Президент айтган “Янги куч” Юнусободдан кетди

24.01.2022 13:05

2021 йилда Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланган Жаҳонгир Иброҳимов бир йил ўтиб ишдан кетди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Бунгача у 2017—2020 йилларда Сирдарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, 2020 йил 25 августдан Тошкент шаҳри Бектемир туманини бошқарган Жаҳонгир Иброҳимов 2021 йил январида Раҳмонбек Усмонов ўрнига Юнусобод тумани раҳбари этиб тайинланганди.

2021 йил 15 январ куни  Юнусобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев туманнинг янги ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов ҳақида кўплаб яхши гапларни ва унга ишонч билдиришини айтиб, уни “Янги куч” сифатида баҳолаган эди.

«Ҳоким „раскладушка“ билан келди районга. У ҳокимиятда ётмайди, балки сектор маҳалласида бориб ётади. Бектемирда тўрт ой ҳоким бўлиб ишлади. Бу „репетиция“ эди. Энди мана шу 352 минг аҳолиси бор районнинг ҳокими. Жаҳонгир Иброҳимовни мен Сирдарёда ҳам синаб келганман. Тажрибаси бор. Тошкентнинг иссиқ сувларини, коттежларини, дўконларини, фаровон кўчалари, нурли чироқларининг қадрига етади», деган эди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, Президент Иброҳимовга агар ҳокимликни эплай олмаса, ишдан кетиши ҳақида ҳам қаттиқ огоҳлантириш берганди. Хусусан, «Мен Иброҳимовга ё Юнусобод бўйича ишларни бажарасан, ё ишончни оқламайсан, дедим. Шунинг учун у «раскладушка» билан келди раёнга. «Раскладушка»ни олиб ҳокимиятда ётмайди, сектор маҳалласида жамоаси билан бориб ётади. Маҳалланинг «ҳиди» ёқмаса, кетади. Менга маҳалланинг «ҳиди» ёқади. Маҳалланинг «ҳиди» — халқнинг овози», дея таъкидлаганди Президент. 

Аммо шу йилнинг 16 сентябрь куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев биринчи ярим йилликда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтиришга йўл қўйганликлари учун Меҳнат кодексининг 181-моддасига асосан Мирзо Улуғбек тумани ҳокими,  Янгиҳаёт тумани ҳокими, шунингдек, Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимовга хайфсан эълон қилган эди.

У Бектемир тумани ҳокими бўлиб ишлаётган, пандемия Ўзбекистонда авж нуқтага чиқиб, барчага “уйда қолиш” тавсия этилган бир пайтда “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида оммавий юриш ташкиллаштириб жамоатчилик эьтирозига сабаб бўлган эди.

Оммавий юришда Бектемир туманида истиқомат қилувчи қарийб 500 нафар аҳоли иштирок этган.

Айрим таҳминларга кўра, Юнусободдаги дўконлар бузилиши ортидан ҳоким Жаҳонгир Иброҳимов ишдан олинган.

Маълумот ўрнида: Иброҳимов Жаҳонгир Баҳодирович 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 2006 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
25.01.2022 00:34
Раён деган сўз борми?