Кўп қаватли уйлар олдига қўйилган кузатув камералари кўргазма вазифасини бажармоқдами?

27.12.2021 11:10

Аҳоли хавфсизлиги учун ўрнатилган бу кузатув камераларига ким жавоб беради?

Rost24.uz сайтига Чилонзор тумани Зарқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан, худди шу муаммода мурожаат келиб тушган. Майда ўғриликлар содир бўлаётган ушбу маҳалла фуқаролари мавжуд камералар ишламаётганидан норози.

Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бинолар атрофида кузатув камералари қўйилиши бу мақсадли тизим ҳисобланади. Бу тизимни бизнинг юртимизда ҳам ишлаётганлиги кўзни қувонтиради. Лекин ушбу кузатув камералари кўргазма вазифасини бажариб қўймаяптими? Аҳолига бу камералар хизмат қилмоқдами?

Ушбу муаммо билан Rost24.uz сайтига мурожаат келиб тушди. Мурожаатни воқеа жойига бориб мухбиримиз ўрганди.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Зарқўрғон маҳалласида истиқомат қилаётган аҳоли ўрнатилган камералар ишламаётганлигидан норози. Маҳалла ҳудудида жуда кўп майда ўғирликлар содир бўлаётганлиги туфайли аҳоли маҳалла нозирларига мурожаат қилганда "Камерани кўргазма учун қўйиб қўйишган, бу ишламайди", – деб жавоб беришган. Буюмлари йўқолган фуқаролар ушбу воқеалар бўйича тўлиқ маълумот беришди.

Фуқаро Нафиса Суярова шундай дейди:

"Биз Чилонзор 16-кварталда яшаймиз. Уйимизни олдидаги камералар ишламайди. Бу бўйича кўп жойларга мурожаат қилдик. "Участкавой"га чиқдик, "ЖЕК"га мурожаат қилдик. Маҳалла ходимларининг кўпига айтдик, лекин натижа йўқ. Ҳали ҳам ишламайди. Жуда кўп ўғирликлар бўляпти. Ўзим биринчи қаватда тураман, ҳовлимдаги нарвон, болалар аравачаси йўқолди. Куни кеча қўшнимнинг 2-синф қизини қулоғидаги зирагини ечиб кетибди. Мана шу уйимизни олдида бўлган воқеалар булар ҳаммаси. Кимга мурожаат қилишимз керак? 

2 йилдан бери аҳвол мана шундай. Бу камералар кимга тегишли эканлигини маҳаллада ишлайдиганлар ҳам билмас экан. Биз кимга мурожаат қилишимиз керак? Кеча шу қизни қулоғидан зирагини ечиб, ўғирлаб кетишгандан кейингина биз сизларга мурожаат қилдик. Бундан катта нарсалар бўлмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз".

Зирагини қулоғидан ечиб олиб кетган қизнинг онаси қизи бу вақтда жуда ҳам қўрққанлигини, ўша заҳотиёқ маҳаллага чиқиб бу ҳолатни айтиб, камераларни кўрсатишларини айтган экан. Лекин ушбу камералар ишламайди, шунчаки турибди деган жавобларни эшитган. Бу ўғрилик бўйича албатта, Ички ишлар ходимлари кераклича ишларни амалга ошириб, ишни кўриб чиқиб тергов уюштиради. Бизнинг олиб чиқаётган муаммомиз бу - ишламаётган камералар.

Бу бир маҳалладаги ҳолат. Лекин бундай маҳаллалар кўп бўлиши ҳам мумкин. Ўрнатилган, аммо ишламаётган камераларга кимдир жавоб бериш керак.

Зарқўрғон маҳалласи Ички ишлар ходимларига бу ҳолат бўйича жавоб олишга борганимизда, бошлиғи хонасида йўқ экан. Оғзаки жавоб оламиз деб телефон қилсак, телефонини кўтармади. Кейинроқ янги кирган бир ходими келди ва "бу бўйича биз ҳам юқорига ҳужжат қилганмиз. Ишласа бизга ҳам яхши" дея қисқа жавоб берди. Бошлиғини рухсатисиз улар интервью бера олмаслигини айтиб гапини тугатди.

Ўрганганимизда шу нарса аниқ бўлдики, улар аҳолига умуман бошқа гапни, бизга бошқа гапни айтишди. Бу муаммони юқори ташкилотларга ҳужжат билан олиб чиққанмиз, агар бу муаммо бартараф этилса бизга ҳам яхши деган гапларни айтиб ўтган маҳалла ходимлари ростдан ҳам шундай қилганми? Бу тизимда ким бир бирини алдамоқда? Аҳолига бошқа гап, журналистлар борса бошқа гап билан жавоб бераётганларми, ёки ҳақиқатдан ҳам юқоридаги ташкилотми..?

Бу кузатув камераларининг доимий ишлашига ким жавоб беради? 

Катта шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун бу камералар зарур эмасми?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар