Сунъий интеллект бизни охири қаерга олиб боради?

17.09.2025 05:56

Бугунги кунда энг «авжига чиққан» мавзулардан бири – сунъий интеллектдир. Технологиялар тинимсиз ривожланиб, одамларнинг оғирини ақл бовар қилмас ҳолда енгиллаштириб бораётган бир ҳолда, бунинг салбий томонлари ҳам кундан кунга ўзини намоён қилиб боряпти. СИнинг имкониятлари ортган сайин хавотирли саволлар ҳам кўпаймоқда: 
Сунъий интеллект одамлардан ишини тортиб олмайдими? У одамларни ўта дангаса қилиб қўймайдими? Фикрлаш қобилиятларини пасайтириб, дангаса мия синдромига йўлиқтириб қўймайдими? Ахир инсон бирор аъзосини маълум муддат ишлатмаса, унинг ўз вазифаларини тўлиқ бажариш имконияти камайиб борадику?

Соҳа олимлари СИнинг одамларни чалғитиши ва бунинг салбий оқибатларидан хавотир олишмоқда. Хусусан, медиа соҳасида тасвир устида ишлаш, монтаж қилиш, мухбирларнинг сунъий интеллект шакли яратилиши, шунингдек, вафот этган кишиларнинг овозлари ва ҳаракатлари сунъий интеллект ёрдамида тикланиши, суратларнинг ўзгартирилиши бир жиҳатдан фойдали ва таъсирчан бўлса, иккинчи томондан инсон омилини жамиятдан суриб чиқаради, кишиларни ёлғончи ҳислар билан алдайди.

Шунингдек, айнан медиа соҳаси мисолида оладиган бўлсак, айни авлод бўлажак журналистларида ҳам мия дангасалиги ва СИга ҳаддан ортиқ суяниб қолиш, асабийлик ҳолатларини келтириб чиқаряпти дейиш мумкин.

Сунъий интеллектнинг ёлғон маълумот бериш фоизлари ошиб боряпти

Статистик тадқиқотларга кўра, сўнгги вақтларда СИнинг нотўғри маълумот бериш фоизлари ошиб бормоқда. NewsGuard маълумотларидан маълум бўлишича, 2025 йилда чат-ботлар 35 фоиз ҳолда нотўғри маълумотларни такрорлаган. 2024 йилда, яъни бир йил аввал бу кўрсаткич 18 фоизни ташкил қилган. Бу хавотирли натижа, чунки одамларнинг жуда кўпчилиги СИга тўлиқ ишониш йўлига ўтган, СИ берган маълумотларни фактчекинг қилиш, яъни фактлар билан солиштириб текшириш жуда камчилик томонидан амалга оширилади.


Сунъий интеллектнинг шундай имкониятлари борки, улар инсон омилини борган сари четга чиқармоқда. Масалан, агар қўшиқ матни берилса ва керакли жанр танланса, СИ шунга қараб куй басталаб қўшиқ айтиб беради. Ҳозирда жаҳон тажрибасида СИ ёрдамида беморларга ташхислар қўйилиб, операциялар ўтказилаётгани янгилик эмас. У машиналарни бошқаради, сизнинг мулоқотингизга қараб тилни ўзлаштиради, ҳиссиёт бўлмаса-да, ҳамдардлик қилади, ҳазиллашади, ва ҳатто, дуо қилади. 
Албатта, сунъий интеллектда ҳиссиётлар йўқ, фақат маълум алгоритмлар асосида ишлайди, матнларни ўрганади, аммо бу вақтинча бўлиши мумкин. Чунки унинг ривожланиш даражаси ақл бовар қилмас даражада тез ўсиб бормоқда.


Бир неча йил аввал бир қанча IT гигантлар ChatGTP’нинг ишлаб чиқарувчиси бўлган Open Ai компаниясига очиқ хат йўллаб, ривожланишни бироз вақт тўхтатиб, келажакда қандай таҳдидлар борлиги, пайдо бўлаётган камчиликларни ўрганиб олишни сўрашган. Аммо, сунъий интеллектнинг ривожланишини тўхтатиб бўлмайди, у энди инсон омилисиз ўзидан ўзи ривожланиб бораверади.

Янги технологиялар анъанавий ахборот воситалари учун таҳдидми?

