Тошкент "Хавфсиз шаҳар" бўлмай қолди, ўғирлик кўпаймоқда — ИИБ эса чорасини топа олмаяпти

13.02.2022 12:02

ИИБ фақат эслатма-рекламалар тарқатиш билан шуғулланмоқда. Аслида эса ўғриларни топиши керак эмасми? Ўрнатилган кузатув камералари "хўжакўрсин" учунми?

"Хавфсиз шаҳар" концепциясининг ижроси фақат эслатма-рекламалар орқали таъминланмоқда.

Ишламайдиган кузатув камералари учун 1 миллиарддан зиёд маблағ ажратилган.

Ушбу қарор бажарилишини назорат қилиш АКТ вазирлигининг собиқ вазири Азим Ахмедхўжаев ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов зиммасига юкланган. Вазифа ижроси бажарилмаётган бир вақтда, амалдорлар нима дейди?..

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон) қарорига мувофиқ, шунингдек, "Хавфсиз шаҳар" лойиҳасини амалга ошириш борасида ягона технологик ёндашувни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг аниқ босқичларини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори қабул қилинган эди. 

Ушбу қарорга мувофиқ "хавфсиз шаҳар" тизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича янги концепция лойиҳаси 2017 йил 1 октябргача бўлган муддатда комплекс лойиҳани киритиш ва ўша йили 1 декабрда техник топшириқни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. 

Лекин ушбу қарор ижроси таъминланмаётганига сабаб нима? Мана орадан 4 йилдан зиёд вақт ўтди, ҳали-ҳануз эса ўрнатилган кузатув камералари ишламаётганидан аҳоли норози бўлиб мурожаат қилмоқда. 

Ушбу "хавфсиз шаҳар" лойиҳаси асосида биргина Тошкент шаҳри учун 1 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилган экан. Бу 1 миллиард доллар аслида ишламайдиган камераларни ўрнатиб қўйиш учун эдими?

Бугунги кунга келиб кўп қаватли уйларда ўрнатилган камералар ишламаётганидан аҳоли норози бўлиб мурожаат билан чиқишмоқда. Болалар аравачаси ва велосипедлари, яна кўплаб ўғирликлар юзасидан аризаларга ИИБ аҳамият бермаётганидан норози бўлишмоқда. Бу ўғриликлар қачонгача давом этади? Бугунги кунда майда бўлиб кўринаётган ушбу ўғрилик, кун келиб катта жиноятларни олиб келмаслигига ким кафолат беради? 

Агар ўрнатилган ушбу камералар ишлаганда эди...

Статистик маълумотларга қараганда, ўтган йил январь - сентябрь ойларининг ўзида 12484 та ўғрилик содир бўлган. Бу рақамлар ўтган йиллар ҳисобига 2 баробар кўпайгани айтилган. 

ХХI аср – "Замонавий ахборот технологиялари" даврида кўп қаватли уйларнинг йўлакларида (подъезд) ёпиштирилган “одамлар ўз мулкини ўзи асраши" ҳақидаги турли эслатмалар билан кифояланишмоқда. Майли, бу эслатма-рекламалар ҳам керак, лекин бу дегани ишлаб чиқилган қарор аҳамиятсиз дегани эмас-ку. Агар бу қарор аҳамиятсиз ёки умуман Ўзбекистон шароитида қилиб бўлмасдек бўлганда эди, ушбу қарор ишлаб чиқилмас эди. Қарор тасдиқланган, вазифалар юклатилган бир вақтда фуқароларда нима гуноҳ? Бу камералар ишлаши улар фарзандларининг хавфсизлиги учун ҳам зарур. 

Ушбу мавзудаги муаммолар бўйича Rost24.uz га келиб тушган кўплаб мурожаатларга асосан "Кўп қаватли уйлар олдига қўйилган кузатув камералари кўргазма вазифасини бажармоқдами?" номли махсус танқидий-таҳлилий лавҳа ҳам тайёрланган эди.

Мухбир бориб муаммони ўрганди, аҳолини ва масъул шахсларни эшитиб келди. Лекин ҳали-ҳануз натижа йўқ. Ушбу материал эълон қилингандан кейин билдикки, бу муаммо жуда кўплаб фуқароларнинг муаммоси экан. Бошқа фуқаролар ҳам ёзишди, мурожаат билан чиқишди. 

Масъул шахсларга яна бир марта юзланамиз. Бу муаммо қачон ўз ечимини топади. 2017 йил тасдиқланган қарор ижросини барча фуқаролар кутмоқда. Қайсидир масъуллар ишдан кетгани-ю яна бошқа-бошқа сабаблар сабаб бўла олармикан? 

"Хавфсиз шаҳар" концепцияси аҳолини хавф остида қолдирмаяптими..?

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
13.02.2022 20:43
Туппа тугри. Кузатув камералари булса, ишласа, анча хавф хатарни олдини олади. Чет давлатларда хам кузатув камералари ишлагани учунгина тартиб бор. Жазо мукаррарлиги тугрисида тушунча бор. Ишлатишсин. Шунча давлат пули кетгандан кейин...