Мактабларда янги мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилмоқда: Унинг вазифалари нима?

15.09.2025 17:44



Ўтган ҳафта имзоланган Президент қарорига мувофиқ, мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинмоқда. Бугун, 15 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан қилаётган мулоқотда ушбу лавозимни эгаллайдиган шахснинг вазифаларига нималар кириши айтилди.

Маълум қилинишича, мактаб маслаҳатчилари 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиради.

Шу билан бирга, 9-синфни битириб, техникумга кирган ёшларга мактабга қайтиб келиш имконияти бор. Эндиликда 10-синфга ўтиб, мактабда ўқиш фикридан қайтган ёшлар ҳам таълимни техникумда давом эттириши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.

Давлат раҳбари техникумдаги муаллим ва усталарнинг малакасини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади.

Шу билан бирга, техникум директори ва ўринбосарларига мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган ойлик қилиб берилади. Агар улар “Директорлар мактаби”да менежерлик сертификатини олса, яна қўшимча 20 фоиз устама тўланади.

Эндиликда техникумларда ҳам олийгоҳлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади. Ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарга стажировкага юборилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар