Rost24.uz ахборот сайти таҳририяти Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан бошланғич баҳоси 1 сўм нархда оммавий савдога қўйилган собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг бош қароргоҳи юзасидан журналистик суриштирув ўтказди.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган МХХнинг собиқ бош қароргоҳи Ўзбекистоннинг моддий маданий мероси объектлари рўйхатига киритилгани аниқланди.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь санасидаги 846-сонли қарорига кўра, Давлат хавфсизлик хизматига тегишли бўлган “Марказий бино” архитектура ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган ҳамда ушбу қарорда мазкур бино бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли унга гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмаслиги қайд этиб ўтилган.
Маълумки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, давлатга тегишли бўлган моддий маданий меросни сотувга қўйиш қонун билан тақиқланган.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.
Бироқ, қонунчиликдаги тақиқларга қарамасдан Давлат активларини бошқариш агентлиги 2021 йил 11 апрель куни ушбу бинони очиқ савдога қўйганини маълум қилган. "Марказий бино"дан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-хордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилишини талаб сифатида кўрсатган.
Сайтимизда бинонинг айни пайтдаги ташқи кўриниши ҳақида эълон қилинган фоторепортажга ижтимоий тармоқлар орқали ўқувчилар томонидан кўплаб мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Жумладан, ёзувчи Набижон Боқий “Қатлнома” асарини яратишдан аввал НКВД ҳужжатларини айнан шу бинода ўрганганини, мазкур бино қурилиши ўзига яраша тарихга эга эканини айтади.
Тарихчи, журналист Шарофиддин Тўлаганов эса “Марказий бино”нинг тарихийлиги ва ўзига ҳос қурилиш архитектурасини инобатга олган ҳолда уни “Тарих музейи”га айлантириш таклифини киритган.
Мутасаддилардан бу борада изоҳ кутамиз.