Шу йилнинг март ойида дунёда илк тўлиқ сунъий интеллект кўмагида Италиянинг тўрт саҳифалик “Il Foglio” газетаси яратилди. Бу ҳақда The Guardian хабар қилди. Газета бош муҳаррири Чераса сунъий интеллект ҳамма нарса учун, матнлар, сарлавҳалар, иқтибослар, хулосалар ва баъзида истеҳзоларни тайёрлаш учун ҳам фойдаланилганини, бу газетада  журналистларнинг роли сунъий интеллектга саволлар бериш ва жавобларни ўқиш билан чекланишини маълум қилган.


Бу тажриба бутун дунё бўйлаб ОАВда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича хавотирли саволлар юрган бир пайтда ўтказилди. Хўш, энди босма нашрлар ва журналистлар керак эмасми? Бу каби саволларга фақатгина келажак ва вақт жавоб бера олади. Технологияларнинг ҳаддан зиёд тез суръатларда ривожланаётгани, СИнинг тезкор салоҳиятидан ҳайратда қолмай илож йўқ. Аммо ҳарқалай, у инсон эмас ва баъзи соҳаларда инсон онгидан ўтиб кетганига қарамай, нима бўлганда ҳам инсон онгининг маҳсули.

СИнинг ёшлар онгига таъсири

Сунъий интеллектдан тинимсиз ва манқуртларча фойдаланиш инсон онгини заифлаштиради. Шу сабабли, ундан фойдаланиш имкони йўқ вақтларда ҳеч нарсани эплай олмаслик ва бунинг оқибатида асабийлашиш туфайли, руҳий ҳолатга ҳам таъсир қилади. Бунга қандай ечим топиш мумкин?
Аввало, сунъий интеллект воситаларидан қандай фойдаланишни ўргатиш керак. Масалан, олий ўқув юртларида махсус дарс соатлари ажратиш, мутахассисларни жалб қилиш, вазирлик ва идораларнинг матбуот хизмати ходимларини  махсус ўқитиш яхши ечим бўлиши мумкин. 


Хусусан, таълим соҳасида сунъий интеллектнинг ўрни ниҳоятда катта. СИ вақтни ўта даражада тежайди ва маълум мавзу бўйича энг сара маълумотларни тўплаб, солиштириб, саралаб беради. Ҳар қандай фанни сунъий интеллект ёрдамида ўрганиш мумкин. Ҳозирда юртимизда ҳам баъзи университет ва институтларда сунъий интеллект бўйича алоҳида йўналишлар ҳам очилаётгани диққатга сазовор. Хусусан, яқинда бутун дунёда сунъий интеллект соҳаси бўйича ном чиқарган мутахассис ва халқаро эксперт Максимилиан Гонтер юртимизда бўлиб, Аниқ ва ижтимоий фанлар университетида соҳа бўйича маъруза сўзлагани республика миқёсида аҳамиятга эга бўлган ва муҳим воқеа дейиш мумкин. Келгусида соҳадаги халқаро эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш анъанасини давом эттириш юртимизда ҳам аҳамиятли натижаларга эришиш ва фойдаланишда тўғри усулларни танлаш борасида зарурий чора деб ҳисоблаймиз.

Бугун сунъий интеллект ҳаётимиз, фаолиятимизга жадал кириб келмоқда. Ушбу замонавий технологиянинг қулайлиги, афзаллик томонлари жуда кўп. Ҳар бир соҳани ривожлантириш, дастурлар ишлаб чиқиш ва бошқа йўналишларда сунъий интеллект фаол кўмакчимизга айланмоқда. Хусусан, бу бўйича қонун қабул қилинди, суд жараёнларида СИдан ёрдамчи восита сифатида фойдаланиш синаб кўрилмоқда.


Муҳим жиҳати шундаки, қандай технология бўлмасин, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмаслиги лозим. Акс ҳолда, бу технологиялар асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсонга, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига путур етказиши, ҳуқуқларини бузиши мумкин.


Кўпчилик мутахассислар яқин келажакда сунъий интеллектнинг журналистлар ўрнини эгаллаши тўғрисидаги гапга шубҳа билан қарашади. Улар сунъий интеллектнинг оддий вазифаларни автоматлаштириш ва маълумотларни таҳлил қилиш учун қулай восита бўлиб хизмат қилаётгани, аммо ижодий ёндашув талаб қиладиган, танқидий фикрлаш ва бевосита инсон аралашиши лозим бўлган соҳаларда инсонларнинг сунъий интеллектдан устунлигини таъкидлашади. Нима бўлганда ҳам, у ўз номи билан сунъий интеллект, инсонга инсон онги, адолати, ҳис-туйғулари ҳамиша керак, аммо СИ кўп жиҳатдан инсонга жуда яхши ёрдамчи бўла олади, қачонки ўз ўрнида ва билим билан ишлатилса.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар