Тошкент вилояти, Паркент тумани, “Истиқбол” МФЙдаги “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди 2018 йил 28 сентябрда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали “U.Q.B” МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун сотилган.
Аниқланишича, мазкур археология ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объэктлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатига киритилган. Давлат мулки ҳисобланган ушбу объект Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Ушбу археология иншоотини “U.Q.B” МЧЖ раҳбарлари 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда тадбиркор “U.P.M” МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Мазкур цех учун хом-ашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини “U.Q.B” МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда, бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.
Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатдан хабар топган Тошкент вилояти моддий маданий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган. Шунга қарамасдан, МЧЖ масъуллари ўзларини фаолиятини давом эттириб келган.
Ўрганишлар давомида олинган дастлабки маълумотларга кўра, “U.P.M.” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан “Тепа (Култепа)” археология ёдгорлиги худудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объектига 1,5 трлн. сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш aгентлик томонидан тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада, 2021 йил декабр ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан “U.P.M.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми “А” банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани тўғрисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.
Лекин ушбу ишнинг бошида турган Паркент туман ҳокимлигига нисбатан нима учун ҳеч қандай чора кўрилмаяпти? Собиқ ҳоким қонунга зид равишда ерни сотмаганда, тадбиркор ҳам бу ерни қўлга киритолмас ва ёдгорликка зарар етмасмиди? Тадбиркорни жазолаётган қонун, Паркент тумани собиқ ҳокими Н. Мухаммедовга келганда кучсизми? Археологик объектларни бемалол аукционга қўйиш мумкин эканда? Бундай ҳолатлар фақат сотилгандан ва йўқ қилингандан кейингина аниқланадими? Нега вақтида тўхтатиш чоралари кўрилмаган. Бу саволларга мутасаддилар жўяли жавоб бера олади деган умиддамиз. Бу моддий маданий меросимиз сотилиши билан боғлиқ биринчи холат эмас.
Сайтимизда миллий моддий маданий мерос объектларини сотилишига оид бир қатор материаллар эълон қилинган.
Маданий мерос сифатида рўйхатга олинган ДХХ собиқ биносининг сотилиши қонунга хилоф
Геология музейи сотилмайди. Rost24.uz сайти халқ мулкини сотилишидан сақлаб қолди
Абдулазиз Комиловнинг ўғли учун ноқонуний ишлар қонунийлаштирилди