарқатилиши эълон қилинган. Мазкур эълон ҳам дарҳол кўпчиликни дўкон олдига йиққан.
Ушбу ҳолатларга мисоллар топиш муаммо эмас. Ижтимоий тармоқларда бу каби эълонлар ортидан келган тартибсизликни акс эттирган видеолар етарлича топилади.
Наҳотки, текин нарсага шунчалик ўчмиз?
Бу ҳолатларнинг такрорланиши жамиятдаги маълум бир муаммодан далолат беради. Афсуски, бизда текин нарсага интилиш шу қадар кучлики, бунинг оқибатида кўнгилсизликлар, тартибсизликлар ва хавфли вазиятлар юзага келиши саломатлигимиз хавф остида қолиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бу каби ҳолатлар нафақат кийим-кечак ва ўйинчоқларга, балки ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам тегишли.
2023 йилда аномал совуқ бўлганда текин ош тарқатилган жойларда ҳам худди шундай тартибсизликлар кузатилган эди. Энг ачинарлиси, бундай вазиятларда ҳақиқий муҳтожлар эмас, балки оломон ичидаги бадавлат инсонлар ҳам ош илинжида тўполон қилишган. Бу ҳолат жамиятда нафақат моддий, балки маънавий қашшоқлик муаммоси ҳам борлигини кўрсатади.
Ҳолатга чуқур назар ташлар эканмиз, бу муаммонинг илдизи фақат рекламалар билан чегараланиб қолмаслигини тушунамиз. Бу, энг аввало, жамиятимиздаги маънавият ва тартиб-интизомга бўлган эътиборнинг сусайганидан дарак беради. Текин нарсага ўчлик инсонларни ҳар қандай оқибатларни ўйламасдан ҳаракат қилишга ундайди.
Шу боис, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нафақат қонуний чораларни кучайтириш, балки аҳоли орасида маънавий тарғибот ишларини олиб бориш, инсонларга ўз қадрини англатиш жуда муҳим. Фақатгина юқори маданият ва тартиб-интизомга эътибор қаратиш орқали бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ва жамиятда барқарорликни таъминлаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги 360-сон қарори билан оммавий тадбирларда фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланган.
Шу боис, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун нафақат қонуний чораларни кучайтириш, балки аҳоли орасида маънавий тарғибот ишларини олиб бориш, инсонларга ўз қадрини англатиш жуда муҳим. Фақатгина юқори маданият ва тартиб-интизомга эътибор қаратиш орқали бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ва жамиятда барқарорликни таъминлаш мумкин.