Олий суд раисининг ҳайдовчиси автоҳалокатга учраган вақтда, унинг машинаси йўл патруль хизмати томонидан рўйхатга олинганмиди? “Қонун устуворлигини” таъминловчи давлат ташкилоти, ўзига келганда қонунни четлаб ўтмоқдами?
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Камиловнинг хизмат машинаси 2021 йилнинг 22 октябр санасида йўл-транспорт ҳодисасига учраган.
Уловда Козимжон Камиловнинг ҳайдовчиси бўлган. Матбуот хизмати ўша вақтда Rost24.uz сайтига ҳайдовчи жароҳатлангани ва касалхонада даволанаётгани, ҳақида маълумот берган эди. Лекин, сайтимиз бу ишни тегишли идоралардан сўраб кўрганда, Олий суд раисига тегишли давлат автомашинаси рақами автоҳалокатга учраган машиналар қаторида қайд этилмаганини билдирган. Жароҳат билан якунланган автоҳалокат йўл патруль хизматлари томонидан қайд этилиши керак эмасми, аслида? Олий суд раиси қонун қоидаларни четлаб ўтиши мумкинми? Rost24.uz мухбири ушбу вазиятни ойдинлаштириш учун Олий суд судъяларига савол билан юзланди.
Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов бу саволга қуйидагича жавоб берди:
“ГАИга хабар берилмади, деган иддаолар ўринсиз. Бугунги кунда бизда суриштирув органи ҳайдовчини ҳаракатларида бирон-бир ҳуқуқбузарлик мавжуд эмаслиги ҳақидаги қарори мавжуд. Ҳақиқатдан ҳам хабар берилган. Суриштирув олиб борилган. Ўша куни ўн яримда Олий суд раисини уйига ташлаб, ҳайдовчи қайтади. Орадан 15 минут ўтгандан кейин унинг олдидан йўлда ёш бола югуриб чиқиб қолган ва ҳайдовчи ундан қочаман, деб устунга бориб урилган. Ҳайдовчи тан жароҳати олди ҳақиқатдан ҳам, даволанди. Ҳозир ишда бемалол ишлаб юрибти. Мен сизга қарорни ҳам кўрсатишим мумкин”, дея сўзини якунлади судя.
Икром Муслимов юз берган автоҳалокат ҳақида тегишли идорага ҳабар берилганини ва бу бўйича қарорни бемалол кўрсата олишини таъкидлаган бўлсада, ҳозиргача Олий суд матбуот хизмати томонидан ҳеч қандай қарорни rost24.uz мухбирига тақдим этган эмас.
Журналистлар томонидан Олий суд ходимининг қонунбузарлиги юзасидан маълумот ва далиллари етарли бўлгач, давлат ходими жамоатчиликка айбсизлигини исботлаши шарт. Матбуотда давлат ходимининг қонунга бўйсунмаслиги юзасидан шубҳалар ораладими, давлат ходими ўз далилларини тақдим этиши керак. Акс ҳолда жамоатчиликда унга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Юқори мансабли шахслар, давлат идоралари ходимларининг қонунга бўйсунмаслиги фуқароларда ҳам қонунга нисбатан беписандликни уйғотади. Журналистлар эса давлат идоралари ходимларини назорат қилиши табиий ҳол ва бу уларнинг асосий вазифаси. Шундай экан rost24.uz сайти Олий суд раиси ҳайдовчисининг қонунни четлаб ўтмаганини исботловчи далилларни тақдим этишини сўраб қолади.
Зеро, биз Олий суд раиси “адолат”ни таъминлашни ўз идорасидан бошлашига ишонамиз.