Ўзбекистонда 2025 йил август ойида автомобилларни сотиб олиш камайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилида келтирилган.
Маълумотларга кўра, август ойида енгил автомобиллар савдоси 90 минг донадан иборат бўлиб, июль ойига нисбатан 9,5 фоизга камайган. Энг катта пасайиш Тошкент вилоятида, шунингдек, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган.
Бирламчи автомобил бозори
Август ойида янги енгил автомобиллар сегментида сотувлар 2 фоизга пасайиб, 37,6 минг дона автомобилни ташкил этди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотув ҳажми 32,6 минг донани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,8 фоизга камайди. Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг сотуви эса 4,9 минг донани ташкил этди. Бу июль ойи кўрсаткичидан 9,4 фоиз кам.
Иккиламчи автомобил бозори
Август ойида иккиламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси 52,7 минг донани ташкил этди, бу эса олдинги ойга нисбатан 14,3 фоизга кам.
Электромобиллар сегменти
Иккиламчи бозорда 2,7 мингта электромобиль сотилди, бу июль ойи кўрсаткичидан атиги 0,6 фоиз юқори. Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ўсиш 4,6 баробар қайд этилди.
2025 йил июль ойида Ўзбекистон автомобил бозорида савдолар сезиларли даражада ошганди. Сотилган автотранспорт воситалари ҳажми 116,8 минг донани ташкил этиб, июнь ойига нисбатан 27 фоизга кўп бўлганди.