Тошкент марказида яхши таъмирланган уч хонали хонадонларнинг ўртача нархи – 97 минг доллар. Бу ҳақда молиявий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Finder портали маълумотларида келтирилган.
Энг арзон уй қайси давлатда?
Буюк Британиянинг молиявий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Finder портали маълумотларига кўра, 2025 йилда шаҳар марказида жойлашган 59 квадрат метрли, 2 ётоқхона ва 1 залга эга 3 хонали апартаментнинг нархи 123 та давлат ўрганилганда ўртача 208,5 минг доллар бўлган.
Худди шу типдаги энг арзон уй Кубада ўртача қийматдан 9 баравар арзон бўлса, энг қиммати Сингапурда – ўртача нархлардан 6,5 баравар юқори.
123 та давлатга алоқадор маълумотлар асосида тузилган рейтингда Куба, Венесуэла, Покистон, Ливия ва Бангладеш бу каби апартамент нархлари бўйича энг арзон бешликда бўлса, Сингапур, Швейцария, Жанубий Корея, Люксембург ва Тайван энг қиммат уйлар сотиладиган бешликка киритилган. Ўзбекистон эса бу рўйхатнинг 84-ўрнида.
Шунингдек, рейтингдаги айрим давлатларда ўртача нархлар қуйидагича:
Россия – 193,5 минг доллар;
Туркия – 125,4 минг доллар;
Озарбойжон – 119,9 минг доллар;
Беларус – 111,8 минг доллар;
Грузия – 96,8 минг доллар;
Ўзбекистон – 96,8 минг доллар;
Қирғизистон – 84,5 минг доллар;
Қозоғистон – 76,3 минг доллар;
Тожикистон – 54,5 минг доллар.
Ойлик маош миқдоричи?
Уй нархлари келтирилган давлатларда аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи тахминан қуйидагича:
Россия – 1250 доллар;
Қозоғистон – 830 доллар;
Беларус – 819 доллар;
Грузия – 803 доллар;
Озарбойжон – 645 доллар;
Туркия – 575 доллар;
Қирғизистон – 522 доллар;
Ўзбекистон – 482 доллар;
Тожикистон – 288 доллар.
Бу рақамлардан келиб чиқиб, ушбу давлатлардаги ўртача даромадли аҳолининг 3 хонали апартамент уйга эришиш учун сарфлайдиган муддатини ҳисоблаш мумкин. Яъни ойлик ўртача даромад бошқа ҳеч нарсага сарфланмай, фақат уй учун йиғилган тақдирда:
Қозоғистонликлар – 7 йил-у 8 ойда;
Грузияликлар –10 йилда;
Беларусликлар – 11 йил-у 2 ойда;
Россияликлар – 12 йил 11 ойда;
Қирғизистонликлар – 13 йил-у 6 ойда;
Озарбойжонликлар – 15 йил-у 6 ойда;
Тожикистонликлар – 15 йил-у 9 ойда;
Ўзбекистонликлар 16 йил-у 9 ойда;
Туркияликлар – 18 йил-у 2 ойда ўз уйларига эга бўлишлари мумкин бўлар экан.