Sustainable Fitch (Барселона) “Ўзбектелеком” АКга ESG рейтингини 73 балл билан берди, бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу баҳо компаниянинг экологик ва ижтимоий омиллар бўйича фаолияти ҳамда корпоратив бошқарувдаги юқори профили учун берилди.
Жаҳон миқёсида бу эътироф “Ўзбектелеком” АКнинг илғор энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, экологияни асраш, бутун мамлакат учун ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириш ва корпоратив бошқарув ҳамда ҳисобот тизимларини такомиллаштиришдаги изчил ҳаракатларини кўрсатади (ESG):
Экология (E): энергия тежамкор ускуналарни жорий этиш ва тармоқларни модернизация қилиш; бизнес жараёнларни рақамлаштириш ва қоғоз ҳужжат айланишини қисқартириш; компаниянинг углерод изини камайтириш бўйича лойиҳалар.
Ижтимоий соҳа (S): чекка ҳудудларда алоқа имкониятини кенгайтириш, рақамли тафовутни қисқартириш; ходимлар учун таълим ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш; инклюзивлик ва тенг имкониятлар тамойилларини қўллаб-қувватлаш.
Бошқарув (G): шаффоф корпоратив бошқарув тизими ва мунтазам ҳисобот; халқаро назорат ва ҳисобдорлик стандартларини жорий этиш; компания, мижозлар ва ҳамкорлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш.
«Компания Ўзбекистонни рақамлаштиришда муҳим роль ўйнайди: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси амалга оширилишини қўллаб-қувватлайди ва минтақавий ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшади. “Ўзбектелеком” АК давлат иштирокидаги компания ҳисобланади. У миллий оптик толали инфратузилмани бошқаради, 286 583 км дан ортиқ оптик линияларга эга ва бутун Ўзбекистон бўйича 5G қамровини таъминлаган – бу эса МДҲда биринчи бўлиб 5G миллий даражада жорий этилганини англатади.
Биз “Ўзбектелеком” АЖнинг Ўзбекистонда мобил ва стационар тармоқларни ишга тушириш, хизматларни модернизация қилиш ва рақамли технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладик. Компаниянинг мис симлардан оптик толага ўтиши ижобий қадам деб баҳоланади: бугунги кунда (2025-йил ҳолатига кўра) кенг полосали тармоқнинг 85 фоизидан ортиғи оптик толага асосланган», — дейилади Sustainable Fitchнинг расмий баёнотида.
Юқори ESG рейтинги компанияга кенг имкониятлар яратади: халқаро инвесторлар ва ҳамкорлар ишончини мустаҳкамлаш, “яшил” ва барқарор молиявий воситалардан фойдаланиш, шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилган ҳиссасини эътироф этиш.
Бу юксак баҳо нафақат “Ўзбектелеком” АК, балки халқаро молиявий-ишбилармонлик муҳити учун ҳам муҳим кўрсаткичдир. У юртимизнинг глобал стандартларга мувофиқ барқарор келажакка интилаётганини ва Ўзбекистоннинг инвестициялар учун жозибадорлигини кўрсатади.
Маълумот учун: Sustainable Fitch – дунёдаги йирик рейтинг агентликларидан бири бўлган Fitch Ratingsнинг махсус бўлинмаси. У компанияларни уч йўналишда баҳолайди: Экология (E) – карбон чиқиндиларини бошқариш, энергиядан оқилона фойдаланиш ва ресурслардан самарали фойдаланиш; Ижтимоий соҳа (S) – ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон капиталини ривожлантириш; Бошқарув (G) – шаффофлик, ҳисобдорлик ва самарали менежментни таъминлаш.